Токио-2020: Медаллар шодасини қўлга киритган Жаҳон спортчилари

0
70
марта кўрилган.

Токио-2020 Олимпия ўйинларида бир қатор спортчилар турли йўналишларда 1 ёки 2 эмас, ҳатто ундан кўп медалларга сазовор бўлишди. Бизнинг спортчиларга ҳам келажакда ана шундай ютуқлар насиб қилишида тилакдошмиз.

1. Калеб Дрессел (АҚШ)

Америкалик ушбу сузувчи айримлар учун афсонавий Майкл Фелпсни эслатиб юбормоқда. Бироқ афсонанинг натижаларига етиш ҳали-бери ҳеч кимга насиб этмаса керак. Аммо Калеб Токиода 6 дастурда иштирок этиб, уларнинг 5 тасида медалга сазовор бўлди. Уларнинг барчаси олтин медаль эканлиги эса у учун янада ёқимли. Калеб Рио-2016 да 2 та олтин медаль қўлга киритган эди. Эндиликда у 7 карра Олимпия ўйинлари чемпиони деб таърифланади. Шунингдек, у Токиода 1 та жаҳон ва 3 та Олимпиада рекордини ҳам янгилади.

2. Эмма Маккеон (Австралия)

Дрессел энг сифатли медаль жамғариш бўйича етакчилик қилган бўлса, Маккеон медаллар сони бўйича пешқадам бўлди. Австралиялик сузувчи ўзи иштирок этган 7 дастурнинг барчасида шоҳсупага кўтарилди. Улардан 4 таси олтин, 3 таси бронза медали.

3. Кейли Маккиоун (Австралия)

Яна бир австралиялик сузувчи ўз медаллари билан мамлакатининг умумжамоа ҳисобидаги ўрнида катта ҳисса қўшди. 20 ёшли ушбу сузувчи илк Олимпиадасида 3 та олтин ва 1 та бронза медалларини жамғаришга муваффақ бўлди. 100 метрга чалқанча сузиш дастурида эса Олимпия рекордини янгилашга эришди.

4. Ушбу ўриндан 3 тадан олтин медаль қўлга киритган атлетлар жой олмоқда:

Ан Сан (Корея Республикаси)

Кореялик ёш мерган қиз камондан отиш бўйича энг максимал натижа қайд этди. Ушбу спортчи қатнашиш мумкин бўлган яккалик, жамоавий ва аралаш жамоавий дастурларнинг барчасида олтин медаль соҳиби бўлди. 20 ёшли чемпион саралаш босқичида эса Олимпиада рекордини ҳам янгилади.

Лиза Каррингтон (Янги Зеландия)

Байдаркачи Каррингтон мазкур мақоламизда тўртинчи ўринни бир ўзиники қилиб олган бўлар эди, агар унинг жамоаси 500 метрга кечган квартет дастурида ҳам медаль қўлга киритганида. Бироқ у 500 метрга кечган яккалик ва жуфтлик дастури, шунингдек, 200 метрга яккалик баҳсларида ғалаба қозона олди.

Элейн Томпсон-Хера (Ямайка)

Ямайкалик спринтер бутун Олимпиячилар ҳисобидаги мультимедалчилар орасида тўртинчи бўлиб турган бўлса ҳам, енгил атлетика спорти бўйича пешқадамлик қилмоқда. Томпсон-Хера 100 ва 200 метр масофага кечган дастурлар, шунингдек, 100 метрдаги эстафета йўналишида олтин медалларга сазовор бўлди. Қолаверса, 100 метрга 10.61 сония югуриб, янги Олимпиада рекордини ҳам қайд этди.

Кейинги ўринлардан 2 тадан олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган сузувчилар америкалик Кети Ледеки (АҚШ) ва Юфеи Чжанг (Хитой), 2 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалини олган австралиялик сузувчи Ариарне Титмус ва бошқа атлетлар жой олишган.

 Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.