Ўзбекистонлик журналистлар юзлаб президентлар етишиб чиққан халқаро тажриба алмашинув лойиҳасида

0
375
марта кўрилган.

АҚШнинг Таълим ва Маданий ишлар бюросининг Лидерлик Халқаро Дастури илк бор 1940 йилда ташкил этилган бўлиб, турли мамлакатларнинг давлат ва нодавлат ташкилотларида фаолият юритувчи мутахассисларига АҚШнинг сиёсий-маъмурий бошқарув тизими, оммавий ахборот воситалари, турли илмий муассасалари ва бошқа нодавлат ташкилотлари фаолиятини, умуман америка жамиятини яқиндан таништириш мақсадида фаолият юритади.

Дастур доирасида ҳар йили бутун дунёдан 4500 дан зиёд турли соҳа мутахассислари АҚШга ташриф буюриб, малака оширишади. Шу кунгача ушбу дастурда иштирок этганларнинг 500 дан зиёди кейинчалик ўз мамлакатларида депутат, сенатор, ҳоким, бош вазир ва ҳаттоки президент каби юқори лавозимларга эришган кишилар мавжуд. Жумладан, Николас Сакози (Франция), Михаил Сакашвили (Грузия), Абдулла Гул (Туркия), Леонид Кучма (Украина), Ҳамид Карзай (Афғонистон), Курманбек Бакиев (Қирғизистон), Кристиан Вульф (Германия), Чен Шуи-биан (Тайван), Намбарян Энкҳбаяр (Муғулистон), Саули Ниниисто (Эстония), Иво Жосипович (Хорватия),  Борис Тражковски (Македония) каби юзлаб президентлар, Тони Блеер, Индира Ганди, Никола Груевски каби юзлаб бош вазирлар ҳам ушбу дастурда иштирок этганлар.

Бугун дастур доирасида бир қатор Ўзбекситонлик журналистлар учун “ОАВ: ҳамкорлик ва тараққиёт” мавзусида саёҳат уюштириляпти. Журналистларимиз АҚШ департаменти,  Федерал Алоқалар комиссияси, Америка овози телерадиокомпанияси, Америка Паблик рилейшнз жамияти, Жоржтаун университети, Неwсеум музейи каби кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотларига ташриф буюриб, АҚШнинг сиёсий-маъмурий бошқарув органлари ва ОАВ ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар.

Бугун АҚШда меҳмон бўлиб турган ўзбекистонлик журналистларимиз билан суҳбатлашиб, лойиҳа ҳақида фикрлари билан яқиндан танишдик.

Аслиддин Суюнов (ЎзА Бош муҳаррири):

Дастур доирасида кўплаб давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимият идоралари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа нодавлат ташкилотларида бўлдик. Ҳар бирининг ўзига яраша ўрганишга арзигулик томонлари бор. Масалан, Паблик рилейшнз Америка Паблик рилейшнз  ассациациясини олайлик.  Ассациациянинг биргина пойтахт бўлими 1100 нафар журналистни бирлаштирар экан. Бу дегани пойтахт Вашингтон, пойтахт атрофидаги икки штат – Мериленд ва Шимолий Виржиниянинг кўплаб журналистлари ана шу ташкилотга аъзо бўлиб, улар ассациация томонидан мунтазам ташкил этиладиган турли тренингларда иштирок этадилар, доимий равишда профессионал малакаларини ошириб борадилар, тажриба алмашадилар. Мамлакатнинг 30 мингдан ортиқ журналисти бу ташкилотга аъзо бўлиб, дунёдаги энг катта ПР ташкилотларидан бири саналади. Умуман, тажриба алмашиш самараси ўлароқ ўзимиз учун янги-янги жиҳатларни кашф этдик.

Яқин кунларда яна Нью-Йорк, Миннесота, Орегон, Нью-Мексико штатларида ҳам бўлиб, “Готам”, “Стар Трибуне” газетаси, БС Кечки янгиликлар студияси, Миннесота Жамоат Радиоси, Миннесота университетининг  Журналистика ва Оммавий Коммуникация факультети, Нью-Мексико Матбуот ассациацияси каби бир қатор нуфузли ташкилотларга ташрифимиз режалаштирилган.

