Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Конгресс кутубхонасига «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳасидан китоблар тўпламини топширди.
Маросимда ўзбек тилидаги кутубхона тўпламлари сақланаётган Яқин Шарқ ва Африка адабиёти бўлими директори Жоан Викс ҳамда Араб дунёси бўлими бошлиғи Муханнад Салхи иштирок этди.
Суҳбат аввалида тақдим этилган китоблар нафақат АҚШ илмий-тадқиқот ҳамжамияти вакиллари, балки кенг халқаро аудиторияда ҳам қизиқиш уйғотиши таъкидланди.
Хусусан, ўзбек халқининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш, бойитиш ва кенгайтириш масалаларига шахсан Президент Ш.М.Мирзиёев эътибори туфайли амалга оширилаётган «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси АҚШ китобхонларини ҳайратга сола олади, деб ҳисоблайди Ж.Викс.
Тақдим этилган китоблар учун чуқур миннатдорлик билдирган АҚШ Конгресси кутубхонаси вакиллари ўзбек олимларининг ушбу қимматли асарлари уларнинг кутубхона тўпламида муносиб ўрин эгаллашини таъкидлади.
Тадқиқотчиларни Марказий Осиё ва ўрта аср Шарқига мансуб, айримлари 7 асрга оид нодир асарлар, тарихий ҳужжатларнинг ноёб қўлёзма намуналаридан иборат факсимил қўлёзмалар ҳайратга солди ва қувонтирди.
Тадбир якунида кутубхона экспертлари, Ўзбекистон ва АҚШ илмий доиралари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш, тарихий қўлёзмаларни биргаликда рақамлаштиришга келишиб олинди.
Хусусан, Америка томони АҚШ Конгресси кутубхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси қошидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.