Вашингтон туркумидан: АҚШда адрас тўқишга бағишланган ўқув машғулоти

0
290
марта кўрилган.

Қадим-қадимдан ўзбек халқининг миллий матолари – атлас ва адраслар нафислиги ҳамда сифати билан бутун шарқу ғарбда машҳур бўлган. Афсуски, ХIХ аср охири ХХ асрга келиб мамлакатимиздаги сиёсий тузум туфайли унутиб юборилди. Шукрки, Ўзбекистон  мустақиллигидан  кейин кўпгина миллий ҳунармандчилик йўналишларимиз яна қайта тикланди, жумладан,  адрас тўқимачилиги санъати яна ривожлана бошланди. Айни кунларда мамлакатимизнинг қадимий миллий матоларига бўлган қизиқиш ва унинг  машҳурлиги АҚШда бўлиб ўтаётган тадбирда ҳам акс этмоқда.

АҚШнинг Жорж Вашингтон номидаги университети музейи ҳамда Тўқимачилик музейида ўзбек миллий ҳунармандчилиги йўналиши – адрас тўқишга бағишланган қизиқувчилар учун ўқув машғулоти бўлиб ўтди. Унда Мериленд институтининг Санъатшунослик факультети профессори Кристина Дей ташриф буюрувчиларга адрас матосини бўяш, тўқиш жараёнлари ҳақида маълумотлар бериб, сўнг мазкур жараённи амалий кўрсатиб берди.

  “Марказий Осиё ҳудудида ип, ипак ва ним-шойи матолар тайёрлаш қадимдан кенг тарқалган. Дастлаб гулсиз, кейинроқ содда гулли — йўл- йўл нақшлар билан безаш йўлга қўйилган, кейинчалик мураккаб нақшли атлас ва адраслар яратила бошланган. Маҳсулот тайёр бўлгунча ўттиздан ортиқ иш жараёни бажарилади.  Ўзбекистоннинг Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Тошкент ҳудудларида  адрас тайёрлаш марказлари жуда ривожланган. Марказий Осиё бозорларидан ташқари Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой каби қўшни мамлакатларнинг бозорларида ҳам сотилган. Атлас ва адраслар мазкур замин халқлари ҳаётида кенг тарқалган бўлиб, аёлларнинг кийим-кечаклари, ёстиқ ва кўрпалар, умуман уй жиҳозлари  учун кенг ишлатилган”, — деб машғулот давомида адрас ҳақида жуда кўплаб маълумотлар ҳам бериб ўтди олима Кристина Дей. 

Машғулот мазкур музейда ташкил этилган кўргазма доирасида бўлиб ўтди. Кўргазмада умрини Марказий Осиё халқларининг миллий матосини ўрганишга, тарғиб қилиб, намуналар йиғишга сарфлаган Гарвард университети олими Оскар Гуидо Голдманнинг музейга тақдим этган 32 турдаги атлас ва адраси намойишга қўйилган бўлиб, улар асосан 1800-1900 йиллар оралиғида Бухоро, Самарқанд, Фарғонада тўқилган қадимий матолардир. 
Оскар Гуидо Голдман асли сиёсатшунос олим бўлса-да, лекин ўзбек миллий атласу адрасларининг ашаддий мухлисидир. Шу сабаб бутун умри давомида Марказий Осиё халқларининг турли хил атлас ва адрасларини йиққан. Тўқимачилик санъатининг мана шу йўналишини ривожлантиришга, тарғибот ва ташвиқот қилишга катта ҳисса қўшгани учун ҳатто жорий йилнинг март ойида халқаро миқёсда тан олинган Жорж Хюит Маер мукофотини қўлга киритди.


Ҳа, матоларимиз нафақат ўзига хос нақши, балки, тўқимачиликнинг ўзига хос технологиялари асосида яратилиши билан ҳам жаҳон аҳлининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Музейдаги машғулотда иштирок этар эканмиз, халқ усталаримиз томонидан тайёрланаётган миллий матоларимиз дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотаётганидан бағоят мамнун бўлдик. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, машғулотда иштирок этишни хоҳловчилар кўп бўлди. Бироқ, барчани қабул қилиш имконияти бўлмади. Шу далилнинг ўзи ҳам миллий матоларимизга қизиқишнинг ортиб бораётганини кўрсатади.

“Gujum.uz” интернет нашри учун Ойдин Саъдуллаева махсус тайёрлади

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.