Маҳаллани яёв кезганда кўрсатувида қатнашгандан кейинги ўйларим…

0
327
марта кўрилган.

UZREPORTTVнинг Маҳаллаларни яёв кезганда кўрсатуви аввало номи билан мени ўзига жалб қилди.

Водийларни яёв кезганда,
Ажиб бир ҳис бор эди манда.
Чаппар уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим ватан тупроғин.

Болалигимиздан қалбларимизга синган, дарсликларимиздан жой олган Ҳамид Олимжоннинг ушбу сатрлари ҳамон дилларимизни яйратади. Қўшиқдек қалбларимизга оқиб киради. Гўё беғубор болалигимизга қайтгандек бўламиз. Эркин акам Зарипов ( бугунги кунда профессор, ҳамон талабаларга сабоқ беради) товуш чиқариб. завқ-шавқ билан ўқиётганида мен ҳам кетидан такрорлаб ёдлаб олган эдим. Мен уни ҳамон завқ-шавқ билан такрорлаб, невараларимга ёдлаб бераман.

UZREPORTTV ушбу оромбахш шох сатрлардан ижодий фойдаланиб, “Маҳаллаларни яйв кезганда” кўрсатувини тайёрлаётгани бугунги давримизга, бугунги сиёсатимизга “лаббай” дея жавоб беради.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятининг Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан ҳам учрашганида шундай дея таъкидлаган эди: – Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Зеро, бугун бутун мамлакатда уйғониш даври. Лоқайдлик, ўзибўларчилик билан ўзгариш бўлиб қолмайди. Халққа шароит яратиш, ташаббускорларга, тадбиркорларга кўмаклашиш, тинимсиз интилиш ва меҳнатгина натижа келтиради.

Бизнинг маҳалламизга яъни пойтахтимизнинг Ю. Ражабий номидаги маҳалласига бағишланган кўрсатувда кўтаринки кайфият, келажакка ишонч уфириб турарди. Ушбу туркумда маҳаллаларда уйғонган ташаббусларни қуллаб қувватлаш ва уларни ҳаётга кенг жорий қилиш ва муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш руҳияти кезиб юрарди.

Кўрсатувда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Махмудхўжаев қатнашаётгани ва маҳалла ютуқлари тарғиб қилиниб, камчиликлари кўрсатилаётгани ва муаммолар жойида ҳал этилаётгани ҳам эътирофга лойиқ.

Ушбу кўрсатувда катнашиб, ўзим раҳбарлик қилаётган ”Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш марказимиз ва ”GUJUM.UZ“ сайтимиз орқали кўтариб чиққан маҳалладаги ташаббусимиз, фаолиятимиз ҳақида гапираётиб ўзим ТВда ишлаган 80-90 йилларга беихтиёр солиштирдим. Бугунги ТВ инновацион техника нуқтаи назаридан жуда ривожланиб кетаётганлигининг гувоҳи бўлдим. Бир вақтнинг ўзида маҳалламизнинг тўртта кўчасида жонли эфир амалга оширилди.

Мен билан суҳбатлашган сухандон ҳамда журналист Азизахонимга Олий Мажлис ҳузуридаги парламент комиссиясининг қўллаб қувватлаши орқали мутолаа маданиятини юксалтириш, китобсеварларни кўпайтириш ниятида амалга оширилаётган ва Ю. Ражабий маҳалласининг болалар майдончасида ташкил этилаётган миникутубхона ҳақида гапириб бердим.
Болалар майдончасида спорт машғулотлари учун шарт-шароитлар мавжуд. Бироқ, мутолага ундовчи, китобни тарғиб қилувчи усул-услублар йўқ. Мини кутубхона ана шу имкониятни яратади. Албатта, бу ташаббусни бутун мамлакатимиз бўйлаб ёйилишини истайман.

Аслида бу ғоя бундан икки-уч йил олдин туғилган. ”GUJUM.UZ“ сайтимизда АҚШ паркидаги китоб алмашиб ўқишга мўлжалланган миникутубхона ҳақида ҳикоя қилган эдик. Бироқ, у кичкинагина қушлар учун тахтадан ясаладиган уйча кўринишида эди. Биз бу ғояни ривожлантирдик. Миникутубхонага кўркамлик бағишладик. Инновацион технологияларга ҳам эътиборни қаратдик. Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласидаги болалар майдонига жойлаштирилди. Азизахон суҳбатимиз давомида “очиқ осмон остидаги миникутубхона” дея ғоямизни маъқуллаган эди.

Айни кунда пойтахтнинг Ю. Ражабий номидаги маҳалласида ушбу лойиҳани янада ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси мустаққиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” мавзусидаги ҳамда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тамойили асосида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш» йўналишидаги грант танловида марказимизнинг “Китобхон маҳалла ёҳуд очиқ осмон остида QR кодли миникутубхона” мавзуидаги лойиҳамиз қўллаб қувватланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳаётидаги янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлардан бири шуки- ушбу ташкилотларни қўллаб қувватлайдиган ҳудудий Жамоат фондлари ҳам ташкил этилди.

Лойиҳада назарда тутилган электрон QR кодли китоблар афишасини тайёрлашда марказимиз ўзбек халқининг бой тарихи, улуғ олим-мутафаккирлари ҳаёти ва ижоди, халқимиз маданияти, миллий ғоя ва мафкурамизни ифодалаган китобларни ўзбекча ва русча вариантларини саралаб, афишани тайёрлашда Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорлик қилади.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.