Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, пойтахтдаги Юнусобод туман ҳокимияти ва Тошкент шаҳар “SOG‘LOM ONA VA BOLA” маркази ҳамкорлигида Тошкент шарқшунослик институти қошидаги Юнусобод академик лицейида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда “SOG‘LOM ONA VA BOLA” маркази ва “gujum. uz” интернет нашри раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова билан ижодий учрашув уюштирилди.
Р. Зарипова 45 йиллик журналистик фаолиятида мамлакат ижтимоий-маънавий ҳаётининг долзарб масалалари қаламга олинган «Эл эъзозлаган аёллар», «Бойчечак», «Аёлга эҳтиром», «Чашма», «Бола-азиз, она-мўътабар», «Барҳаёт номлар» каби кўплаб тўпламларда очерк ва ҳикоялари, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: миллий қонунчиликда халқаро стандартларни амалга ошириш масалалари» номли маърузалар тўпламида ҳуқуқий мавзудаги мақоласи, шунингдек, «Ҳарорат», «Онагинам», «Юрт қўшиқлари», «Қисаси Рабғузий»(2-жилдли), китоблари чоп этилган.
Айни кунда “Сабоқдош журналистларнинг 68-йил симфонияси” номли публицистик тўплам “Истиқлол” нашриётида чоп этилди. Курсдошлар курсдошлар ҳақида ҳикоя қилувчи туркум публицистик асарда Р. Зарипова ҳам кўплаб очерклари билан қатнашди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати даврида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар қаламга олинган ва партия ҳаётига оид қатор публицистик асарлар эълон қилди.
У нафақага чиққач, «Соғлом авлод» газетасида лойиҳа муаллифи ва раҳбари сифатида фаолият юритди. Ва “SOG‘LOM ONA VA BOLA” нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этди. Шу билан бирга айни кунда gujum. uz веб сайтини ташкил этиб, ўзбек интернет журналистикасига муносиб ҳисса қўшиб келяпти.
Р. Зарипова давр билан ҳамнафас ижодий фаолияти ҳақида гапираётиб инсон тадбиркор, ташаббускор бўлишга интилиб яшаши лозимлиги, бунинг учун болаликдан, ёшликдан мутолаага меҳр қўйиш мақсадга мувофиқлигига алоҳида урғу берди.
Мутолага мехр қўйган инсоннинг тафаккур ва тассавурлари кенгайиши, бу эса ўз навбатида ташаббускорликка, тадбиркорликка ундашини таъкидлади. Амир Темурнинг “мингта тадбирсиз кишидан битта тадбиркор инсон маъқул”лаги ҳақидаги фикрларини матал тариқасида келтирди. Айни кунда юрт тараққиётига, эл фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган кишилар ана шундай тадбиркор кишилар эканлигини гапириб, ўзи қаламга олган замонамиз қаҳрамонлари ҳаётидан мисоллар келтириб ўтди.
Ёшларга ўз ижоди ҳақида гапираётганида ижтимоий тармоқлардаги мулоқотларга кўп вақт сарфлагандан кўра мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини ҳамда тенгдошлари ҳаётини ўзида акс эттираётган gujum. uz расмий интернет нашрлари каби сайтларни кўпроқ ўқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, ёшларни ижодий ҳамкорликка даъват қилди. Сайтнинг мазмун –моҳияти ва электрон почтаси билан таништирди.
Тадбир охирида ўзининг муаллифлик китобини лицей кутубхонасига совға қилди.
Р. Сапоева
Фармон Туробов олган сувратлар.
.