Китобхонликни қўллаб-қувватлаётган волонтерлардан миннатдормиз

0
211
марта кўрилган.

Бугунги кунда инновацион янгиликлар кўпайиб, тараққиёт кучайиб, давр юксалиб бормоқда. Ушбу бизни ўраб турган олам, ушбу аср қанчалар тараққий топган аср бўлмасин, барибир фақирдир. Чунки, ҳамон бахту саодат, эзгулик ва вафо изланмоқда. Демак, тараққиёт ва бойликнинг ўзи бахт-саодатни тўлиқ таъминлаб бера олмас экан. Бундан келиб чиқади-ки, маънавиятни, маърифатни юксалтиришнинг  аҳамияти янада ортиб бораверар экан.

Маънавиятни, маърифатни юксалтиришнинг йўли эса мутолаа маданиятини кучайтириш эканлигини мамлакатимиз Президенти қарорларидан, Ҳаракат стратегиясидан ва унинг узвий давоми бўлган Тараққиёт стратегиясидан ҳам англаш мумкин.

Замоннинг кемтиклиги шунда-ки, баъзи одамлар сояга ўхшайди, уларга на суяниб бўлади, на ишониб. Ундай пайтларда  беихтиёр шоир ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шеърий сатрлари, ўгитлари хаёлдан кечади ва ўзингизни юпатасиз ва ўзингизни англашга интиласиз…

Ҳар кимки, вафо қилса, вафо топқусидир,

Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидир,

Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,

Ҳар кимки, ёмон бўлса, жазо топқусидир.

Қуръони каримнинг  Зориёт сураси 56-оятида шундай дейилади: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. Ибодат нима ўзи?! Намоз ўқишми1?  “…Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир” дейди замондошимиз  шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуф(охирати обод бўлсин).

Азизларим, эзгуликка, яхши амалларга юзланинг. Яхшилик йўлида қилган ҳар бир ишимизни, катта-кичик амалларимизни Аллоҳнинг ўзи ибодат даражасида қабул қилишларидан умидвормиз.

Марказимиз томонидан пойтахтнинг Юнус Ражабий маҳалласида амалга оширилаётган, парламент коммиссияси томонидан қўллаб қувватланган  очиқ осмон остидаги миникутубхона  ҳам маънавиятни, маърифатни юксалтириш, мутолаа маданиятини кучайтириш истагидаги эзгу амалдир!

Миникутубхона  ташкил этилганига яқинда бир йил бўлади. Айни кунда  марказимиз томонидан қўйилган китоблар деярли қолмади. Бироқ, ўрнини бироз уринган бўлсада янги ўқимишли ва қизиқарли китоблар эгаллади.  Маҳалла аҳли китоб алмашиб ўқиш усулига   ўрганди. Миникутубхонадан мақсад: китоб алмашиб ўқиш эди-да! Ушбу ишнинг  бардавом бўлишида тилакдошман. Савоби барчамизнинг йўлимизни ёритсин, қалбларимизни нурлантирсин. Мутолаа маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшишни истовчи кўнгилли сафдошларимиз кўпаяверсин.

Эзгу ишга муносиб ҳисса қўшаётган баъзи инсонларни айтиб ўтсам: Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси бу йил республика бўйича юз нафар фахрий журналистга ўзи муассис бўлган «Ҳуррият» газетасига бепул обуна уюштирди.  Фахрий журналистлар сафида биз ҳам бор. Ўқиб бўлгач мен уни миникутубхонага қўйиб боряпман. Юнус Ражабий кўчаси 72 уйда яшовчи Баҳодиржон ва Гулябону, яна ушбу уйда яшовчи  Ҳабиба ва Адҳамжон  Зоҳидовлар, Корея маданият маркази  вакиллари ва кечаги куни  «Театр» журнали мухбири Муҳаббат Хўжамуротова ўз кутубхоналаридан китоб ва журналлар армуғон қилишди. Бу мен билганларим.

Билмаганим қанча?!  Ўтган ҳафтада волонтерлардан кимдир учта «Энциклопедия»(рус тилида) қўйган эди. Икки кун ўтиб иккитасини олиб кетишди. Ўрнига уринган бўлсада  рус тилидаги жаҳон адабиёти асарлари пайдо бўлди. Яна бир куни кўз олдимда ўрта ёшлардаги рус йигити  бир пакет яъни 20-30 китобни қўйиб кетди. Ҳатто исмини сўрасам айтишни ҳам маъқул кўрмади. «Уйда бекор турибди, одамлар фойдалансин, савоби тегсин» деди у. Хуллас ҳар куни ишга ўтаётиб очиб кўраман. Ҳар куни янги китоблар мавжудлигини кузатаман. Бу халқимиз- нинг мутолаа маданияти юксаклигини ифодалайди.

Бироқ, одамлар баъзи китобларни олиб кетишади, афсуски қайтмайди. Масалан, Юнус Ражабий номидаги маҳалладан берилган Юлдузхон Назарнинг «Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?» деган асарини миникутубхона очилган куни олиб кетишди.  У қайтмади. Шоира Шарифа Салимова билан маҳаллада учрашув ўтказдик. Ижодкор маҳаллага ва миникутубхонага  китоблар армуғон қилди. Шоиранинг «Қушлар алифбоси» номли болаларга атаб ёзилган китобининг бир тахламини   Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси вакиласи миникутубхона очилишида  совға  қилган эди. Рангли расмлар билан безатилган мўъжазгина ушбу китобни ҳар куни янгидан қўяман ҳар куни олиб кетишди. Бир ой ана шундай давом қилди. Бундан хурсанд ҳам бўлдим. Демак одамлар мутолаага муштоқ. Бироқ, боласига ҳар куни китоб олиб бериш имконияти йўқ. Миникутубхона ана шу бўшлиқни тўлдирмоқда.

Афсуски, миникутубхонани хушламайдиганлар ва мен у жойдан фойдаланмайман дейдиганлар ҳам учрайди. Бир юз ўттиз миллатли мамлакатмиз.  Турфа миллат, турфа феълли кишилар бўлиши табиий. Ҳаётнинг гўзаллиги ҳам турфаликда. Майли улар ҳам омон бўлишсин. Уларнинг ҳар куни боласига китоб сотиб олиб бериш имконияти бордир. Лекин барча нарсани ўзининг чамаси билан ўлчамаслик ҳам керак-да.

Азизларим, эзгуликка, яхши амалларга юзланинг. Яхшилик йўлида қилган ҳар бир ишимизни, катта-кичик амалларимизни Аллоҳнинг ўзи ибодат даражасида қабул қилишларидан умидвормиз.

Волонтерлар, мен билган билмаган миникутубхонани қўллаб-қувватлаб турган азиз китобхон дўстларим! Сизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Саломат бўлинг. Эзгу ишларингиз йўлдошингиз бўлсин. 

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.