Вашингтонда ўзбекнинг атлас ва адраси кўргазмаси

0
709
марта кўрилган.

Шу кунларда Вашингтоннинг Смитсониан Осиё санъати музейида ўзбек атласи ва адрасининг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Қадимда ўзбекнинг миллий атлас-у адраслари энг гўзал ва ҳашаматли матолардан ҳисобланган. Кейинчалик уни тайёрлаш техникаси маълум муддат унутиб юборилди. Шукрки, тарихи қадим даврларга мансуб атлас  ва адрас тўқиш санъати сўнгги йилларда яна қайта тикланиб, номи нафақат юртимизда балки, жаҳон миқёсида таралаётганининг гувоҳи бўлдик.

Кўргазмада Марказий Осиё халқларининг атлас ва адрасларининг мухлиси – умрини мазкур матоларни ўрганишга, тарғиб қилишга ва намуналар йиғишга сарфлаган Гарвард университети олими Оскар Гуидо Голдман ҳамда америкалик дизайнер Де Ла Ренталар томонидан тақдим этилган атлас ва адрас кийимлар, шу билан бирга мазкур матолардан намуналар намойиш этилган.

Оскар Гуидо Голдман тақдим этган намуналар 1800-1900 йилларда Бухоро, Самарқанд, Фарғонада тўқилган қадимий матолар бўлса, Де Ла Рента тақдим этган намуналар эса дизайнернинг ўз ижодига тегишли бўлган замонавий атласу адраслардан тикилган кийимлардир.

Оскар Гуидо Голдман асли сиёсатшунос олим, лекин ўзбек миллий атласларининг ашаддий мухлисидир. Шу сабаб умри давомида Марказий Осиё халқларининг атлас ва адрасларининг турли турларини йиғиб келган. Умуман, умри давомида тўқимачилик санъатининг мана шу йўналишини тарғиб ва ташвиқотига катта ҳисса қўшган бўлиб, ҳатто жорий йилнинг март ойида Марказий Осиё атласини ривожлантириш йўналишида тўқимачилик санъатини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун халқаро миқёсда тан олинган Жорж Хюит Майрс мукофотини  қўлга киритди. 

Ўз вақтида Америка моделерлар кенгаши президенти, ўнлаб мукофотлар эгаси, Жаклин Кеннедидан бошлаб Хиллари Клинтонгача бўлган АҚШнинг биринчи хонимлари шахсий моделери сифатида фаолият юритган номи дунёга машҳур Де Ла Рента (1932-2014) эса 2005 йилдаги асарлар тўпламида ўзбекнинг миллий матоларидан фойдаланганида жуда кўплаб мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлганди. Ана шундан бери атлас нақшлари Де Ла Рента ва бошқа жаҳон дизайнерларининг асарларида (масалан, Роберто Кавалли, Наэм Хан, Фарах Ангсана) тез-тез қўлланила бошланди. Бугун дунёда атлас-адрас нақши туширилган кийим-кечаклар, гиламлар, кўрпа-ёстиқ, чойник, коса, финжон каби уй жиҳозлари, маиший қуролларини тез-тез учратиш мумкин.

“Сўнгги йилларда Марказий Осиё халқларининг миллий матоси жаҳон аҳли орасида анча кенг танилди. Ҳозир атлас ва адрасларнинг нақши туширилган матолар, маиший буюмлар, уй жиҳозларини дунёнинг барча барчакларидан топиш мумкин. Лекин, афсуски, уни келиб чиқиши тарихини, турларини, яратилиш жараёни ҳақида жуда озчилик билади”, — дейди Гарвард университетида Ислом санъати бўйича тадқиқот олиб борган, бир неча китоблар муаллифи Артур Саклер ҳамда Фриэр санъат галереяларига Ислом санъати йўналиши раҳбари Маъсума Фарход. 

Ҳа, дарҳақиқат, ўз вақтида тарихимиз ҳақиқатини бузиб кўрсатиш, сохталаштириш, обрўсизлантириш, миллий санъат ва маданиятимиз, қадриятларимиз, тилимизни халқ онгидан ўчиришга қаратилган сиёсатлар ўтказилган. Айни кунда бундай кўргазмаларнинг ташкил этилиши ўзбек халқининг миллий санъати, маданияти ва қадриятларини дунёда кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшади. Шунингдек, дунё аҳли орасида нафақат миллий матоларимиз, балки атлас нақши туширилган турли уй жиҳозлари, маиший буюмларни урфга киришига ҳам хизмат қилади.

Ўзбекнинг миллий матоси жаҳонда қанчалик қадр топаётганининг гувоҳи бўлганимизда, бошимиз осмонга етди. Балли, ўзбек  ҳунармандчилигининг бебаҳо намунасини яратиб аждодлардан авлодларга ўтказаётган кишиларимизга! Қалбимни нур-у ғурурга тўлдирган ўзбекнинг амалий санъати умринг бардавом бўлаверсин!

Ойдин Саъдуллаева,
Gujum.uz интернет нашрининг Вашингтондаги мухбири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.