Лондонда сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди​

0
171
марта кўрилган.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида икки мамлакат сайёҳлик операторлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Британия мустақил туроператорлар ассоциацияси (AITO), Британия сайёҳлик агентликлари уюшмаси (AВTА) ва бу соҳада фаолият кўрсатадиган қатор компанияларнинг вакиллари қатнашдилар. Шунингдек, видеоконференция алоқаси воситасида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари, сайёҳлик операторлари, “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари ҳам иштирок этдилар. Улар британиялик қатнашчиларни ҳар бир минтақанинг сайёҳлик имкониятлари, ўзига хосликлари ва саёҳат пакетлари билан таништиришгани баробарида ўзаро ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифларини баён этдилар.

Давра суҳбатида сайёҳлик индустрияси учун шароитларни яхшилаш, шу жумладан, виза режимини соддалаштириш, инфратузилмани модернизациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама этилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида Буюк Британияда бўлиб турган Ислом цивилизацияси марказининг директори Шоазим Миноваров мамлакатимизнинг зиёрат сайёҳлиги борасидаги имкониятларини тақдим этди. Ўзбекистондаги ислом цивилизациясининг бой маданий-тарихий мероси, меъморий ёдгорликлар, ўлкамиз музейларида сақланаётган ноёб қўлёзма ва осори-атиқалар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Британия мустақил туроператорлар ассоциацияси (AITO) бошқарувчи директори Кейт Кенворд мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига юқори баҳо берар экан, Ўзбекистон британиялик саёҳатчилар учун тобора оммабоп йўналиш бўлиб бораётганини айтди. Ўзи фаолият кўрсатаётган туроператорлар ассоциацияси ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилар экан, Ўзбекистоннинг турли минтақаларини қамраб олган сайёҳлик пакетлари ҳақидаги мунтазам ахборот алмашувини йўлга қўйишни таклиф этди.

Британиянинг “TransIndus” сайёҳлик компанияси менежери Эйдан Макфан республикамиз ноёб табиий шароитга эга эканлиги ҳақида тўхталиб, экосайёҳликни ривожлантириш имкониятлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди. Унинг айтишича, британиялик сайёҳлар Ўзбекистоннинг нафақат кўҳна тарихи ва маданияти, балки ажойиб табиий манзаралари билан ҳам ошно бўлишни исташади.

“El Sawy” сайёҳлик компанияси директори Принц Эл-Сави ўзбеклар заминида жойлашган ва мусулмон дунёсида алоҳида ўрин тутадиган, турли мамлакатларнинг зиёратчиларини ўзига тортиб турадиган муқаддас қадамжоларга катта қизиқиш билдирди. У Буюк Британиядан зиёрат сайёҳлигини ташкил этиш юзасидан ўзбек касбдошлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини айтди. “Бу борада икки мамлакат минтақалари ўртасида чартер авиақатновларини йўлга қўйиш имконияти ҳам йўқ эмас”, деди у.

“Mantis Collection Ltd” туркомпаниясининг вакили эса Ўзбекистонга бораётган сайёҳлар сони тобора ортиб бораётганини эътироф этар экан, хориж сармояси ҳамда етакчи брендларни жалб этган ҳолда Бухорода меҳмонхона мажмуини қуриш лойиҳасига қизиқиш билдирди.

Мухтасар қилиб айтганда, давра суҳбати қатнашчилари видеоконференция алоқаси воситасида ўтган ушбу тадбир Ўзбекистон ва Буюк Британия сайёҳлик операторлари ўртасида мулоқотни давом эттириш юзасидан муштарак қизиқишнинг мавжуд эканлигини намоён қилганини айтдилар. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри алоқанинг таъминланиши учун Facebook тармоғида алоҳида канални ташкил этиш ҳам таклиф қилинди. Шунингдек, шериклар билан В2В шаклидаги музокараларни ўтказиш учун Ўзбекистонга, унинг турли минтақаларига танишув сафарларини ташкил этиш ғояси ҳам тадбирнинг британиялик қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Манба: “Жаҳон” ахборот агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.