Токио-2020: Акбар Жўраев Олимпиада рекорди билан олтин медални қўлга киритди!

0
248
марта кўрилган.

Бугунги кун Токио-2020 Олимпия ўйинларида қатнашаётган делегациямизга яна бир қувончли дақиқаларни армуғон қилди. Япониянинг спорт майдонида Ўзбекистон гимни янгради.   Оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев Токио-2020 Олимпия ўйинларида муносиб иштироки  билан юртимиз жамоаси ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди.

Даст кўтариш машқида 193 кг натижа қайд этиб, рақобатчиси арманистонлик Симон Мартиросяндан 2 кг ортда қолаётган Жўраев силтаб кўтариш машқи якунида рақибини катта фарқ билан ортда қолдириб делегациямиз ҳисобига олтин медаль қатори Олимпиада рекордини ҳам қўшиб қўйди. Умумий натижа 430 кг!

Жўраев даст кўтариш машқини 193 кг билан якунлади ва асосий рақобатчисидан 2 кг ортда қолаётган эди. Бироқ силтаб кўтариш машқида 237 кг тошни кўтариб, Олимпиада рекорди ва олтин медалини қўлга киритди.

Оғир атлетика, -109 кг:
1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 430 (193+237) кг Олимпиада рекорди;
2. Симон Мартиросян (Арманистон) – 423 (195+228) кг;
3. Артурс Плесниекс (Латвия) – 410 (180+230).

Қайд этиш жоиз, Рио-2016 Олимпия ўйинларида Руслан Нурудинов олтин медаль йўлида айнан ушбу арманистонлик атлетни ортда қолдирган эди. Эсласангиз, ўшанда у ҳам силтаб кўтариш машқида 237 кг тошни кўтариб, Олимпия рекордини қайд этган. Бу гал Жўраев ҳам силтаб кўтариш, ҳам икки кураш (430 кг) йўналиши бўйича Олимпиада рекордчига айланди!

Ушбу муваффақиятдан сўнг делегациямиз ҳисобидаги медаллар 2 та олтин ва 1 та бронзани ташкил этмоқда. Бу билан Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 27-поғонага кўтарилди!

 GUJUM.UZ cайти таҳририяти  Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасини,  Акбар Жўраев ва унинг яқинларини, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини, барча мухлисларни қутлайди. Олимпиаданинг қолган кун дастурларида қатнашадиган вакилларимизга ҳам чиройли ғалабалар  насиб қилишини тилаб қолади. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.