Жанубий Кореянинг Квангжу шаҳридаги «Volgok» бошланғич мактаби 4-синф ўқувчиси ёш ватандошимиз Зиннура Каримова Сеулда бўлиб ўтган 12-Миллий икки тилда нотиқлик мусобақасида олий мукофотни қўлга киритди.
Ушбу муваффақият йўлида қатор синовлардан ўтган Зиннура дастлаб ўз мактабида, ички саралашда олтин, кейинчалик шаҳар таълим департаменти томонидан ташкил этилган ҳудудий босқичда кумуш медаль билан тақдирланди ва республика турнирига йўлланма олди.
Тайёргарлик жараёнида ҳамюртимиз ҳар куни бир неча соат ўзбек ва корейс тилларида нутқ машқи билан шуғулланди. Бу нафақат унинг тиллар бўйича билимини оширди, балки саҳнада ишонч билан чиқиш қилишига ҳам ёрдам берди. Зиннура ўзи ёзган «Ёсуга мароқли саёҳат» мавзусидаги ҳикоясини ўзбек ва корейс тилларида сўзлаб бериб, ҳайъат аъзолари эътирофига сазовор бўлди.
Дарвоқе, мусобақада 52 нафар турли маданиятларга мансуб ўқувчилар қатнашди. Улар 16 тилда ўз ҳикояларини тақдим этди. Қайд этиш жоиз, 10 ёшли Зиннуранинг опаси Лазиза Каримова 2023 йил ушбу танловда муваффақиятли иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган. Ўшанда Лазиза ўз нутқини халқаро менежмент ва таржимонлик соҳаларида ривожлантириш ниятини билдирган ва дунё миқёсидаги коммуникациянинг муҳимлигини таъкидлаган. Лазизанинг натижаси нафақат шахсий ютуқ, балки тарихий аҳамиятга эга бўлиб, у мазкур танловда тилимизда чиқиш қилган биринчи ўзбек қизидир.
Зиннура ва Лазиза Каримованинг ғалабалари Квангжу шаҳри ва Чолланам-до провинцияси тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилди. Шунинг билан бирга қизларимиз нафақат ўз номи, балки ўзбек маданиятини ҳам халқаро майдонда намойиш этдилар.
Ўзбекистонлик опа-сингилларнинг ютуғи интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқ орқали ҳам кенг ёритилди.
Г.Сатторова, ЎзА