Скарлет юрган йўлларда

0
54
марта кўрилган.

Чарльстондаги Эшли дарёси устидаги кўприкдан ўтиб бормоқдамиз ва менинг кўз ўнгимда ёзувчи Александра Рипли қаҳрамони кичкинагина, уддабурон, тиришқоқ Скарлет гавдаланди. Мен хаёлан 350 йил орқага қайтдим.

Кичкинагина кўприкдан извошда янги кийими йўқлигидан, ўзига уйининг дарпардасидан яшил рангли кўйлак тикиб олган, қомати тик, иродали аёл шошилиб ўтаётир. Скарлетнинг яшил кўйлагидан ранг олгандек далалар ям-яшил, дарё суви ҳам унинг кўзидан ранг олгандек ним кўкиш! Чор-атрофнинг гўзаллиги яна  хонимни эслатади. Баланд қурилган Эшли кўпригидан атрофни  кузатиш завқ бағишлайди. Ям-яшил арчалар, кўкка бўй чўзган баланд қарағайлар, оқ ва пушти рангли турфа гуллар кўзни қувонтиради.

Чарльстондаги баланд – баланд пальмалар Скарлет авайлайдиган бечора африкалик қора танлиларни эслатади. Африкадан французлар томонидан қуллар келтирилгунча пальма дарахти бу мамлакатда ўсмаган. Қуллар ўзи билан олиб келган пальма (хурмо) меваларини еб бўлишгач уруғларини ташлаб юборишган. Ана шу ташланган уруғлардан туғилиб ўсган юртини ёдга соладиган пальмалар ўсиб чиққан. Бугунги Чарльстонга кўрк бериб турган пальма дарахтлари  Жанубий ва Шимолий Каролина штатларидан бошқа жойларда кўзга ташланмади.

Чарльстон шаҳри бўйлаб тош ётқизилган кўчалардан юриб бормоқдамиз, ён атрофимга қарайман, асрлар оша қайсидир тош кўчадан Скарлет хоним, Рет Батлер томонидан хўрланган, эзилган ҳолда чемоданини ярим судраб чиқиб келаётгандек. Кўчаларда ётқизилган тошлар ўжар ва қайсар Скарлет давридан қолган экан. Тош йўллар унинг ғайратини, ҳаётга бўлган муҳаббатини, ўз кучига ишончини, тинимсиз янгилик излаб қилган саъй-ҳаракатларини эслатади. Ҳаёт зарбалари кетма-кет келди, севимли ота-онаси ҳамда энагасидан айрилди.

Севдим деган инсони Эшли томонидан ҳам рад этилди, руҳий қийинчиликлар тўлғоғида қолди, аммо мутлақо тиз чўкмади, дадил туриб келажакка боқди. Рет Батлер унинг ҳаётидаги ягона ва ҳақиқий севгиси бўлиб қолди. Уч ёшли қизчаси отдан йиқилиб нобуд бўлгач,  она бўлиб фарзандига энг оғир мотам тутиб турган даврида Батлер ҳам уни ташлаб, она юрти Чарльстонга қайтиб кетади. Ушбу кунларда менинг кичкинагина Скарлетим  минг оғирликни ўзига олиб, Ретни ахтариб, ғурурини синдириб эрим деб, излаб келади. Чарльстон саргузаштлари Скарлет ҳаётидаги энг қийноққа тўла дамлар бўлиб, мағрур Батлер, Скарлетнинг ғурурини синдиришга ҳаракат қилади, бошқа аёллар билан рақсга тушади, эътиборсиз бўлади. Аммо Скарлет барига чидаб унинг уйида келин сифатида яшайди.

Ушбу кинони кўриб, Александра Рипли китобини ўқиганимда Чарльстон бозорларини бир вақтлар тушларимда кўрган эдим. Мана шу тиниқ сувлар бўйида туриб сувга дардини айтиб йиғлаган менинг кичик синчалак қуш Скарлетимни ҳис қилган эдим..

Орадан уч ярим аср ўтиб ҳамон унинг изларини излаб юрибман… .

Атлантика океани қирғоқларида туриб қўлимни кўзимни устига қўйиб узоқларга умид ва соғинч билан тикиламан, уддабурон, қийинчиликлардан чўчимаган, доимо оғир дамлардан чиқиб кетишга рағбат топа олган Скарлет хоним кўриниб қолармикан, ёки шу қирғоқларда Скарлетга ўхшаган унинг кейинги авлодлари бўлмиш бирон гўзал аёл ёки ёшгина қизалоқ шу кўчалардан ўтармикан деган хаёл кечади, кўнглимдан.

Ёзувчи Александра Рипли ушбу китоби билан дунёга машҳур бўлди, чунки у ўз ҳаётини, бўлиб ўтган воқеаларни Скарлетт Охара исми билан таърифлади.

