Хоразм. Кадимий ва хамиша навкирон Хивада биринчи бора ўтказилаётган Халқаро “Баҳодирлар ўйини” турнири меҳмону мезбонларда катта тассурот қолдирди. Турли давлатлардан ташриф буюрган 30 нафардан ортиқ халқаро тоифадаги спортчилар жам бўлишди.
Ичон Қалъанинг Ота дарвозаси олдида ўтказилган тантанали очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилишди ва унинг маҳобати барчани ҳайратлантирди.
– Бу жуда муҳим мусобақа, чунки у қадимий қадриятларни, халқона ўйинларни улуғлаши билан ўзига хосликлари мавжуд. Бизнинг халқаро федерация кўплаб турнирлар ўтказади. Бу турнир уларнинг ҳеч бирига ўхшамайди. Ишонаманки, Осиёда бу энг катта турнир ҳисобланади. Таассуротларим бой, мен Хивага ташриф буюрганимдан, қадимий гўзалликларни кўрганимдан бағоят хурсандман. – деди латвиялик иштирокчи Владислав Редькин.
– Халқаро турнир дўстлик ва тинчлик рамзига айланди. Бу турнир келажакда янада юксалиб, нуфузли тадбирлардан бири бўлишига интиламиз – деди Халкаро Баҳодирлар ўйинлари Федерацияси Президенти Р.Владиелов
Дилбар БЕКЧАНОВА