Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов қўлимга Қозоғистон Республикаси элчихонасидан келган расмий хатнинг нусхасини берди. Унда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги “Қозоғистон –хорижий ОАВ нигоҳида” Y халқаро танлови ўтказилаётганлиги ва уни ўзбекистонлик журналистларга етказиш илтимос қилинганди. Бу менга туртки бўлди. Ўзим ҳам яқинда Жанубий Козоғистонга чиқиб келган ва тассуротларимни ёзишни режалаштириб юрган эдим…
Хотира гўзал. Кисловодскда бирга дам олган cайрамлик дўстимиз Жанубий Қозоғистон педогогика институтининг муассиси Раънохон Юнусова ўз муассасасининг 25 йиллик юбилейига таклиф қилган эди. Яна телефон қилиб эслатди. Биз юбилей кунлари узрли сабаблар билан бора олмадик. Ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам қутлаб келайлик дедикда Турон академияси академиги, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети профессори Дилором Ёрматова билан йўлга тушдик. Жанубий Қозоғистон деса, дарҳол тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди хотирамизга келади. Ана шу буюк инсоннинг хотираси туфайли аввал ҳам икки марта бу ерда бўлган эдим…
Биринчи бор келганимда жуда ёш эдим. Акам билан бирга онамизни зиёратга олиб келган эдик. Хоразмда Аҳмад Яссавийнинг асарлари ва унинг тариқати қоидаларини янада чуқурлаштириб кенг халқ оммасига етказган яссавиёна содда, равон услубда ижод қилган шогирди Сулаймон Боқирғоний асарлари жуда машҳур. Биз Тошкентда ўқиб, ишга қолгач онамнинг орзусини амалга оширдик. Ўшанда қанчалар хурсанд бўлганини ҳамон-ҳамон эслайман. Рахматлик онам бизни қайта- қайта дуо қилган эдилар. Онамнинг орзусини амалга оширганимиздан биз ҳам хурсанд бўлиб, зиёратдан руҳиятимиз енгил тортиб қайтган эдик.
Зиёратга бораётганда биз адашиб, бир кўл бўйларидан чиқиб қолгандик. У қанақа кўл эди. Ҳалиям ўйлайман. Кўлда оппоқ қушлар оҳиста сузиб юрарди. Биз уларни узоқ томоша қилганмиз. Ўшанда оққушларни биринчи бор кўришим эди. “Ака, қаранг оққушлар” дейман ҳаёжон билан. Улар оппоқ ўрдаклар дейди акам. Бий дала, транспорт деярли кўринмайди. У ерда йўловчи кутиб, анча вақт қолиб кетганмиз. Бироқ, олам мўъжизалари– қуёш чиқиши, унинг нурида кўл сувининг тилларанг бўлиб товланиши, оппоқ қушларнинг виқорли сузишини кузатиб, анча вақт қолиб кетганмиз. Ҳа бепаён Қозоғистон табиати мўъжизага бой деган хулосага келганман ўшанда.
Иккинчи борганимда “Мозийдан ёғдулар” кўрсатувини тайёрлаб келгандим. У пайтлар мустақилликнинг илк йиллари бўлиб, йўллар, чегаралар бекитилган давр эди. Ўзбекистон телевидениесидан жамоа бўлиб, битта автобус тўла касбдошлар Сайрамдаги беш қадамжони, жумладан, Аҳмад Яссавийнинг Сайрамдаги ота- онаси қабрларини зиёрат қилиб, сўнгра Арслонбоб мақбараси ҳамда Аҳмад Яссавий зиёратига ўтгандик. У пайтлар Ўзбекистон телевидениесида “Мозийдан ёғдулар” деган туркум кўрсатувлар тайёрлар эдим. Мен жамоам билан ушбу кўрсатувимни ҳам тайёрлаб келган эдим. Жамоа билан зиёрат қилиш ва касб бурчимизни бажариш мен учун катта бахт эди.
Мана энда учинчи марта келиб турибман… Дўстимиз чегарада кутиб олди. Фаолиятни зиёратдан бошладик. Биз бундан деярли 25 йил аввал кўрган зиёратгоҳлар буткул ўзгарибди, мустақиллик шарофати билан обод бўлибди. Масканларнинг таъмирланганидан. чор атрофга экилган турфа гуллар ифоридан баҳри дилим очилди. Йигирма беш йил олдин кўрганим қаровсиз масканлар бугунги кунда ободлиги Қозоғистоннинг ижтимоий- иқтисодий ҳаётини, бугунги турмуш тарзини ифода этиб турарди. Зеро, алломалар тарихсиз келажак йўқ дейишади.
