Мамлакатимиздаги жамоат транспорти хизматлари қанчалик қулай?

0
554
марта кўрилган.

Республикамизда жамоат транспорти хизматларидан фойдаланиш қанчалик қулай, бекатларнинг, жамоат транспортларининг аҳволи қандай, ногирон, қария ва ёш болали аёллар учун имкониятлар яратилганми, бу хизматлар сифатини ошириш учун нималар қилиш керак ва нималар қилинаяпти?

Жаҳон тажрибасини қиёсий ўрганганда кўп нарса аён бўлади. Дунёнинг ривожланган давлатларидан бири – АҚШ тажрибасига назар солсак, жамоат транспортлари хизмат соҳасида бир қанча устунликларга эга эканлигини кўриш мумкин.

Энг аввало, АҚШда йўловчилар қатнови тиғиз пайтда йўналишларга кўпроқ транспорт воситалари чиқарилади. Масалан, эрталаб ва кечқурун ишга бориш ва қайтиш вақтида метро поездлари серқатнов бўлади.

Бизда ҳам турли йўналишлар бўйича йўловчилар оқимини ва аҳоли эҳтиёжларини мунтазам ўрганиш ва шунинг асносида белгиланган йўналишларга транспорт воситаларини чиқариш, зарурат бўлса, қўшимча йўналишлар очиб транспорт хизматини замонавийлик даражасига олиб чиқиш зарур.

Бугун АҚШда  7700 дан ортиқ ташкилотлар жамоат транспорт хизматини кўрсатади. 2015 йил кўрсаткичларига кўра, жами 183,601 та турли автобус ва ер ости ва ер усти метро поездлари хизмати йўлга қўйилган.

Энг асосийси  бекатлар ва жамоат транспортлари аҳолининг турли гуруҳларига мос равишда махсус техник мослашув воситалари билан жиҳозланган. Мисол учун, ногиронлар ва ёш болалар аравачасини автобус ва ер ости бекатларига олиб кириш ва олиб чиқишда қийинчиликлар туғилмаслиги учун автобуслар махсус кўтарма пандус- кўприкчалар билан жиҳозланган, метро бекатларида эса ёшлар учун эскалатор хизмат кўрсатса, кексалар, ногиронлар ва боласини аравачада олиб юрадиган аёллар учун лифтлар қурилган.

 Бугун биргина Нью-Йорк шаҳрида бир кунда жамоат транспортидан фойдаланувчи йўловчиларнинг 11,2 фоизи ногирон кишилар саналади. Ўзбекистонда эса 650 мингдан зиёд турли даражадаги ногиронлиги бўлган кишилар рўйхатга олинган. Лекин, республикамиздаги жамоат транспортлари ва бекатлари  турли гуруҳдаги кишиларга транспорт воситаларидан бемалол фойдаланиш имконини берувчи жаҳон стандартларга мос махсус имкониятлар билан таъминланмаган.

Яна бир жиҳати ­­­АҚШда кўпгина автобуслар, бекатлар кўриш ва эшитиш имконияти чекланган йўловчиларга ҳар бир бекат номини автоматик тарзда айтиб ва кўрсатиб турувчи ёруғ ёзувлар, овозли техник воситалар билан жиҳозланган.

Ҳатто, йўллар, пиёдалар йўлакчаси ва бошқа турли ўтиш жойлари ҳам ногиронлар ва ёш болалар аравачасига мослаштирилган ҳолда зиналарсиз, текис қурилган бўлиб, уларнинг йўл-транспорт воситаларидан бемалол фойдаланишига имкониятлар яратилган.

АҚШда жамоат транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасидаги яна бир қулай имконияти шуки, кўпгина метро ва автобус бекатлари бепул Wi-Fi интернет хизматлари билан таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 10-январда «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. Қарорга асосаланиб, 2017-2021-йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури ҳам эълон қилинди.

Дастурга кўра, 2017-2021-йилларда 303 та янги йўловчи ташиш йўналиши, улардан 240 тасини (79,2 фоизи) шаҳар атрофида ва қишлоқлардан ўтадиган шаҳарлараро йўналишларда очиш назарда тутилган. Янги йўналишлар очиш билан биргаликда, асосан автобуслар етишмаслиги туфайли қатнов тўхтатилган йўналишлар тикланиши ҳам таъкидланган.  

Келгуси 5-йилда 8,6 мингта йўловчи ташиш автомобили, шу жумладан, 5,7 мингта умумий фойдаланишга қулай микроавтобус сотиб олиниши режалаштирилган. Автобуслар ва микроавтобусларнинг ишини онлайн режимида (ГПС) мунтазам тарзда масофадан кузатиб боришни, шунингдек, йўлкирани нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий этиш назарда тутилган. Бу чора-тадбирлар қувонарли, шак-шубҳасиз, транспорт инфратузилмаси сифатини яхшилайди.

Лекин, автотранспорт хизматларини кўрсатиш тизимида юқорида келтирилган жаҳон тажрибасига асосланган жиҳатлар ҳам йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, бугунги кунда пойтахтимизда метро қурилиши бўйича 3 та лойиҳа, яъни Сергели, Яшнобод ер усти халқа метро йўллари ҳамда Юнусобод ер ости метро қурилиши амалга оширилмоқда. Ишонамизки, бунёдкорлик жараёнида ушбу қулайликлар ҳам эътиборга олинади.

Дастурда белгиланган хизматга қўйиладиган янги автобус, микроавтобус, поезд ва бекатлар замонавий техник қулайликлар билан таъминланланади. Бу эса ўз навбатида аҳолининг оғирини енгил қилади, айниқса, ёш болали аёллар, қария ва ногиронларнинг фаол ва мустақил ҳаёт кечиришига, умуман ижтимоий ҳаётини яхшилашга муносиб ҳисса қўшади.

 Ойдин Садуллаева,

АҚШдан  махсус тайёрлади.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.