Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари сифатида иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида..
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида видеоанжуман шаклида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба Республикаси Президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович ҳам қатнашди.
Йиғилиш кун тартибидан ЕОИИ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, шу жумладан иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт ва бошқа йўналишларда амалий шерикликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқининг аввалида Қирғизистон ЕОИИга раисликни фаол амалга ошираётгани, бу ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётганини қайд этди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан пандемиянинг салбий оқибатлари юмшатилгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликда ижобий суръат таъминланаётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилда 30 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 33 фоизга ошди. ЕОИИ мамлакатларидан жалб қилинаётган инвестицияларнинг йиллик ўсиши қарийб 25 фоизни ташкил этмоқда.
Дунёда рўй бераётган шиддатли ўзгаришлар ва мамлакатларимиз барқарорлиги учун жиддий хатарга айланган инқирозли ҳодисаларни қайд этиб, Ўзбекистон раҳбари биргаликда ечим топишни тақозо этаётган энг долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Президентимиз Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдода техник тўсиқларни бартараф этишни давом эттириш ва сертификатлаштиришни ўзаро тан олишга чақирди. Бу товарларнинг бозорларимизга кириб боришини анча соддалаштиришга хизмат қилади.
Биргаликда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали агросаноат кооперациясини кенгайтириш алоҳида долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу борадаги натижадорликни ошириш мақсадида ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришни назарда тутадиган Агрокооперация дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчиси муқобил транспорт йўлакларини янада ривожлантириш ҳамда Жануб ва Шарқ йўналишида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътиборни қаратди. Шу муносабат билан Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди.
Термиз шаҳридан Покистоннинг Пешовар шаҳригача Жанубий Осиё ва унинг икки миллиард нафар истеъмолчига эга бозорига чиқиш учун энг қисқа йўлни таъминлайдиган трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатларимизнинг инновацион салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорларимиз ўртасида, энг аввало, юқори технологиялар соҳасида саноат кооперациясини амалга оширишнинг янги шаклларини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди.
Тошкент шаҳрида ЕОИИ мамлакатларининг мингдан зиёд компанияси иштирокида «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси ўтказилгани бу борада биринчи амалий қадам бўлди.
Кимё, фармацевтика, машинасозлик, ускунасозлик, электроника ва бошқа соҳаларда кооперация алоқаларини рағбатлантириш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бунда илмий-тадқиқот институтлари ва технологик марказлар имкониятларини янада кенгроқ ишга солиш муҳим.
Иқтисодий тараққиётнинг табиий драйверига айланиши лозим бўлган туризм соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги йўловчи транспорти қатновини тўлиқ ҳажмда тиклаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда ЕОИИ мамлакатларининг етакчи компаниялари иштирокида Туризм индустриясини ривожлантириш форумини ўтказиш таклифини илгари сурди.
Президентимиз ўз нутқининг якунида Ўзбекистоннинг мамлакатларимиз барқарор тараққиётини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтириш мақсадида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва кўп қиррали шерикликни изчил мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.