Ўзбекистон Президенти ОИИБ бошқарувчиларининг йиллик учрашуви очилишида иштирок этди

0
37
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши IX йиллик йиғилишининг очилиш сессиясида иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Саммитнинг асосий мавзуси – «Барча учун барқарор инфратузилма яратиш». Кун тартибидан глобал иқтисодиёт ва молия соҳаларидаги долзарб масалалар, Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларида инфратузилмани ривожлантиришнинг стратегик дастурлари ва режаларини муҳокама қилиш ўрин олган.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда нутқ сўзлади.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон танлангани ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлигимизнинг юксак намунаси, деб ҳисоблаймиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси ҳозирги кунда дунёда мураккаб геосиёсий вазият сақланиб қолаётганини, глобал иқтисодиётда беқарорлик кучайиб, озиқ-овқат ва энергия ресурслари тақчиллиги ортиб, экологик муаммолар кескинлашиб бораётганини таъкидлади.

Ер юзи аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда, қарийб 800 миллион киши ўта қашшоқлик шароитида яшаяпти.

Маҳсулот етказиб беришнинг анъанавий логистика занжирлари бузилмоқда, бу эса хомашё ресурслари ва истеъмол товарларининг қимматлашувига олиб келди.

Буларнинг барчаси инфратузилмага бўлган юкламани кескин оширади ва иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлади.

2030 йилгача дунёда янги инфратузилма яратиш учун 15 триллион доллар инвестиция талаб этилади, хорижий инвестициялар оқими эса сўнгги икки йил давомида йилига 10 фоизга камайиб, молиявий ресурслар нархи 2 баробарга ошган.

Бундай шароитда халқаро молия ташкилотларининг роли тобора ортиб бормоқда.

Жорий лойиҳа портфели 55 миллиард доллар бўлган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа вақт ичида етакчи молия институтларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар ва янгиланишлар сиёсатига алоҳида тўхталиб ўтди.

Иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Ушбу мақсадларга эришишда халқаро молия институтлари, шу жумладан ОИИБ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Энг аввало, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, одамларнинг даромад манбаларини кўпайтириш, аҳолининг сифатли таълим ва тиббиётдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, олис ҳудудларда инфратузилма тармоқларини яратиш орқали “кўп ўлчамли” камбағалликни қисқартириш дастури амалга оширилмоқда.

Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳаларини ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида белгилаш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари форумнинг асосий мавзусини инобатга олган ҳолда, барқарор инфратузилмани яратиш соҳасида халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мамлакатимизда 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш дастури қабул қилинган.

Хусусан, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлларини қуриш, Тошкент-Самарқанд, Самарқанд-Навоий-Бухоро тезюрар темир йўлини барпо этиш, 6 та халқаро аэропортни модернизация қилиш ва бошқа муҳим лойиҳалар амалга оширилади.

ОИИБ билан ўрта шаҳарларни ривожлантириш ва қишлоқ жойларда инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Яна бир устувор йўналиш — «яшил» иқтисодиётни жадал ривожлантириш. Ўзбекистонда 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Яқин йилларда қуёш, шамол ва гидро электр станциялари, инфратузилма объектлари ва тармоқларини қуриш режалаштирилмоқда.

Йирик «яшил» маълумотлар марказларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига «яшил» сертификатлар бозори шакллантирилади.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни «яшил» энергиянинг йирик экспортчисига айлантиришга қаратилган катта ишларни алоҳида таъкидлади. Бунинг мисолларидан бири Транскаспий энергия кўприги қурилиши ҳисобланади.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда Марказий Осиёда «яшил» энергетикани ривожлантириш дастурини амалга ошириш таклиф этилди.

Шунингдек, йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга бўлган эҳтиёж ошиб бораётганига эътибор қаратилди.

“Хитой — Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бунинг ёрқин мисолидир.

Айни пайтда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича Минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Президент ОИИБнинг Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни қамраб олган қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошган. 4 миллиард долларлик янгиланган дастурни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

— Келгуси икки кунда Банк бошқарувчилари олдида жуда муҳим глобал ва минтақавий муаммоларга замонавий ёндашувлар асосида ечимлар топиш, янги лойиҳа ва дастурларни муҳокама қилиш каби масъулиятли вазифалар турибди. Сизлар қабул қиладиган қарорлар Банкка аъзо мамлакатларда яшайдиган 6 миллиарддан зиёд аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади, — деди сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари саммит ишига муваффақиятлар тилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.