Саиджон Маҳсумов (“Халқ Сўзи” газетаси мухбири ва веб-сайти менежери):

Дастур доирасида дунёдаги етакчи халқаро телерадиохизмат —  Америка овози”да бўлдик. Дунёнинг 55 тилида хизмат кўрсатувчи бу компания АҚШ ҳамда  жаҳоннинг турли бурчакларида 22 та янгиликлар бюросига яъни филиалига эга. Уни дунёда ҳафтасига 94 миллион киши томоша қилади, тинглайди ва мутолаа қилади. Гарчи ташкилот федерал ҳукумат томонидан ташкил этилган ва давлат маблағи ҳисобидан молиялаштирилса-да, Америка овози Касбий кодекси ҳар қандай давлат органининг унинг ишига аралашувини чеклайди, журналистлар мустақиллигини таъминлайди, мухбирларни турли масалаларни холис ва ҳаққоний ёритишида “назоратчи” вазифасини ўтайди. 

Вашингтондаги “Неwсеум” музейи, аниқроқ айтганда журналистика музейида ҳам бўлдик. Америка журналистикасининг юзага келганидан то бугунгача бўлган тарихи, хусусиятлари билан танишдик. Музейдаги “Америкада эркин матбуот” мавзусидаги давра суҳбатида эса Америка демократияси ва эркинлигини таъминлаш йўлида “таъмал тош” қўйган ислоҳот —  АҚШ Конституциясига киритилган Биринчи тузатиш ҳақида суҳбатлашиб, ўзимиз учун анчайин янгиликлар олдик.

Куни кеча Вашингтонда Матбуот Журналистикаси алянсида бўлдик. Мазкур нодавлат-нотижорат ташкилот 1992 йилда матбуот журналистикаси фаолияти билан шуғулланувчи еттита ассоциацияни бирлаштириш натижасида ташкиллаштирилган бўлиб, бугунги аудиовизуал журналистика матбуот журналистикасидан ўзиб кетган бир даврда босма матбуотни сақлаб қолиш, ривожлантириш ва бугунги замонга мос равишда рақобатбардошлигини ошириш масалалари билан шуғулланади. Ташкилот матбуотни журналист текшируви, танқидий-таҳлили мақолалар билан бойитиш ҳисобига обуначилар сонини ошириш, рекламалар узатиш, ҳомийлар топиш эвазига молиявий фойда топиш масалалари бўйича йўл-йўриқлар бериб келади. Аслида, бу мавзу бизнинг ўзбек матбуотимиз учун ҳам долзарб. Тадбирда аудиовизуал журналистика устун келаётган бир даврда матбуотнинг “яшаб қолиш” сир-асрорларини ўргандик.

Дилфуза Собирова (Ёшлар Медиа маркази матбуот котиби):

АҚШнинг энг қўҳна университетларидан бири – 1789 йилда расман ташкил этилган Жоржтаун  университетида бўлганимизда профессор Линн Росс билан АҚШ ҳукуматининг федерал тизими ҳақида суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбатдан хулоса чиқардимки, АҚШда сиёсий-маъмурий бошқарув марказлашган эмас, ҳар бир штат ўз ҳокимияти, ўз Конституциясига эга. Лекин шундай бўлсада, улар мамлакатнинг ягона бош Конституциясига зид эмас. Бундай сиёсий-маъмурий бошқарув албатта жуда катта ҳудуд, турли географик шароит, хилма-хил миллат, маданият вакиллари истиқомат қиладиган мамлакатни бошқаришда қулай оқилона бошқарув тизимидир, фикримча.

