“Юксалиш” ҳаракати илк бор Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рейтингини эълон қилди

0
99
марта кўрилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ҳамда минтақа экспертлари кўмагида илк бор “Марказий Осиёнинг етакчи аёллари” рейтинггини тузди.  Унга Марказий Осиёдаги 40 нафар фаол аёл киритилган.

Рейтингга киритилган аёллар минтақада турли соҳаларга, шу жумладан, сиёсат, бизнес, таълим, фан, санъат ва ижтимоий масалаларга ижобий таъсир кўрсатган. Номзодлар рўйхати шакллантирилгач, ҳаракатнинг минтақа миқёсидаги экспертлар гуруҳига тақдим этилган. Экспертлар номзодларни ҳам математик, ҳам эмпирик методларга таянган ҳолда саралаган.

Саралаш жараёнининг биринчи босқичида номзодлар қуйидагиларга қараб баҳоланган:

  • эгаллаб турган лавозими ва қарорлар қабул қилишга таъсир қилиш даражаси (10 балл);
  • иқтибосларда келтирилиши ва таниқлилиги (10 балл);
  • ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ташаббусларни илгари сурганлиги (5 балл).

Иккинчи босқичда минтақанинг 300 яқин экспертлар иштирокида онлайн овоз бериш жараёни ўтказилган. Овоз берган экспертлар таркибида инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсманлар, минтақанинг етакчи “ақл марказлари” раҳбарлари, парламентарийлар, академиклар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари бор.

Экспертларнинг таъкидлашича, Танзила Норбоева Ўзбекистон тарихида Сенатга раислик қилаётган илк аёл. Бунгача у Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган. “Шуҳрат” медали, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2019 йилда “Энг фаол давлат арбоби — Ўзбекистонда йил одами” cифатида эътироф этилган.

Роза Отунбоева Марказий Осиёдаги биринчи аёл президент. Бугунда Қирғиз Республикаси ривожига кўп томонлама ҳисса қўшаётган “Роза Отунбоева ташаббуси” жамоат фонди асосчиси. У етакчилик, дипломатия, фаол фуқаролик ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида 35 йилдан ортиқ касбий тажрибага эга. Фуқаролик жамияти, давлат ва хусусий секторлар ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун Қувайт мукофоти билан тақдирланган.

Экспертлар, шунингдек, Зироат Мирзиёева раислигидаги “Замин” фонди соғлиқни сақлаш, таълим, аёллар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва қарияларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётганини эътироф этган. Биринчи хоним халқаро миқёсдаги йирик анжуманлар, саммитларда фаол иштирок этиб, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлашга, ўзбек жамияти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Озода Раҳмон Тожикистон ҳукуматида юқори лавозимлардаги фаолиятидан ташқари, ўзининг хайрия ишлари, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ва таълим соҳасидаги ислоҳотларга таъсир кўрсатиши билан танилган.

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Фанлар академияси президенти Кунсулу Закариё биология фанлари доктори, профессор, Ал-Фаробий номидаги фан ва техника соҳасидаги Давлат мукофоти лауреати. Олима аёл Қозоғистон илм-фанини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. У COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши ҚазCовид-ин (QazVac) вакцинасини ишлаб чиққан. 200 дан ортиқ илмий нашрлар ҳамда илмий-услубий қўлланмалар, монографиялар, ихтиролар ва меъёрий-техник ҳужжатлар муаллифи.

Мяҳри Бяшимова Туркманистон ташқи ишлар вазирлигидаги фаолиятидан ташқари, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, янги экологик тоза технологиялардан фойдаланишга оид лойиҳаларни фаол илгари суради, бу бўйича БМТнинг юқори даражадаги йиғилишларида иштирок этиб келади.

Умут Шаяхметова Қозоғистонда аёл бизнес етакчиларидан бири. У бошқараётган Халқ банки Марказий Осиёдаги йирик банклардан биридир. 2023 йилда нуфузли халқаро нашр – International Bankerъга кўра, Шарқий Европадаги энг яхши банк деб топилди. Шунингдек, Қозоғистон Олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган биринчи аёлдир.

Саида Мирзиёева Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, шунингдек, гендер тенглиги масалалари бўйича фаоллик кўрсатиб, хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Жамиятдаги муаммоларни кўтариб, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муносабатини билдириб келади. Халқаро минбарларда Ўзбекистон номидан сўзга чиқиб, йирик таълимий ва маданий, экологик лойиҳаларни тақдим этмоқда.

34 ёшли Дунёгўзал Гулманова Туркманистон тарихида парламентнинг энг ёш спикери ҳисобланади. Экспертлар унинг ушбу лавозимга сайланишини мамлакат сиёсий манзарасида муҳим ўзгаришлардан дарак эканини таъкидлаган. Охирги парламент сайловлари натижаларига кўра, депутатларнинг 25,60 фоизини аёллар ташкил этди. Депутатлар таркиби сезиларли даражада ёшарди: қарийб 10 фоизи 30 ёшгача, 40,80 фоизи эса 40 ёшгача бўлган фуқаролардир.

Таҳририятдан: Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда эътиборга молик ва қизиқарли рейтингларни тузаётганини алоҳида таъкидлаш керак. 

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.