Илм- таълим маскани. Жанубий Қозоғистон педогогика институтининг хусусийлиги бизни қизиқтирди. Чунки, бизнинг мамлакатимизда хусусий олий ўқув юрти йўқ, бари давлат тасарруфида бўлгани учун бу йўналиш журналистлар учун янгилик эди, албатта. Жанубий Қозоғистон педогогика институтини ташкил этган киши Бахтиёр Саидович Юнусов(жойи жаннатдан бўлсин) олийгоҳнинг бугунги муассиси Раънохон Юнусованинг турмуш ўртоғи бўлиб, у Тошкент давлат университети(бугунги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетида ўқиган, институтни битиргач, янги ташкил этилган Тошкент шарқшунослик институтида, кейинчалик Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида фаолият юритган. Мустақил Козоғистонда хусусий олий ўқув юрти очишга рухсат берилганидан кейин юртига қайтиб, ўзининг севимли иши педогогликни давом эттирди. Ушбу институтни ташкил этиб, унинг фаолиятини йўлга қўйган. Ўзи боқий оламга ўтсада, бугунги кунда фарзандлари унинг ишини давом қилдиришаяпти. Ўғиллари Ифтихор Бахтиёрович Юнусов ва Мадёр Бахтиёрович Юнусов институтни бошқаришяпти. Қизлари Санахон, Нодира, Рухсоралар ҳам ота изидан бориб, ушбу институтда, коллежда, боғчада болаларга таълим-тарбия беришади. Раънохон отасининг ишини давом қилдираётган болаларидан хурсанд, ўзи эса эндиликда невараларига бош-қош. Ўн тўққиз нафар неварасининг қилиқларини айтиб завқланади.
Раънохон бизни эри ўтирган хонага таклиф қилди. Бу ерда институт ташкилотчиси ҳақига тилавот қилдик. Юбилей қандай ўтганлигини гапириб берди.
Одатимга кўра қаерга борсам ОАВларини билан танишиб чиқаман. Раънохоннинг столида кўпгина нашрлар орасида “Жанубий Қозоғистон” газетаси ҳам бор экан. Ўзбек тилида чиқадиган бу нашрда “Ижтимоий-сиёсий ўрни, қадимий қадриятларига эга Чимкент, Сайрам Қозоғистондаги аҳолининг тиғизлиги нуқтаи назаридан учинчи ўринда турувчи шаҳар” деб таништирилади. Ўзбек миллий маданияти маркази фаолияти ва унинг раҳбарини сайлашга доир мақола ҳам мамлакатда турли миллат вакиллари демократия асосида дўстона яшаётганини ўзида акс эттиради. Нашрларни бир-бир кўздан кечириб бугунги Қозоғистон, жумладан Чимкент. Сайрам бутунлай янги қиёфа олаётганининг гувоҳи бўлдим.
Мустақил Қозоғистоннинг бир бўлаги бўлган зиёга, нурга тўла пиру бадавлат Раънохоннинг хонадони вакиллари амалга ошираётган ишлар, таълим-тарбия ўчоғининг фаолияти бизни ҳайратлантирди. Раънохон Ўзбекистон институтлари билан ҳамкорликлари ҳақида сўзлаб берди. Икки мамлакат дўстлиги, ҳамкорлиги акс этган маънавият хонасини кўрсатди. Сўнгра ҳамма ёқни бир бир айланиб чиқдик. Бу ерда, таълим-тарбия ўзбек, қозоқ, рус, инглиз тилларида юритилар экан. Талабалар учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Ёруғ кенг ўқув хоналари, маданий дам олиш хоналари, спорт ва мажлислар заллари, ошхона мавжуд бўлиб бари-бари замонавий таълим- тарбия талабларига мос. Айни кунда давлатдан кредит олиб талабалар учун янги замонавий ётоқхона ҳам қурилаётган экан. Шунингдек, институт ҳузурида лицей фаолият юритаётган бўлиб, ҳатто лицей ўқувчилари учун ҳам ётоқхоналар ташкил этилган экан. Институтда Ўзбекистонлик талабалар ҳам ўқишар экан. Бу олийгоҳ барча мустақил мамлакатлар қатори ривожланиш ва равнақ йўлига кирган Қозоғистоннинг гўзал кичкинагина бир тимсолидек туюлди бизга. Дўстимиз Раънохон учун ҳам қувондик.
Эзгу келажак йўлида Қозоғистонда олиб борилаётган ибратли, хайрли ишларни биргина институтнинг мисолида ҳам кўриш мумкин эди. Зеро, биз болажон халқмиз. Фарзандларимизни дунёдаги энг тотли, лаззатли неъматларга менгзаб, суямиз. Уларнинг таълим-тарбияси, келажаги, маънавий камолоти, порлоқ истиқболи ҳақида қайғурамиз.
Маълумки, ёш авлод таълим-тарбиясига қанчалик жиддий эътибор қаратилса, унинг самараси шунчалик эрта бўй кўрсатади. Зеро, шунинг учун бўлса керак Қозоғистон мактаб таълимига болалар беш ёшдан бошлаб қабул қилиниши тўғрисидаги хабарни эшитдик. Бу ҳам Марказий Осий мамлакатлари учун янгилик. Бунинг учун беш ёш болаларга мос таълим масканлари, шароит, қулай муҳит керак бўлади. Масалан, беш ёш бола ухлаб дам олиши ҳам керакда. Демак, шунга яраша имкониятлар ҳозирланган. Бу янгиликни фақат қутлаш керак.
Қонунларга бир назар. Тонг саҳарлаб туриб сайр қиладиган анъанавий одатим бор. Қаерга борсам ҳам уни канда қилмайман. Бодом дарёси бўйида жойлашган Чайковский кўчани айланиб чиқдим. Кўчалар саранжом- саришта, озода, чор-атроф қўм-кўк, қуюқ дарахтзор. Ҳовлилар олдига турфа гуллар экилган. Дилингиз ором олади. Бундан чорак аср олдин кўрганим, зиёратгоҳлар, уйлар обод эмаслигидан ҳайрон бўлганимни яна бир бор эсладим. Кенг қирларни кесиб ўтган равон йўллар, уларнинг улуғворлиги, гўзаллиги қалбимни нурга тўлдириб юборди.
Олдинги келганимда бу ерларни узоқ ҳудудлардаги қаровсиз қишлоқларга ўхшатгандим. Ҳозир кўз олдимда бутунлай бошқа манзара намоён бўлди. Ҳатто, одамларнинг уйлари атрофи, кўчалар жуда озода, гўзал бунга қандай эришилди экан, дея ўйладим. Дугонам Раънохондан унинг сабабини сўрадим. “Бизда жамоат жойларида писта чақиш, папирос чекиш тақиқланган. Ҳатто, ўз уйининг эшиги олдидаги ўриндиқда ўтириб писта чақса ёки папирос чекса жарима белгиланган. Бу қонунимизнинг борлиги кўчаларимизнинг озодалигига муносиб ҳисса қўшди”– дейди у.
“Жарима қанча?”- сўрайман. “Сизларнинг пулга ҳисобласак, юз минг сўм жарима белгиланган, яна ўн – ўн беш кун кўчаларни текинга супиртиради ҳам”. У мени ўйланиб турганимни кўриб яна гапини давом қилдиради. “Эрталаб шаҳарга чиқсак кўчада маст ҳолда ётганларни кўп кўрардик. Ҳозир унақалар йўқ. Чунки, ароқ ичиб кўчаларда юриш ҳам таъқиқланган. Уларга ҳам жарима белгиланган. Унинг жаримаси янада қимматроқ. Яна қўшимчасига ўн-ўн беш кун кўча супиртирилади. Бу жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Эндиликда кўчада ётган мастларни кўрмайсиз. Писта чақиб ўтиришлар ҳам йўқ. Бу шаҳарнинг озодалигига, маънавиятнинг юксалишига катта таъсир қилди”.
“Шунга қанча бўлди?” сўрайман ундан. “Кўпмас бор йўғи беш-олти йил бўлди. Қонун қонунда тезда тартибга тушди”. Жавоб қилади у. Ичкилик нафақат оилаларнинг, миллатнинг ҳам фожеаси, бунинг олди олинишдаги Қозоғистон тажрибаси менга маъқул келди. Ўзим Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутат бўлиб, ишлаган йилларимдан кўникмами қаерга борсам қонунчилигига алоҳида эътибор бераман. Энг асосийси ўша ҳуқуқий норма самара берганлигининг гувоҳи бўлдим. Бу ўрганса арзийдиган иш экан деган фикр ўтди хаёлимдан.
Тошкентда тонг саҳарлаб сайрга чиқсам уй атрофидаги ўриндиқлар пастида чақилган писта пўчоқлари дилимни хира қилганини, қўшним, уйимиз етакчиси Машҳуранинг ёшларни тартибга чақириб бир неча марта дили хира бўлганлигини эсладим. “Хафа бўлиш ахмоқлар айби билан ўзингни жазолашдир”, деган алломаларнинг сўзларни эслатардим унга жиғи бийрон бўлганида.
Дунё кезсанг ўрганаверасан. Шу таклифни тегишли жойларга бераман деган фикр хаёлимдан кечди. Дарҳақиқат, инсоннинг онги ва тафаккури ўзгармаса, ҳаёт ўзгармайди. Шу жиҳатдан ҳуқуқий, демократик давлатнинг келажаги бўлмиш фарзандларимизнинг ҳуқуқий онг ва тафаккурга эга бўлишларида жаҳон тажрибаси билан миллий қадриятлар уйғунлашсагина тараққиёт бўлади.
Бодом дарёси бўйидаги уйлар. Забадам кўпригидан тушиб, Чайковский кўчаси бўйлаб сайр қилдим. Бир-биридан гўзал уйлар, обод кўчалар менга маъқул келди. “Бир пайтлар анҳор бўйлари бодомзорлардан иборат бўлган экан. Кейинчалик улар кесилиб кетган. Шунинг учун руслар бу жойларни, анҳорга қурилган кўприкни забодом дейишган. Оғир йилларда ҳар бир дарахтга солиқ солингани туфайли дарахтлар кесилиб кетган дейишади момоларимиз. Қадимий қадриятлар тикланаяпти. Бугунги кунда эшик олдига бодомлар экиш урф бўляпти. Кўчамиз номига муносиб бўлиши керакда” дейди Раънохон Юнусова.
Унинг сўзларини тинглаб, “ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади”, деган алломанинг сўзларини эсладим…
Раъно Зарипова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист