Норвегия инсон хавфсизлиги соҳасида аҳолининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистоннинг Орол денгизи ҳудуди учун 1,1 миллион долларни ажратмоқда, деб ёзилади Ўзбекистондаги БМТ вакиллиги сайтида
1960 йилларгача дунёнинг тўртинчи йирик ёпиқ денгизи бўлмиш Оролнинг қуриши миллий ва минтақавий чегаралар доирасидан чиқувчи инсониятнинг энг катта экологик фалокати ҳисобланади.
2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган Траст жамғармаси Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилувчи ҳамжамиятларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ҳал қилишда миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни амалга ошириш ва барқарор ривожланиш соҳасида глобал мақсадларга эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тезлаштириш учун ягона майдонни тақдим этади.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўз бўйнига Траст жамғармасига 6,5 миллион доллар миқдорида улушини қўшиш ҳақида мажбуриятни олган, унинг 2,0 миллион доллари Траст жамғармасининг ҳисобига ўтказиб бўлинди. Норвегия Жамғармага маблағ киритган биринчи ташқи донор бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистон Ҳукумати БМТ билан ҳамкорликда Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилаётган жамоалар дуч келаётган муаммолар ҳақида хабардорликни ошириш ва Траст жамғармасига қўшимча молиявий ва техник ресурсларни жалб қилиш бўйича фаол ишларни олиб бормоқда.
«Орол денгизи учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ҳукумат ва ривожланиш соҳасидаги ҳамкорларга айнан инсонларга йўналтирилган, жамоаларнинг аҳволи, талаб ва эҳтиёжларига асосланган, ҳаракат суръатлари ва инновацияларга алоҳида эътибор берган ҳолда ечимларни ишлаб чиқишда биргаликдаги фаолият олиб бориш имконини бермоқда», – деди Хелена Фрейзер хоним, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори. «Биз Жамғарманинг донорига айланиб, Орол денгизи муаммосини ҳал қилиш ишига тарафдорлигини тасдиқлаган Норвегиянинг мазкур қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Бу қарор Ўзбекистондаги тезкор барқарор ривожланишга кўмак беришда Норвегиянинг қатъиятлигидан далолат беради».