ХИТОЙ ТАЖРИБАСИ: Одамийлик синови

0
339
марта кўрилган.

Гуллар паёндоз бўлиб тўшалган, равон йўллар кайфиятни кўтаради, дилларни равшанлаштиради, яйратади. Бироқ, ҳаёт ҳамиша гуллардан паёндоз ёзиб равон йўлга бошлайвермайди.  Сийлови билан синовлари ҳам бор. Хитой ҳукумати одамийлик синови ўтказиб, кишиларнинг  ташаббускорлик хусусиятини, феъл- атворини кузатди.

Улар йўлни катта харсанг билан тўсиб қўйди ва четроққа яширин камера жойлаштирди. Мақсад одамларнинг бу ҳолатга қандай муносабатда бўлишларини кузатиш эди. Бир хитойлик савдогар йўлда харсангга дуч келар экан: Буни ким қўйди экан?! Масъуллар қаёққа қарамоқда?! Бу разиллик борасида ҳукуматга шикоят қиламан!  деди ва харсангни айланиб ўтиб кетди.

Ундан сўнг уч ўртоқ харсангга рўбарў келди ва уни расмга олишди, ўзлари тош ёнида селфи шаклда расмга  тушишди, кулишди, тошни бу ерга қўйганни аҳмоқ, жоҳил дея калака қилишди ва айланиб ўтиб, йўлларида давом этишди!

Яна бир киши келди, у бинокор эди. У ҳам вазиятни кўриб, шикоят ва норозилик билдирди, сўнг харсангни айланиб ўтиб кетди! Шу зайлда йўлдан ўтаётганлар шикоят, танқид, калака қила-қила, харсангни айланиб ўтишда давом этишди.

Икки кун ўтгач, бир деҳқон йўлдан ўтиб қолди. У ҳам тошни йўл устида турганини кўрди ва ҳеч кимга шикоят қилмай, тошни йўлдан олиб ташлашга урина бошлади. Бошқа йўловчилар ҳам унга эргашишди, бир амаллаб тошни йўлдан бартараф қилишди! Харсанг йўлдан олиб ташлангач, унинг остидан ўн килограмм тилла ва мактуб чиқди! Мактубда шундай ёзув бор эди:  Ҳокимдан ушбу тошни йўлдан олиб ташлаган инсонга мактуб! Сиз муаммони кўриб, шикоят қилиш ўрнига уни ҳал қилиш йўлидан юрдингиз ва ушбу мукофотга лойиқ топилдингиз! Биз сиз каби фидойи ва ташаббускор инсонлар билан кучли жамият қурамиз!

Ҳа, дўстлар! Кўп муаммоларнинг ечими оддий ва содда бўлади, аммо айримлар ўша муаммони ечиш йўлидан эмас, балки ундан шикоят қилиш йўлидан юради! Натижада жамиятда муаммо ечими ўрнига шикоят ҳайқириқлари кўпаяди, холос! Агар жамиятни тоза бўлишини хоҳласанг, аввало ўз феъл-атворингни ўзгартиришдан бошла, атрофингга эътиборли бўл, ўзинг юрар йўлларингни беминнат  тозалашга интил, ҳар ишда ташаббус кўрсат, беминнат меҳнат қил, шундагина  бутун жамият тоза бўлади! Эзгуликларнинг ажрини  эса Аллоҳнинг ўзи беради.

Эркин Юсупов тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.