Қўшним Азимхон неварамнинг ўртоғи телеграм орқали 7 та суврат жўнатибди. Суратлар тагига : Онлайн ўқияпмиз, уйда дарс тайёрлаб, расмлар чизяпмиз, дея ёзилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида эътибор қаратиб, фарзандлар таълим- тарбиясига ҳам тўхталиб ўтди:
– Мамлакатимизда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Биз вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ишимизни бошқа шаклда ташкил этяпмиз. Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, “онлайн” режимда олиб борилмоқда.
Кичкинтой қўшним Азимхоннинг фаолияти, ота-оналарининг саъй-ҳаракати, педогогларнинг жонкуярлиги ва уларнинг ҳамкорлиги ҳам Президентимизнинг сўзларига мисол бўла олади.
Қодиров Азимхон Абдуллажон ўғли пойтахтимиздаги 110 мактабнинг 1-синфида аъло баҳоларга ўқийди. Расм чизишни хуш кўради. Карантин даврида чизган расмлари билан хонасининг деворларини тўлдириб ташлади. Албатта, бунда ота-онасининг болага бўлган эътибори катта аҳамиятга эга.
Унинг оиласи яна бир яхши ишга қўл урди. Тошкент мактабларида ҳар бир синфнинг телеграмда ота-оналар гуруҳи мавжуд. Бу гуруҳни ота оналарнинг маҳорат мактаби деса ҳам бўлади. Чунки, гуруҳдагиларнинг мулоқати фақат бола тарбияси ҳақида бўлади тажриба алмашишади, бири бирига ўргатишади, бири биридан ўрганишади. Азимжоннинг ота-онаси ҳам ана шундай гуруҳга аъзо. Ушбу гуруҳнинг берган маълумотлари орқалида улар edu time.ru сайтига кириб, карантин даврига режалаштирилган “Время знаний” халқаро олимпиадасида онлайн тарзда фарзандининг билимини синаб кўришди.
Бир йўласига математика, рус ва инглиз тили бўйича учта йўналишда қатнашган Азимхон ғолибликни қўлга киритди.
Мураккаб синовли кунларда уйда ўтириб, фарзандининг таълим- тарбиясига алоҳида эътибор бериб, жигарбандининг салоҳиятини текшириб, унинг ҳаётини мазмун-моҳият билан тўлдираётган ота-онасига марказимиз номидан раҳматлар айтамиз ва бу эзгулик кенгроқ тарқалиши учун қаламга олдик.
Албатта, биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда ўз ҳаётимизни, элимизнинг соғлиғини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида ҳукуматимизнинг тартиб –қоидаларига, тавсияларига амал қилишимиз шарт.
– Мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати ва сабр-матонати, меҳр-оқибати ва самимияти билан ушбу оғир синовларни ҳам, албатта, енгиб ўтамиз, – дея Президентимиз Шавкат Мирзиёев 14 апрелдаги видеоселектор йиғилишида бизга ишонч билдирди.
Азиз ота-оналар, бизга билдирилган ишончни оқлайлик. Уйда қолинг, бутун диққатингизни оилага, фарзанд тарбиясига қаратинг! Мураккаб синовли кунлардан ўтиб, сийловли кунларга ҳам етказишини Яратгандан сўраб қоламиз.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист