III Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивали

0
117
марта кўрилган.

Озарбайжонда бўлиб ўтаётган III Турк дунёси адабиёт ва китоб фестивали доирасида 25 май куни Ўзбекистон куни бўлди.

Эрталаб 9.00 дан кечгача Озарбайжон фанлар академияси боғидаги катта мониторда Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турди. Тадбирлар соат 11.00 да Ўзбекистон мадҳияси билан бошланди. Режага кўра кун давомида турли тадбирлар, мусиқий лаҳзалар, Озарбайжон этнографик ансамбллари чиқишлари, мушоиралар бўлди.

Асосий тадбирлар Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китобининг тақдимоти, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираси ва Шоира Шамснинг «Кўзларингдаги баҳор» китоби тақдимотлари бўлди. Шоира Шамс ўз ғазалларидан ўқиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Китобсевар кишилар «Кўзларингдаги баҳор» китобини шоира дастхати билан олдилар.

Кун давомида ҳаммамизга машҳур «Ўзбек келаётир тарих қаъридан» шеърининг муаллифи Акиф Бағир чиқишлари ҳам ҳаммани ҳаяжонга солди. Ҳозир эса Акиф Бағирнинг «Ўзбек келаётир тарих қаъридан» шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Шоира Шамснинг Озарбайжондан Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлимига йўллаган тафсилотларидан.

Акиф Бағир: Ўзбек келаётир тарих қаъридан

Ўзбек келаётир тарих қаъридан…

Яна хаёл узра ташбеҳлар хил-хил,
Бир пайғом васлига талпинар дадил.
Илҳом парисининг хушхабаридан
Сархуш сандувочдай яйрамоқда дил –
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Асраб наърасини, янгроқ сасини –
Қадим Хоразмнинг хазинасини,
Икки ярим, уч минг йиллар наридан
Опичлаб Авесто дафинасини,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Бир қанот – Алпомиш, бир қанот – Широқ,
Бир ён – Алп Эр Тунга, енгилмас тупроқ.
Ўт олиб мангулик самандаридан,
Тўмарислар қалбин ёритган чироқ –
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Даҳосининг сонсиз меваси билан,
Самарқанд, Бухоро, Хиваси билан,
Қанча тош битикнинг ўйиқ бағридан,
Шошга тенгдош бўлган шеваси билан,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Азалдан заковат нурига ёлчиб,
Зулматларга ирфон ёғдусин сочиб,
Туриб, туну куннинг туташ еридан,
Не-не сайёралар, қитъалар очиб,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Чиқариб нурафшон йўлга карвонин,
Бошига кўтариб тенгсиз сарбонин,
Куч олиб истиқлол зафарларидан,
Яна юлдузларга тақаб нарвонин,
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Йўл бўшат, дилларда музлаган армон!
Йўл бўшат, менсимай хор қилган нодон!
Яна минг йилликнинг тонготаридан,
Йўл бўшат, замона! Йўл бўшат, жаҳон! –
Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.