Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар

0
107
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбарини Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

17 сентябрь куни бу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи давлатларидан бири. 2001 йилда тузилган мазкур ташкилотга бугунги кунда саккизта мамлакат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Ўтган 20 йилда ташкилот халқаро доирада нуфузли тузилмага айланди. Бугун ШҲТ макони дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, бой табиий ресурслар, илғор технологиялар ва улкан истеъмол бозорига эга.

Ўзбекистон ШҲТга савдо-иқтисодиёт, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавф-хатарлар ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг муҳим воситаси сифатида қарайди.  

Мамлакатимиз ташкилот доирасидаги ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва натижадорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрига келгач, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурини амалга ошириш мақсадида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари Тожикистоннинг ШҲТдаги сермаҳсул раислиги даврида эришилган натижаларни юксак баҳолади ва бўлажак саммит тадбирлари муваффақиятли ўтказилишини тилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.