Машҳур аёллар:Янги Зеландиянинг собиқ бош вазири Жасинда Ардерн

0
149
марта кўрилган.

Янги Зеландиянинг собиқ бош вазири Жасинда Ардерн янги муддатга сайланиш у ёқда турсин, энди ўз вазифаларини бажаришга ҳам кучи етмаслигини шу йил 19 январда эълон қилди. Ардерн чарчаганини ва бу чарчоқ мамлакатга хизмат қилиш учун ҳалал бераётганини билдирди. Бош вазир ўзининг беш ярим йиллик бошқаруви давомида мамлакат етакчиси миллий манфаатлар йўлида раҳм-шафқат ва ҳамдардлик тамойилларига амал қилиши, шу билан бирга энг муҳим, мураккаб қарорлар қабул қилиши мумкинлигини ўз мисолида кўрсата олди. Янги Зеландия COVID-19 пандемияси пайтида ўзининг қаттиқ карантин чоралари билан дунёга машҳур бўлди. 

 Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн 19 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида нима учун истеъфога чиқмоқчи эканлигини шундай сўзлар билан изоҳлади: Мен кетяпман, чунки бу имтиёзли лавозим масъулият билан бирга келади. Бу масъулият қачон мамлакатни бошқариш учун муносиб номзод бўла олишингиз ва қачон бўла олмаслигингизни англашни ҳам билдиради.

Ардерн келгуси уч йиллик муддат учун куч топишга роса урингани, аммо куч топа олмагани ҳақида гапираётиб, овози титраб кетди. Ардерннинг истеъфоси 25 январь куни расмийлаштирилди.Шу куни мамлакатда ҳукмрон Лейбористлар партияси Крис Хипкинсни янги бош вазир этиб сайлади. Журналистлар «жасиндамания» даври тугаганини эълон қилишди.

Бу давр 2017 йил август ойида бошланган эди. Парламент сайловларига бир ярим ой қолганда Лейбористлар партиясининг рейтинги унинг етакчиси Эндрю Литтлнинг етарлича машҳур эмаслиги туфайли тушиб кетаётган эди. У истеъфога чиқди ва партияни 37 ёшли Ардерн бошқара бошлади. Биринчи ҳафтада у партия рейтингини тўққиз фоизга кўтариб, 33 фоизга етказди.

Сайловда Ардерн консерватив Миллий партиядан сайланган амалдаги бош вазир Билл Инглиш билан кураш олиб бориши керак эди. Сиёсатшунослар лейбористларнинг мағлубиятини башорат қилар, Инглишнинг ўзи эса машҳурликка эришаётган рақибаси ҳақида менсимай гапирарди. Охир-оқибат лейбористлар бу сайловларда тўлақонли ғалабага эриша олмаган бўлса-да, бироқ Ардерннинг шарофати билан қўшимча овозларга эга бўлди, бу эса партияни парламентда кўпроқ ўрин билан таъминлади ва коалиция тузишга ёрдам берди. Ардерн коалицион ҳукумат раҳбарига айланди. 

Янги Зеландия бошқарувидаги иккинчи йили Ардерн биринчи марта халқаро юлдузга айланди. Давлат арбоби сифатида эмас, балки меҳнатсевар она сифатида намоён бўлди. Ардерн фарзандини эмизишдан воз кечишни истамади ва уч ойлик қизини хизмат сафарига — Жанубий Африка етакчиси Нелсон Мандела таваллудининг 100 йиллиги хотирасига бағишланган БМТ томонидан ўтказиладиган тинчлик саммитига ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишига олиб борди. Ардерн билан бирга унинг ҳамкори ва фарзандининг отаси Янги Зеландиянинг Choice TV телеканалининг балиқ овлаш ҳақидаги кўрсатув бошловчиси Кларк Гейфорд ҳам бор эди. У ва гўдак мажлислар залида Ардерннинг Мандела мероси ва тенг ҳуқуқлар учун кураш ҳақидаги илҳомлантирувчи нутқини тинглашди.

Guardian нашри Ардерннинг ушбу ҳаракатини «тарихий воқеа» дея шарҳлади. Бироқ сиёсатчининг ўзи бир вақтда бир неча ишни бажариши керак бўлган биринчи ва охирги она эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у кўпчилик аёллардан фарқли ўлароқ, фарзандини ўзи билан «ишга» олиб бориш бахтига муяссар бўлгани ҳақида қўшимча қилди. Дарҳақиқат, Ардерн мамлакатни бошқариш давомида фарзанд дунёга келтирган дунёдаги иккинчи аёл ҳисобланади. Биринчиси 1990 йили Покистон бош вазири Беназир Бҳутто бўлган эди.

2019 йилнинг баҳорида Крайстчёрч шаҳрида содир бўлган теракт қисқа вақт ичида Янги Зеландияни дунё янгиликларининг асосий мавзуларидан бирига айлантирди. Икки хил милтиқ  билан қуролланган ўта миллатчи шахс  15 март куни  жума намози вақтида икки масжидда намозхонларга ҳужум қилиб, 51 кишини ўлдириб, ўнлаб одамларни ярадор қилди. Ҳужумдан олдин у муҳожирлар ва мусулмонларга қарши ғоялар билан «манифест» эълон қилган ва ҳужумни Facebook`даги саҳифасида жонли эфирда намойиш қилган.

Ушбу терактдан сўнг Ардерн энди давлат бошида турган ёш она сифатида эмас, балки ўз мамлакати тарихидаги энг оғир инқирозлардан бирини муносиб тарзда енгиб чиққан сиёсатчи сифатида машҳур бўлди. Ҳужумдан бир неча кун ўтгач, Ардерн Янги Зеландияда қурол назорати қоидалари кескин кучайтирилишини эълон қилди. Апрелдаёқ, яъни ҳужумдан бир ой ўтиб, ўзи зарядланадиган қуролга эга бўлишга тўлиқ тақиқ жорий қилинди. Шу билан бирга, ҳукумат аҳолидан тақиқланган қуролларни сотиб олиш дастурини ишга туширди.

Ардерн жаҳон етакчилари ва технология компанияларини террористик ва экстремистик материалларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалишига қарши курашишга чақирди ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан биргаликда ташаббусини илгари сурди — бу келишув бир неча ўнлаб мамлакатлар ҳукуматлари ва энг йирик технология компаниялари, жумладан Meta ва Google томонидан имзоланган.

Аммо ҳаммасидан кўпроқ — Янги Зеландияда ҳам, бутун дунёда ҳам — бош вазирнинг ҳужумга қандай муносабатда бўлгани омманинг назарига тушди. У ҳалок бўлган ва жароҳатланган одамларникидан фарқли ўлароқ, жиноятчининг исмини, у тарихда қолмаслиги учун, талаффуз қилишдан  бош тортди. Крайстчёрчдаги мусулмонлар жамоати аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда у ислом қоидаларига риоя қилган ҳолда бошини рўмол билан ўраб, қурбонларнинг яқинларига тасалли беришга ҳаракат қилди. Теракт чоғида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган мотам тадбирида сўзга чиққан Ардерн, мамлакат бу қайғуда ҳамжиҳат эканини таъкидлади. 

Ҳар қандай камситиш ва шовинизмга қарши кураш Ардерн сиёсати ва шахсий қадриятларининг муҳим қисмидир. Бош вазир сифатида у Янги Зеландиянинг туб аҳолиси — маори халқини фаол қўллаб-қувватладию. Ҳозир улар мамлакат аҳолисининг 17 фоизини ташкил қилади. У ўз нутқларини маори тилида бошлайди, шунингдек, маори ҳалқининг анъанавий либосларида омма ҳузурига чиқади. Жумладан, Елизавета II нинг дафн маросимида ҳам ушбу либосда қатнашди.

Ардерн аёллар ҳуқуқлари учун фаол кураш олиб борган. У Янги Зеландияда абортни бутунлай декриминаллаштиришга эришди.  «Ҳайз қашшоқлигига» яъни қизлар ва аёлларнинг гигиена воситаларини сотиб олишга имкори бўлмаган вазиятга  қарши кураш дастурининг бир қисми сифатида Ардерн ҳукумати мактабларга бепул тарқатиш учун аёллар гигиенаси воситаларини сотиб олишни бошлади. Бундан ташқари, бош вазир аёлларга нисбатан бўлаётган зўравонликларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида гапирди, аммо унинг ўзи бутун сиёсий фаолияти давомида бунга дуч келди.

Янги Зеландия оммавий ахборот воситаларининг  эркак журналистлари  Ардернга қитмир ва ҳақоратли саволлар беришган. Австралиянинг «60 дақиқа» телекўрсатувида бошловчи  «муҳим сиёсий савол» бермоқчилиги ҳақида огоҳлантириб, ҳомиладор Ардерн ва унинг шериги билан чақалоқ туғилиши кутилаётган санани сўради. Жавоб олгач, бошловчи давом этди: «Қизиқ, ҳозир қанча одам қанча кун қолганини санай бошлади экан. Олти фарзанднинг отаси сифатида мен, албатта, одамларнинг фарзанд кўришни хоҳлашида ҳеч қандай ёмон нарса йўқлигини тушунаман. Сайлов кампанияси чоғида фарзанд кўришнинг нимаси ёмон?».

Ардерннинг Финляндия раҳбари Санна Марин билан музокаралари ҳақида ўтказилган матбуот анжуманида бир эркак мухбир иккаласини сўроққа тутди ва иккаласи ҳам аёл эканлиги ва деярли бир хил ёшда бўлгани учун учрашишга қарор қилишганини гапирди. Жасинда Ардерн 42 ёш, Санна Марин 37 ёш. Жасинда Ардерн саволга савол билан жавоб берди: «Қизиқ, АҚШ президенти Барак Обама Янги Зеландиянинг собиқ бош вазири Жон Ки билан учрашганида, кимдир улардан ёшлари тенг бўлгани учун бир-бирларини кўришга қарор қилдиларми, деб сўрадими экан».  Обама ва Ки ўртасидаги ёш фарқи атиги беш кунлигини таъкидлади.

Ардерннинг ўзи АҚШ президенти билан биринчи марта бош вазир лавозимига киришгандан сўнг, 2017 йил ноябрида Шарқий Осиё мамлакатлари саммитида учрашган.  Саммит меҳмонлари тантанали кечки овқатга таклифни кутар экан, ўша пайтдаги АҚШ президенти  Доналд Трамп ёнида турган эркакка баланд овозда  Ардернга ишора қилади ва шундай дейди: «Бу хоним ўз ватанида кўпчиликни хафа қилди!». Бунга жавобан Янги Зеландия бош вазири ҳазил билан Трампга сайловдаги ғалабасидан кейин «ҳеч бўлмаганда норозилик намойишлари бўлмаганини» эслатди. 

Бироқ, бир неча йил ўтгач, Ардерннинг ўзига қарши маршлар ўтказилди: ҳукуматнинг пандемияга қарши кураш усулидан норози бўлиб, одамлар Янги Зеландия шаҳарлари кўчаларига чиқди. Ардерн мамлакатда «вакциналарни тақсимлаш» ва карантин чекловлари сабабли юзага келган иқтисодий муаммоларда айбланди. Коронавирусга қарши кураш аввалига Ардернни яна халқаро юлдуз ва намунага айлантирди ҳамда мамлакат ичкарисида мисли кўрилмаган сиёсий муваффақиятларга эришишга ёрдам берди. 2020 йил кузида бўлиб ўтган сайловларда Ардерн бошчилигидаги лейбористлар катта фарқ билан ғалаба қозонди — улар мамлакат парламентидаги 120 ўриндан 64 тасини қўлга киритди. Охир-оқибат, Ардерн ҳукуматининг пандемияга қарши кураши мухолифлар тили билан гапирганда, «жасиндамания»га чек қўйди ва Янги Зеландия раҳбарининг машҳурлигига путур етказди.

2020 йил март ойида Янги Зеландия биринчилардан бўлиб ўз чегараларини мамлакатда истиқомат қилмайдиган чет элликлар учун тўлиқ ёпди ва 23 март куни мамлакатда жами 100 га яқин инфекция ҳолати қайд этилганида, ўз фуқаролари учун энг қаттиқ карантинни жорий қилди. 2020 йилнинг май ойида Ардерн ҳукумати парламент орқали келажакда коронавирусга қарши кураш чораларини тартибга солиши керак бўлган қонун қабул қилди, бироқ айни пайтда полицияга янги ваколатлар берди — масалан, полиция карантинни бузганликда, яъни уйида зиёфат бераётганликда гумон қилинаётган одамларнинг уйларига ордерсиз кириши мумкин бўлди. Парламент мухолифати бу чораларни «ваҳшиёна» деб ва 10 дан ортиқ одам йиғилишини қонун билан тақиқлашни, маросимларда қатнашишни хоҳлайдиган диндорларга, шунингдек, дафн маросимини ўтказишга муҳтож бўлганларга нисбатан «ғайриинсоний» деб атади.

Шу билан бирга, Ардерннинг ўзи ҳам мамлакат фуқароларига расмийлар нима қилаётганини ва нима учун бундай чоралар кўрилаётганини иложи борича аниқ тушунтиришга ҳаракат қилди, Веллингтондаги расмий қароргоҳида ўзини изоляция қилди ва одамларни ўз намунаси билан илҳомлантириш ва ўзининг «беш миллионлик жамоаси»га (у янги зеландияликларга шундай мурожаат қиларди) умид бағишлаш учун Facebook`да мунтазам равишда норасмий эфирлар уюштирди.

Янги Зеландия коронавируснинг биринчи эпидемиясини ҳам, дельта штаммининг авж олишини ҳам энг кам қурбонлар сони билан енгишга муваффақ бўлди: 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, мамлакатда пандемия бошидан буён COVID-19 сабабли атиги 68 киши вафот этган эди. Таққослаш учун, Финляндияда худди шу санада тахминан 2,8 мингдан ортиқ одам коронавирус қурбонига айланган. Аммо Янги Зеландия энди юқумли омикрон штамми билан унчалик самарали кураша олмади. 2022 йилда мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 60 бараварга ошди.

2022 йил бошида эпидемиологлар Янги Зеландия омикрон эпидемияси учун тайёр эмаслиги ҳақида огоҳлантиришди: одамлар етарли миқдорда бустер дозаларни қабул қилмаган, 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни эмлаш ҳали бошланмаган, бу турдаги коронавируснинг инкубациион даври қисқа бўлганлиги сабабли одатдаги карантинлар самарасиз бўлиши эълон қилинган эди. Ардерн ўз тўйини бекор қилди (у ва унинг ҳамкори ҳали ҳам расмий никоҳда эмас) ва ҳукумат чекловларни тиклашни бошлади — масалан, оммавий йиғилишларга фақат 100 кишидан кўп бўлмаган, эмланган одамлар қатнашишига рухсат берилди.

