“Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентнинг 21 октябрь кунидаги Фармонга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.
Шунингдек, Фармонда янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга соладиган Атамалар комиссиясини тузиш масаласини ҳам назарда тутилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида эса шундай дейилади: Мен бугун азиз болаларимизга мурожаат қилиб, улуғ аллома, XX аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.
Шунингдек, ушбу ҳужжатда Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи, дея таъкидланади.
Дарҳақиқат, Ватанимиз неча юз йиллар мобайнида буюк цивилизация ва маданият марказларидан бири бўлган.
Доно халқимизнинг “Тил билган – эл билади” деган матали ҳам бежиз эмас. Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий каби улуғ аждодларимиз ўзининг она тили билан бирга ўнлаб тилларни мукаммал билганлари учун ҳам жаҳон илм-фанининг юксак чўққиларини забт этганлар.
Мана шу далилнинг ўзи ҳам қадимдан диёримизда ўзбек халқи билан бирга турли миллат вакиллари елкадош, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, тинч ва осойишта муҳитда яшаб келганини акс эттиради.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсати туфайли, юртимизда ягона оила бўлиб яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларига ўз она тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилмоқда. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 140 га яқин миллий маданий марказлари айни шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим,– дея таъкидлади.
Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб, ёш авлод қалбига она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарзандларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб камол топиши халқимизнинг асосий мақсадидир.
Дарҳақиқат, бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга муҳаббат, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз лозим.
Пойтахтдаги 91-мактабнинг жамоаси ўзбек тилига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш муқаддас бурч эканлигини ўқувчилар онг-шуурига сингдириш мақсадида “Тил – миллат кўзгуси!” шиори остида тадбир уюштирди. Энг асосийси унда ўқувчилар фаол қатнашдилар. Мактаб ўқувчилари ижросида юқорида тилга олинган мавзулар кенг акс эттирилди.
Улар Она тилимизга, ўзбек адабиётига, халқимизнинг қадриятларига эҳтиромини кўрсатиш билан бирга ўз истеъдодларини намоён қилдилар.
Саҳнанинг дид билан безатилганлиги, миллий қадриятларга, урф-одатларга, миллий либосларга эътиборнинг ўзига хослиги катта-ю кичикда яхши таассурот уйғотди.
Уларнинг шеър ва қўшиқларини тинглаб, ўзбек асарларидан ижро этган саҳна кўринишларини кузатиб, давлат тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда бундан буён ҳам изчил давом этаверишини англадик.
Тил байрамида фаол қатнашган ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирилди.
Ушбу тадбирда мен ҳам жуда мамнуният билан қатнашдим, педогоглар, ўқувчилар ва тадбирда қатнашаётган ота-оналарни улуғ байрам билан табрикладим. Ушбу мактабда ўқиган қизимни ва ўзимнинг муллифлик китобларимизни “Соғлом она ва бола” марказимиз номидан мактаб кутубхонасига армуғон қилдим.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист