“Халқаро она тили куни» ЮНЕСКО ташаббуси билан 2000 йилдан буён жаҳонда кенг нишонланади

0
1130
марта кўрилган.

2018 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро она тили куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда сананинг пайдо бўлиши билан боғлиқ тарихий воқеалар, унинг моҳияти ва дунёда тинчликни сақлашдаги аҳамияти тилга олинди ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ЮНЕСКОнинг 7 жилдлик “История человечества” (Инсоният тарихи) энциклопедияси тақдим этилди. Тадбирда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, дипломатик корпус, Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар вакиллари ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбир бошловчиси иштирокчиларни мазкур кун тарихи ва Халқаро она тили кунига асос солган воқеалар билан таништирди: “Халқаро она тили куни» ЮНЕСКО ташаббуси билан 2000 йилдан буён турли тиллар ва халқлар маданиятини муҳофаза қилиш мақсадида нишонланади. Бу сана 1952 йилнинг 21 февраль куни бўлиб ўтган воқеа — Бангладешнинг Дакка шаҳрида ўз она тили — бенгал тилини давлат тили даражасига кўтариш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида шаҳар кўчаларига чиққан талабаларнинг полиция ходимлари томонидан ўққа тутилиши билан боғлиқ”.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева тадбир меҳмонлари ва иштирокчиларини қутлаб, она тилининг бугунги жамиятимизда тутган ўрни ва мавқеи, халқлар ўртасида тинчлик, иқтисодий муносабатлар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга эканлигини гапирди. “Халқаро она тили куни она тилининг жамиятнинг ҳар бир жабҳасида ва барча муносабатларда турғун ривожланиши ва турли халқлар маданий меросларини шарафлаш имкониятини беради”, дея таъкидлади. Шунингдек У.Тешабаева Ўзбекистондаги БМТнинг Ривожланиш Дастури ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандуми ва унинг доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Тадбирда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги раҳбари вазифасини бажарувчиси Д.Бадарч, Халқаро Ўрта Осиё тадқиқотлари институти директори (MITSAI) Д.Воякин, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси маъсул котиби А.Икрамов, Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси М.Маннанлар “История человечества” (Инсоният тарихи) энсиклопедиясининг яратилиш тарихи, унинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида сўзладилар.

“ЮНЕСКОнинг «История человечества» китоби — улуғвор бутунжаҳон энциклопедиясидир. ЮНЕСКО ташкилоти ўзининг мавқеидан фойдаланиб, энциклопедия яратилишига 450 нафар энг зўр, энг таниқли тарихчилар ва илмнинг барча соҳалари, яъни адлия, санъат, фалсафа, адабиётшунослик, табиатшунослик, тиббиёт, антропология, математика, иқтисодиёт бўйича мутахассисларни жалб этди”, — дея таъкидлади жаноб Д.Бадрач.

Халқаро Ўрта Осиё тадққотлари институти директори (MITSAI) Д.Воякин институт фаолияти, олимларининг илмий изланишлари, тадқиқот объектлари, Ўрта Осиё минтақасида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги ҳамкорлар, шунингдек сўнгги нашрлар билан таништирди. Мажлислар зали фойесида Халқаро Ўрта Осиё тадқиқотлари институти нашрлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси маъсул котиби А.Икрамов
“История человечества” китоби билан бир қаторда “Ўзбекистон номоддий маданий мероси” китобини ҳам кутубхонага тақдим этди. Ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур китобда халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ва турмуш тарзи тўғрисида бой маълумотлар берилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари томонидан инглиз, немис, француз, хитой ва испан тилида шеърлар ва миллий қўшиқ ва рақслардан ташкил топган концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Жаҳон” ўқув залида Халқаро она тили кунига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада она тилига чексиз эътибор акс этган ва чет тилларни ўрганишни тарғиб этишга бағишланган китоблар ўрин олган. Мазкур кўргазмада Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланувчи, чет тилларни ўрганишни бошловчилар ва мукаммал даражада эгаллашни хоҳловчилар учун инглиз, немис, француз, хитой, корейс, испан, араб, чех, турк, италян, португал ва швед тилларида ўқув қўлланмалар, рисолалар, луғатлар, дисклар, аудио- ва видеокассеталар намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.