Таҳлил ва таққос: Илм-фанни молиялаштирилиши даражаси бўйича дунёда қайси давлат етакчилик қилади?

0
236
марта кўрилган.

Бугунги кунда  кўпчилик мамлакатларда таълим, илм-фанни ривожлантириш, илмий-техник кадрлар салоҳиятини ошириш, илмий-тадқиқот соҳасининг моддий-техника заҳираларини ривожлантириш энг асосий вазифалардан бирига айланмоқда.

Хўш, бугун Ўзбекистонда илм-фанга қанчалик сармоя киритилмоқда? Мамлакатнинг илмий-техник мутаҳассисларни тайёрлаш, уларнинг илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга қай даражада аҳамият бериляпти?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фан соҳалари бўйича докторантлар тайёрловчи муассасалар ва докторантлар сони юқори суръатда ўсиб бормоқда. 

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2016 йилда докторантлар тайёрловчи муассасалар  сони 128 тани ташкил этган бўлиб, бу 2000 йилга нисбатан 1,6 баробарга кўп демакдир. 2016 йилда докторантларни тайёрловчи муассасаларнинг 65 тасини илмий институтлар, 63 тасини олий таълим муассасалари ташкил қилган.

Докторант сифатида ўқиётганлар сони эса 2016 йилда 2000 йилга нисбатан 4 баробарга ошган ва 334 нафардан 1370 нафарга етган.

Илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишланмалари билан шуғулланадиган ташкилотлар сони 2016 йилда 2000 йилга нисбатан 19 тага кўпайиб, 437 тани ташкил этган. Илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари билан банд бўлган тадқиқотчи мутахасислар сони 2016 йилда 2000 йилга нисбатан 27,4 фоизга ортиб, 31966 нафарга етган.

Илмий муассасалар томонидан ўз кучи билан бажарилган илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини молиялаштириш манбаси таркибида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, ўз кучи билан бажарилган илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалар харажатларига 2000 йилда 11210,5 миллион сўм, 2016 йилда 428485,5 миллион сўм ажратилган. Шу билан бирга, 2000 йилда бажарилган илмий тадқиқот ишларини молиялаштиришга асосан буюртмачи маблағлари (жами харажатларнинг 44,3 фоизи) жалб қилинган бўлса, сўнгги йилларда илмий тадқиқот ишларини молиялаштиришда кўпроқ давлат бюджети маблағлари (57,7 фоизи) ва ўз маблағларидан (22,3 фоизи) фойдаланилмоқда. Бундан ташқари илмий тадқиқот ишларини молиялаштиришда хорижий манбалар ва бюджетдан ташқари фондлар маблағларидан фойдаланиш ҳам сезиларли ортган.

Хўш, бу кўрсаткичлар бошқа давлатлар мисолида қандай акс этади? UNESCO ҳисоботини қиёсий таҳлил этадиган бўлсак аён бўладики, олий ўқув юртидан кейинги таълим, илмий тадқиқотлар, умуман, илм-фан, технология ва инновацияга маблағ ажратиш, молиялаштириш кўрсаткичига кўра жаҳонда Исроил биринчи ўринда бўлиб, ялпи ички маҳсулот улушининг 4.3 фоизини ташкил этади. Ундан кейинг ўринларда Кореа Республикаси (4.2%), Швецария (3.4%), Швеция (3.3%), Япония (3.1%) етакчилик қилади. АҚШда эса 2.7%, Канадада 1.6% ажратилган. 

Ўзбекситонда эса олий ўқув юртидан кейинги таълим, илмий ходимлар, тадқиқотчи-мутахассислар ва уларнинг илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини  молиялаштириш даражаси жаҳонда энг паст кўрсатгичларда яъни  ялпи ички маҳсулот улушининг атиги 0,20 фоизини ташкил этади.

Жаҳонда илм-фан, тадқиқот билан шуғулланаётган тадқитотчи, олимлар мамлакат аҳолисининг неча фоизини ташкил этади? Яна UNESCO ташкилотининг ҳисоботига эътибор берсак, исроилликлар энг кўп илм-фан, тадқиқот билан шуғулланиши аён бўлади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу мамлакатда тўлиқ иш соати эквиваленти ҳисобида ҳар бир миллиондан 8250 киши илмий изланишлар, тадқиқотлар билан шуғулланади. Кейинги ўринларда эса Дания (7515), Швеция (7153), Шимолий Кореа (7113) ва Сингапур (6730) туради. Лекин шундай бўлса-да, аҳолиси жиҳатдан кўп бўлганлиги сабабли умумий ҳисобда илм-фан билан шуғулланувчи тадқиқотчи ва олимлари энг кўп бўлган мамалакатларга Хитой, АҚШ, Россия киради. Ўзбекистонда эса тўлиқ иш соати эквиваленти ҳисобида ҳар бир миллион кишига 496 нафар тадқиқодчи ва олимлар тўғри келади.

 “Мустақиллик йилларида юртимизда тадқиқотчи ва олимларга кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширишлари учун етарли даражада эътибор берилмаган.  АҚШнинг энг нуфузли университетларидан бирида таҳсил олган ўзбекистонлик сифатида айтишим мумкинки, АҚШ дунёда энг кўп хорижлик талабалар  таҳсил олувчи мамлакат саналади. Бу ерда олий таълимга ҳам, олий ўқув юртидан кейинги таълим, илмий тадқиқотларга ҳам катта маблағ ажратилади. Масалан, биргина Жон Хопкинс университети турли илмий тадқиқот ишлари, лойиҳалари ва дастурларига 2016 йилда  2,43 миллион доллар ажратган бўлса, Пенсилвания университети 2017 йилда 1,37 миллион доллар сарфланган. Докторантлар, ўқитувчи-профессорларга ҳам илмий тадқиқот билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар берилади. Очиқчасига айтганда, олийгоҳларда ортиқча топшириқ ва педогогик юкламалар мавжуд эмас”, – дейди АҚШнинг Жорж Вашингтон университетида Бизнес бошқаруви бўйича магистратурада таҳсил олиб қайтган ўзбекистонлик Набижон Тоғаев.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугун юртимизда илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш даражасини янада ошириш, инновацион, назарий ва экспериментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишларининг сифат ва самарадорлигини яхшилаш, тадқиқотчи ва олимларга кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширишлари учун барча имкониятларни яратиш эҳтиёжи жуда зарур.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.