Скарлет ҳаёти биздаги ҳаётга жуда ўхшашлиги шундаки, бу кичкина хонимнинг отаси аслида катта ер эгаси бўлиб пахта эккан, ернинг тилини билган. Ҳамма томонидан хўрланган, рад этилган Скарлет ниҳоят ўзида куч топиб ота юрти Ирландияга қайтиб бориб, ташландиқ бўлиб ётган Охараларнинг қўрғонини тиклади, унда буғдой экиб юқори ҳосил олди, ишчиларга уйлар, меҳмонхоналар, ҳаммомлар, устахонлар қуриб берди, олдин ўзи даромад олмасдан ишчиларнинг шароитини яхшилади, кейинчалик отларни кўпайтириш бизнеси билан шуғулланди, Ирландиядаги энг зотдор отларни сотиб уларни кўпайтирди. Қурилган уйларни ишчиларига текин берди ва инсонларга меҳрибонлиги, сахийлиги туфайли яна бой-бадавлат, аслзода хонимга айланди. От бозорида тасодифдан яна Рет Батлерни учратди ва севгани билан бирга бўлди.

Скарлет юрган, бўлган жойларда бир-бир босиб олдинга қараб юриб кетмоқдаман, бир вақтлар янкилардан қўрқиб яшириниб яшаган халқ гўзал Чарльстонда эркин ва озод, тинч хаёт кечирмоқда.

Бугунги Жанубий Каролинада бир вақтлар қул бўлиб олиб келинган инсонларнинг ҳаёти ҳавас қилса арзигулик. Чарльстон бўйлаб юрар эканман энг чиройли машинларни бошқариб кетаётганларнинг ярми бир вақтлар камситилган инсонлар, бугунги тенг ҳуқуқлилик натижасида терисининг ранги қандай бўлишга қарамасдан ҳамма бирдек ушбу жамият ривожи учун хизмат қилишмоқда. Бугун Скарлетдек иродали қора танли  икки инсоннинг ҳаёти ва фаолияти билан таништирмоқчиман.

Жанубий Каролинада бу аёлни номи жуда машҳур, муҳтарама дунёдан ўтганига анча йиллар бўлишига қарамасдан ҳамон саъй-ҳаракатлари туфайли эъзозланиб келмоқда. Мэри Джейн Маклеод Бетун 10 июль 1875 йилда туғилган ва 18 май 1955 йилда вафот этган.  Педагог, давлат арбоби, филантроп, инсон хуқуқлари курашчиси бўлган бу аёл ўз ташаббуси билан афроамерикалик ёшлар учун Флориданинг Дейтона-Бич шаҳрида 25 апрель 1944 йилда Уильям Трент ва Фредерик Д. Паттерсонлар билан биргаликда хусусий мактаб очади ва UNCF ташкилотчиларидан бири бўлиб қолади. Ишлаб топган пулини шу мактабни ривожлантиришга сарфлади ва бугунги кунда бу мактаб Бетюн-Кукман университети сифатида фаолият кўрсатмоқда. У яшаган уйга меъмориал пештахталар ўрнатилган ва ҳайкали пойидан гуллар ифори узилмайди.

У АҚШ президенти Франклин Д. Рузвельтнинг афроамерикаларнинг ҳаётини яхшилаш борасидаги маслаатчиси сифатида ҳам фаолият юритган. Америка жанубидаги қора танлиларнинг ҳаётини енгиллаштириш борасида тинимсиз чиқишлар қилган ва ўз мақсадига етиб, қондошларини озод ва тенг ҳуқуқли инсон сифатида яшашлари учун тинимсиз хизмат қилди.

Жанубий Каролинада туғилиб қора танли бўлишга қарамасдан бугун давлат арбоби сифатида тан олинган яна бир инсон ҳақида сўзламоқчимиз.

Тимоти Юджин Скотт (19 сентябрь 1965 йилда туғилган)  – америкалик сиёсатчи ва бизнесмен. 2013 йилдан Қўшма Штатларнинг Жанубий Каролина штатида кичик сенатор вазифасида хизмат қилди. 2014 йилги сайловдларда енгиб чиқиб 2016 йилгача Жанубий Каролина сенатори вазифасида иш олиб борди. Тимоти Юджин Скотт 2017 йил январдан бошлаб, АҚШ Сенатидаги учта афроамерикалик сенаторлардан бири бўлиб фаолият кўрсатяпти. У биринчилар қаторида икки палатали Конгрессда фаолият юритди. Жанубий Каролинадан  сайланган биринчи қора танли сенаторлардан ҳисобланади.

Бугунги кунда Сиз Чарльстонга келиб синчалак Скарлет юрган тош кўчалардан бир-  бир босиб юрар экансиз, инсонни доимо меҳнат улуғлашини, меҳнати орқали энг баланд чўққиларга чиқиши мумкинлигини ҳис қиласиз. Табиатга бўлган меҳр, ерни севиш, одамларни турмуш даражасини озгина бўлса ҳам яхшилашга интилиш каби фазилатлар олижаноблик бўлиб, инсонни улуғлайверади.

Чарльстон бўйлаб саёҳатимдан қилган хулосам шу бўлди-ки, “меҳнат қилган элда азиз” деган халқимизнинг  мақоли бежиз эмаслигини яна бир бор ҳис қилдим. Эзгулик, яхшилик давом қилаверади.

Дилором ЁРМАТОВА, профессор

 АҚШ, Каролина 31 июль.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.