ЖЕНЕВА, 8 июнь. /«Дунё» АА/. Парламентлараро иттифоқ (ПИ) расмий веб-саҳифаси 2021 йил учун «Сиёсатда аёллар» инфографикасини эълон қилди. Унда аёлларнинг турли мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматларидаги вакиллигига оид статистика келтирилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашга қаратилаётган устувор эътибор натижасида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу эса аёлларнинг давлат ҳокимияти органларининг юқори поғоналарида вакиллигининг кўпайиши ва давлат идораларидаги сафининг кенгайишига олиб келди.
Парламентлараро иттифоқ маълумотига кўра, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда 45-ўринни эгаллаб турибди. Республикамиз шу маънода ПИга аъзо 130 дан ортиқ давлат, жумладан Германия, Австралия, Канада, АҚШ, Марказий Осиё мамлакатларидан ўзиб кетди.
Бундан ташқари республикамиз аёллар парламентга раҳбарлик қиладиган ва ҳукумат таркибига кирадиган давлатлар рўйхатига киритилган. Қайд этиш керакки, хорижлик ҳамкорлар Сенат Раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилаётган Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолиятини юқори баҳоламоқда.
Парламентлараро иттифоқ 1889 йилда ташкил этилган. У 179 мамлакат парламентларини бирлаштирувчи парламентлараро мулоқот учун энг йирик майдон ҳисобланади. Ташкилот таркибига, шунингдек, 13 та ҳудудий парламент бирлашма ҳам киради.
Ўзбекистон Парламентлараро иттифоққа 1992 йил аъзо бўлган.
2019 йилнинг октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 2020-2023 йилларга мўлжалланган ПИ Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланди. Кейинчалик, у Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига, шунингдек, ташкилотнинг Молия қўмитаси аъзолигига тайинланди.