Ушбу суратдаги врачлар Италиядаги коронавирус билан кураш олиб борган, кунларни кунларга улаб, тунларни бедор ўтказган фидойи шифокорлар! Касбига садоқатли ушбу инсонлар ўзлари хам касалликка чалиниб бир ой ичида вафот этишган. Улар кимнингдир отаси, кимнингдир онаси, турмуш ўртоғи, синглиси, акаси… Жонини фидо қилганларнинг жойи жаннатларда бўлсин. Аллоҳ ўз марҳаматига, раҳматига олсин.
Улар бизга бегона. Лекин тақдирларига ачинамиз. Ўзимизнинг шифокорлар-чи?, Улар ҳам қай биримизнинг яқинларимиз, жон-жигарларимиз. Уларнинг хам суратлари мана шу ҳолатда чиқмаслиги учун сабр қилайлик. Уйда ўтирайлик. Ватан даъватига, ҳукумат чора-тадбирларига, тартиб-қоидаларга риоя қилайлик!
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида таъкидлаганидек, “ўзининг касаллигини била туриб ўнлаб кишиларга вирус юқтираётганларнинг ҳолатлари, ҳатти-ҳаракатлари «аслида, бу — жиноят». Дарҳақиқат, бир киши ўнлаб кишига юқтиргани, яна юзлаб кишини карантинга тушишига сабабчи бўлгани жиноят бўлмасдан нима?
Ўзингизни, оилангизни, куну тун тиним билмаётган, уйига ҳам бора олмаётган врачларни, элни, юртни ўйланг. Кейинчалик сизни виждон азоби қийнамасин! Сабр қилинг. Сабр таги олтин дейди халқимиз. Уйда қолиб, мутахассисларнинг тавсияларига, карантин даврининг тартиб -қоидаларига қатъий риоя қилинг, шундагина ушбу синовли кунларни тезроқ енгиб ўтамиз! Бутун кучу шижоатимиз, билиму тажрибамиз, сабру қаноатимизни жамласак, Аллоҳнинг сийловларига ҳам етамиз!
Ҳурматли юртдошлар! Унутманг, масъулиятли бўлишимиз, барча қоидаларга амал қилишимиз билан нафақат ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, фарзандларимиз, балки бутун юртимиз одамларини, жумлаи жаҳон аҳлини асраб қоламиз!
Марказимиз ва сайтимиз жамоаси номидан барчангизга эзгу тилаклар билдириб қоламиз.
Нодира САЪДУЛЛАЕВА, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси