Биз адабиётимиз хазинасига муносиб ҳисса қўшган, ҳикоя, қисса ва романлари билан бадиий ижод оламида ўчмас из қолдирган севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳор ва таниқли санъаткор Юнус Ражабий уй музейида бўлдик.
Алломаларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан танишиб, тарихга саёҳат қилдик. Ушбу кун биз ёшлар яъни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари хотирасида унутилмас дақиқалар бўлди, десам ҳам асло муболаға бўлмайди.
Буюк ижодкор инсонлар биз ёшларга қолдирган улуғвор мерослари – асарлари асрлар оша ўзлигини намоён қилаверади, йўлчи юлдуз бўлиб биз каби ёшларни эзгуликка чорлаб тураверади. Улар мангу ёдимиздадурлар.
Устоз Абдулла Қаҳҳор ўз қўллари билан эккан хурмолардан татиб, буюк инсоннинг хотирасига дуо-и фатиҳалар ўқидик.
Шунингдек, ўша гўзал дамларда яна бир устоз ижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова билан бўлган учрашув ва уларнинг бизга ҳаёт, адабиёт, журналистика борасида берган ўгитлари асло ёдимиздан чиқмайди. Журналистика ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Устоз раҳбарлик қилаётган Gujum. uz сайти фаолияти билан интернет орқали танишдик.
Устоз қизғин ва қизиқарли суҳбатдан кейин биз ёшларга адабиёт ва журналистика илмига оид саволлар бердилар, малакали жавоб берган биз талабаларни руҳлантириб, блокнот ва ручкалар армуғон қилдилар.
Бизга ана шундай саёҳатларни, амалий машғулотларни ташкиллаштириб берган устозимиз Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, филология фанлари доктори Мансур Юнусовга ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келажакда биз ёшлар уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қиламиз.
Учрашув сўнггида устоз Раъно Зарипова томонидан парламент ҳузуридаги фонд гранти асосида очиқ осмон остида ташкил этилган QR кодли миникутубхона билан танишдик. Китоб алмашиб ўқиш эканлигини эътиборга олиб, қайтариш шарти билан ўзимизга ёққан китоблардан уйда ўқишга олдик. Кўпчилигимизни «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилган «Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси» номли иллюстрацияли китоб қизиқтирди. Уни ҳам алмаштириб ўқишга келишиб олдик.
Бахтинигор Ўринова, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 1-босқич талабаси
Талабалар олган сувратлар