АҚШ департаментида бўлганимизда эса Жамоатчилик билан алоқалар бюроси, Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бюроси вакиллари билан АҚШ-Ўзбекистон алоқалари, ҳар икки давлатнинг оммавий ахборот воситалари ҳақида суҳбат бўлиб ўтди. Англадикки,  Жамоатчилик билан алоқалар бюроси АҚШнинг ташқи сиёсати, дунё ҳамжамиятида миллий маанфаатларини ҳимоя қилиш, дунё аҳли кўз ўнгида мамлакатнинг ижобий имижини яратиш мақсадида кўпгина миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади ва шунга мос ахборотлар тарқатади. Умуман, бу ижобий амалиёт бўлиб, бизда ҳам Ўзбекистон имижини дунё майдонида ижобий шакллантирадиган муассаса ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ, назаримда.

 Нозима Тошўлатова (Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери, Ўзбекистон 24 телеканали мухбири):

Лойиҳа доирасида АҚШ департаменти,  Федерал алоқалар комиссияси, Америка овози телерадиокомпанияси, Америка Паблик рилейшнз жамияти, Жоржтаун университети, Неwсеум музейи каби кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотларига ташриф буюриб, бу мамлакатнинг сиёсий-маъмурий бошқарув органлари ва ОАВ ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишмоқдамиз. Ўзим ҳам телевидение журналисти, ҳам Журналистларни қайта тайёрлаш марказида тренер сифатида фаолият юритганим сабабли Мериленд штатидаги “Ҳоупла” медиа ташкилотига ташрифимиз менда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур ташкилот ОАВга турли йўналишларда, яъни реклама, ижтимоий ролик, қисқа метражли фильмлар тайёрлашдан тортиб менежмент ва маркетинг масалалари бўйича профессионал маслаҳатлар, журналист, муҳаррир,  техник ходимлар ва бошқа ОАВ вакилларига касбий малакани ошириш учун тренинглар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатади. Бизга ўтилган ярим кунлик тренингда  Блоомберг, Реутерс каби дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатган Брук Мак Дональд телевидение журналистикаси учун кўрсатув тайёрлашнинг сир-асрорларидан маълумотлар берди. Хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш шахсий камолотимизда,  албатта ўз ўрнига эга.

Дилфузабегим РЎЗМЕТОВА (Ўзбекситон Савдо-саноат палатаси Матбуот котиби):

Мериленд Штат бош уйига ташриф буюрганимизда штат губернатори матбуот хизмати вакиллари биз билан суҳбат ўтказдилар. Ўзим Матбуот хизматида фаолият юритганим сабабли матбуот хизматининг фаолият юритиш тартиби менга анчайин қизиқарли бўлди.

Яна Конгресс кутубхонасига ҳам ташриф буюрдик. Кутубхона китоб ва бошқа материаллар заҳирасига кўра дунёдаги энг катта кутубхоналардан бири саналиб, жамоатчилик учун очиқ экан.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ (Ишонч газетаси мухбири):

Куни кеча Вашингтонда Федерал алоқалар комиссиясида бўлдик. Англадикки, Комиссия 1934 йилда Конгресс томонидан ташкил этилган бўлса-да, мустақил ташкилот саналиб, штатлараро ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатларни тартибга солиб келади. Комиссия мамлакат бўйлаб бир қанча бюро ва офисларига эга бўлиб, бюролар масалаларни йўналишига қараб кўриб чиқса, турли штатлардаги офислари маҳаллий масалаларни жойида ҳал этади. Умуман, турли давлат ва нодавлат ташкилотларга ташрифимиз асносида америка сиёсий-маъмурий тизими, оммавий ахборот воситалари билан яқиндан танишмоқдамиз.

Ҳа, бу каби тажриба алмашинув дастурлари нафақат касбий тажриба ва малака оширишга хизмат қилади, балки ўша давлат маъмурий-бошқарув тизими, ижтимоий ҳаёт ва турмуш тарзи, маданияти билан яқиндан танишиш орқали америка жамияти ҳақида чуқурроқ билиш имкониятларини ҳам беради. Биз эса юзлаб президентлар етишиб чиққан бу дастур иштирокчиларига кейинги фаолиятларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА,

Вашингтондан махсус тайёрлади

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.