Карантин чекловларидан тўпланган чарчоқ норозиликларнинг яна кучайишига сабаб бўлди. Ушбу ҳаракатларнинг энг шов-шувли эпизодларидан бири 2022 йил март ойида Веллингтондаги намойишчилар лагерининг тарқатиб юборилиши бўлди. Намойишчилар уч ҳафта давомида пойтахт марказидаги парламент олдидаги майдонни тарк этмади, март ойи бошида полиция намойишчилардан тарқалишни талаб қилди. Улардан баъзилари бўйсунишдан бош тортди, полиция билан тўқнашувлар бошланди, улар резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берди. Ардерн ўз чиқишларида намойишчиларни кескин қоралади: «Бу бизнинг полициямизга ҳужум, парламентимизга ҳужум, қадриятларимизга ҳужум ва бу катта хатодир», — деди.

2022 йилги норозилик намойишларида пандемиянинг дастлабки икки йилидаги каби нафақат анти-ваксерлар (эмланишга қарши инсонлар гуруҳи), балки шу вақт ичида тўпланиб қолган муаммолар, дунё бўйлаб ўсишни бошлаган инфляция, жиддий тус олган иқтисодий муаммолардан норози бўлганлар ҳам қатнашган эди. Ардернга унинг ўзи берган, лекин бажарилмаган, жумладан бошқарувининг бошида берган ваъдаларини эслата бошлашди. У болалар қашшоқлигини кескин камайтирмоқчи эканини билдирганди, аммо бу борада сезиларли ўзгариш бўлмаган ва болалар қашшоқлиги ҳамон 20 фоиз атрофида эди. Ваъда берганига қарамай, Ардерн мулкий тенгсизликни ҳам қисқартира олмади: у энг бадавлат кишилар учун солиқларни оширишни таклиф қилганди, аммо бу таклиф амалга ошмади — энг бой 10 фоиз аҳоли ҳозирда мамлакат умумий бойлигининг тахминан ярмига эгалик қилмоқда. Аҳолида катта кредит юки бор, яшаш қиймати эса ошиб бормоқда.

Ардерннинг сайловолди дастурида 2017 йилдаёқ уйсизлар ва эҳтиёжмандлар учун 100 мингта янги уй қурилиши кўзда тутилган эди. Аммо, 2018 йили базўр 140 та уй қурилгач, ҳукумат — уй-жой муаммосини ҳал қилиш ва уйсизларга ёрдам беришни давом эттиришни ваъда қилган бўлса-да — «100 минг уй» деган расмона мақсаддан воз кечди. Имтиёз ва солиқ чоралари ёрдамида қурилишни рағбатлантирувчи ҳамда йирик шаҳарларда биттагина оила уй қуриши учун ер ажратишни тақиқловчи қонунлар қабул қилинди.

Пандемия бошидаги коронавирусга қарши кураш кампанияси Ардерннинг энг асосий ютуғи бўлиб қолади, Янги Зеландия бу курашни бошқа давлатларга нисбатан яхшироқ уддалади, унинг иқтисодиёти эртароқ ўса бошлади, ишсизлик даражаси паст бўлди, дея собиқ бош вазирнинг ютуқларини санайди янгизеландиялик иқтисодчи Шамубил Икуб The New York Times’га тақдим этган мақоласида.  Аммо, энди мамлакатни пандемия давомида жаҳондаги барча давлатлар дуч келган муаммолар қувиб етди, иқтисодиётнинг ўсишига кўпдан бери халал бериб келаётган жиҳатлар эса юзага чиқиб қолди, энди буларнинг барини Ардерннинг ўрнига келадиган бош вазир Крис Хипкинс ҳал қилиши лозим. ҳукмрон Лейбористлар партиясидан ягона номзод бўлган бу инсон унгача мамлакатнинг таълим вазири сифатида ишлаб келган. 

Дунёни пандемия қамраб олиб, жаҳон иқтисодиёти орқага кетган бир оғир даврда ишлаган сиёсатчи аёл ва айни пайтда чақалоқли онанинг амалга оширган ишлари, саъй-ҳаракатлари  эътирофга лойиқ. 

Мадинахон ТОПИЛОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.