Минск шаҳрида Алишер Навоий бюсти ўрнатилди

0
1070
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи арафасида Минск шаҳри марказидаги сўлим хиёбонда улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий бюсти очилди.
 
Ушбу тадбир маданиятларо муносабатларнинг янги тарихидаги улкан воқелик бўлди. Боиси, шу кунгача бу ерда биронта шарқ мутафаккирига бу қадар юксак эҳтиром кўрсатилмаган. Ушбу бюст Беларусь Республикасида шарқ адабиётининг буюк даҳосига қуйилган илк ёдгорликдир.
 
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
 
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.
 
Улуғ бобокалонимиз қаламига мансуб ушбу сатрлар орадан неча аср ўтса-да, аҳамияти ортиб бормоқда. Буни ўзбек ва беларусь халқлари ўртасидаги муносабатлар ривожида ҳам кўриш мумкин.
 
Навоий бобомиз бюсти очилишига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда бу яна бир бор намоён бўлди. Тадбирда улуғ ўзбек шоирининг ушбу ҳикматли сатрлари беларусь тилида янгради.
 
Тантанали маросимда икки мамлакат парламенти аъзолари, адабиёт, маданият намояндалари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
 
Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Кенгаши раиси ўринбосари Марианна Шеткина мазкур тадбир мамлакатларимиз ўртасидаги янги босқичга чиққан муносабатларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади. Ўтган йили Тошкентда атоқли беларусь адиби ва жамоат арбоби Якуб Колас хотирасига ёдгорлик ўрнатилгани фикримизга яққол далилдир.
 
– Ушбу ёдгорликнинг очилиши ёруғ ва тантанали ҳодиса. Чунки Навоий нафақат улуғ шоир ва мутафаккир, балки буюк маърифатпарвар ҳам бўлган. Навоий мероси бутун инсоният мулкига айланган, асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Унинг чуқур фалсафаси, асарларидаги ранг-баранг образлар халқларни дўстлик, инсонпарварлик, олижаноблик каби туйғулар орқали бирлаштиришга хизмат қилади, – деди Марианна Шеткина.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Навоий фалсафаси халқларимиз маданияти, тафаккурида беқиёс ўрин тутиши, Президентимиз ташрифи доирасида ўтаётган мазкур маросим ўзбек ва беларусь халқлари ўртасидаги узоқ асрлик дўстлик ва биродарлик ришталари бугунги кунда янги босқичга кўтарилаётганини ифода этишини қайд этди.
 
Ўзбекистон Беларусни вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор, ташқи сиёсатдаги устувор шерик сифатида кўради. Ушбу мамлакат пойтахтида буюк ўзбек шоири ёдгорлигининг очилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 
Шу ўринда Алишер Навоий асарлари бугунги кунда ҳам жаҳонда тинчлик, дўстлик, биродарликни тарғиб қилаётган бебаҳо мерос сифатида бошқа халқлар томонидан ҳам қадрланаётганини эътироф этиш жоиз. Аслида чинакам адабиёт вақт, макон, чегара танламайди. Токи инсоният комилликка интилар экан, Навоий асарлари ҳар бир даврда, ҳар қандай қатлам учун қадрли ва долзарб бўлиб қолаверади.
 
Беларуслик ёш ҳайкалтарош Максим Макаревич томонидан ишланган бюст буни яна бир бор тасдиқлайди.
 
Шу куни Навоий бобомиз ёдгорлиги пойи гулларга бурканди. Маросим ўзбек ва Беларусь халқлари адабиётининг байрамига айланиб кетди.
 
Манбаа: ЎзА
 
 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.