Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркий кенгашнинг норасмий саммитида иштирок этди

0
150
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган норасмий саммитида иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислик қилган тадбирда Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши, Туркий кенгашнинг Фахрий раиси Нурсултон Назарбоев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Aлиев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Туркий кенгаш бош котиби Бағдод Амреев қатнашди.

Тадбирда ташкилот доирасида иқтисодиёт, савдо, транспорт соҳаларидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда барча туркий халқларнинг маънавий юксалишига катта ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий меросига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга Соҳибқирон Амир Темур ихлос қўйгани ҳамда унинг хотирасига атаб Туркистон шаҳрида муҳташам мақбара бунёд этганини қайд этди.

Бугунги кунда Аҳмад Яссавий мақбараси барча қардош халқларимиз учун табаррук қадамжо ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мустаҳкам тарихий ришталар, муштарак тил, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемия таъсирида давом этаётган глобал инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш йўлида кенгашнинг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тез фурсатда тиклаш ва янги шароитларда ривожлантириш, электрон тижорат ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларидан тўлиқроқ фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Туркий тилли мамлакатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифалардан бири эканлиги, Туркий кенгаш доирасида Инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш ва ишга тушириш бўйича амалий ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкиланди.

Ўзбекистон Президенти минтақамизнинг улкан стратегик аҳамиятга эга транспорт ва транзит салоҳиятидан янада унумли фойдаланишга, Осиёдаги глобал бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Марказий Осиё ҳудудида транспорт йўлакларини, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорларига элтувчи йўналишларни ривожлантириш, логистика инфратузилмасини кенгайтириш бўйича йирик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга чақирди

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашга аъзо мамлакатлардаги муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш, шу мақсадда Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди.

Буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг туркий дунё маънавий-марифий ҳаётига қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари фан, таълим, адабиёт, санъат, ижтимоий соҳалардаги ютуқлар ҳамда туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари саммит иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Олий даражадаги учрашув якунида Туркистон декларацияси қабул қилиниб, унда норасмий саммитда эришилган асосий келишувлар акс этди.

Туркий кенгашнинг саккизинчи саммитини 2021 йилнинг кузида Туркия Республикасида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.