Вашингтон туркумидан: АҚШда  ўзбек миллий куй ва қўшиқлари янгради

0
760
марта кўрилган.

Вашингтоннинг Смитсониан Осиё санъати музейининг Фриэр ва Артур Саклер галереяларида Нью-Йоркдаги   Марказий Осиё Жамиятининг “Шошмақом” ансамбли ижросида ўзбек ва тожик халқларининг миллий  куй ва қўшиқлари янгради.

 Шумиэл Куэнов доира, Давид Давидов танбур, Рафаэл Бадалбоев аккардион чалиб, ўз санъатини намойиш этган бўлса, Рустам Самарқандий ўзининг жозибали овози билан томошабинларнинг  эътирофига сазовор бўлди. Феруза Ягудаева ўзбек ва тожик халқларининг куй ва қўшиқларига рақс тушиб, барча томошабинларни хушнуд этди.

“Форсча олти мақом деган маънони англатадиган шошмақом Марказий Осиё халқлари мусиқий меросида марказий ўрин тутган мақомлар туркумидир. Шошмақом оҳанг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан  ўзаро узвий боғланган мумтоз куй ва ашулалар мажмуи бўлиб, у мусиқий фольклор ҳамда касбий мусиқа йўналишларида орттирилган кўп асрлик илмий-ижодий тажриба ҳамда изланишлар натижасида юзага келган. Мақомлар созанда ва хонандалар томонидан якка тарзда, шунингдек, жўровозлик ва жўрнавозлик асосида ижро этилиши мумкин. Шашмақом мусиқа меросида ХVIII асрларда 12 мақом тизими (Дувоздах мақом) ва Бухоро мусиқий анъаналари негизида Марказий Осиёнинг йирик маданий маркази бўлмиш Бухорода шаклланган”. – Деб йиғилганларга шошмақом ҳақида қисқача умумий маълумотлар ҳам берди асли Ўзбекистондан бўлган вокалист ижодкор Рустам Самарқандий.

Тадбирда “Самарқанд ушоқи”, “Баҳорам”, “Соқиномай савти калон”, “То боди сабо”, “Ханда-ханда” каби яна бир қатор халқ куй ва қўшиқлари янгради.

Ансамбль томонидан “Жонон бўламан деб”, “Ажаб-ажаб” каби шўх куй ва қўшиқлар янграганида эса ҳатто баъзи америкаликлар ҳам рақсга тушиб кетишди. Залдаги томошабинларни ва уларга Шарқ миллий  оҳанглари берган хушкайфиятни кузатар эканман, «Шашмақом мусиқаси» 2003 йили ЮНЕСКО томонидан «Инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдонаси» деб тан олинганлиги ва 2008 йилдан бошлаб ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилганлиги бежиз эмаслигини яна бир карра ҳис қилдим.

Ҳа, ўзбек мусиқий фольклор санъати жуда қадимий, бетакрор ва жозибали бўлиб, уларни тинглаган киши бетакрор завқ олади. Миллий куй ва қўшиқларимизни дунёнинг умуман нариги бурчагида янграётганининг гувоҳи бўлганингизда эса дилингиз янада яйраб, қалбингизда юртингиз билан  фахрланиш туйғуси жўш уради.

Gujum.uz интернет нашри учун Вашингтондан  Ойдин Садуллаева махсус  тайёрлади.

Муаллиф олган фотолар

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.