Марказимиз “Китобхон маҳалла ёҳуд очиқ осмон остида QR кодли миникутубхона” лойиҳасини бошлади

0
122
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси мустаққиллигининг 30 йиллиги арафасида Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” мавзусидаги танловда ғолиб бўлди. Ушбу ютуқ билан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши Котибияти мудири Абдумавлон Қосимов қутлади.

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” тамойили асосида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш» йўналишидаги грант танловида марказимиз “Китобхон маҳалла ёҳуд очиқ осмон остида QR кодли миникутубхона” номли лойиҳа билан қатнашди.

Шуни таъкидлпш керак-ки, ушбу танлов Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳаётидаги янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлардан бири ҳисобланади. Чунки, бу йил Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб қувватлайдиган ҳудудий Жамоат фондлари ҳам ташкил этилди. Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди улардан биридир.

Лойиҳамизнинг мақсад-муддаоси нимадан иборат? Қандай вазифаларни амалга оширади? Аслида бу лойиҳа аввалги Олий Мажлис ҳузуридаги парламент комиссияси томонидан марказимизга ажратилган лойиҳанинг узвий давомидир. Марказимиз “Мини кутубхона – мутолаа ҳамда тиббий маданиятни юксалтиришнинг янги усули” номли лойиҳаси орқали пойтахтдаги Ю. Ражабий маҳалласининг болалар майдончасида миникутубхона ташкил этганди.

Ундан мақсад ота-оналар фарзандлари билан бирга болалар майдончасида дам олишади. У ерда спорт машғулотлари учун шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, бироқ мутолага ундовчи, китобни тарғиб қилувчи усул-услублар йўқ эди. Миникутубхона ана шу имкониятни яратди. Аҳолини 24 соат китоб билан таъминлайди. Мисол келтирадиган бўлсак, АҚШнинг бу борадаги тажрибасини ўргандик. Миникутубхона натижасида АҚШда йилига минглаб кишилар ўзаро китоблар алмашиб ўқийдилар. Миникутубхонадаги битта китобни уйда ўқишга олиб кетишса ўрнига янги китоб ташлаб кетишади ва ўқиб бўлгач яна олиб келиб қўйишади. Одамлар ана шу йўл билан бир-бирига зиё улашишади.

Биз ҳам халқимизни ана шу эзгу амалларга ўргатиш истагидамиз. Мана, аввалги лойиҳамизда экспримент ўтказдик. Миникутубхонага дастлаб қўйган китоб – журналларимиз қолмади. Ҳолбуки, биз буклетларда очиқ осмон остидаги кутубхонанинг мақсад ва вазифаларини тушунтирган эдик. Бироқ буклетни ҳамма ўқийвермас экан. Шунинг учун миникутубхонанинг деразасига мақсадимизни қисқа-лўнда сатрларда ифодалаб катта-ю кичикни эътиборини тортадиган шаклда чоп этиб илиб қўйдик. Ана шундан кейин олинган китоб-у журналларнинг ўрни аҳоли томонидан тўлдириб борилди. Ҳозирги мини кутубхонамизда унинг икки томонига QR кодли китоблар афишасини илганмиз. Унда бор йўғи 48 та китоб жойлаштирилган. Ўтган давр ичида аҳолининг таклиф ва истакларини ҳам ўрганиб, эндиликда биз унинг ёнига алоҳида QR кодли миникутубхона жойлаш ниятидамиз.
QR кодли китоблар тушунчаси нима? У замонавий иннавацион технологияларга асосланган усул бўлиб, китобларнинг электрон вариантини мобил телефон ва бошқа қурилмаларга юклаб олиб истаган жойда ўқиш имкониятидир. QR кодли китобларни юклаб олиш билан замонавий иннавацион технологияларни эгаллаб олишга ҳам ўргатилади.

Янги лойиҳани “Китобхон маҳалла ёҳуд очиқ осмон остида QR кодли миникутубхона” дея номладик. Ўтган лойиҳада тажрибамиздан шуни аниқладик-ки, китоблар иссиқда дастлабки гўзал хусусиятини йўқотар экан. Офтоб нурлари тўғридан тўғри тушмаслигини таъминлаш ниятида иккита миникутубхонани битта соябон остида уйғунлаштирамиз ва узоқдан ҳам барчани жалб қилиб турадиган “Китобхон маҳалла” сўзларини инновацион шаклда ясатамиз.

Шу билан бирга аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш мақсадида миникутубхонага пандемияга яъни коронавирус профилактикасига оид буклет, флаерларни жойлаб борамиз. Мутолаага бўлган қизиқишни юксалтириш мақсадида китоб муаллифлари билан учрашувлар уюштирамиз. Шунингдек, аввалги лойиҳамизда пандемия даврида уйда қолиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, ижодий фикрлашга, сермазмун мулоқатга ундайдиган ҳамда “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини қўллаб қувватловчи “Эзгу ўйли болалар” танловини GUJUM. UZ сайтимизда эълон қилиб, ўқувчиларнинг карантин даврида чизган расмларини чоп этиб руҳлантирдик. Болаларнинг ўзи ўқиган китобларига муносабатини билдириб ёзган фикрларини веб сайтда ёритдик. Ва якуний тақдимотда уларни рағбатлантирдик. Ушбу танловимиз ҳам яна давом этади.

Яна миникутубхонага ўз жамғармасидан китоблар қўйиб, эзгуликлар улашаётган волонтерларни лойиҳа якунида рағбатлантириб, эзгу ниятли кишилар сафини кенгайтиришни ҳам кўзламоқдамиз.
Китоб муаллифлари яъни ижодкорлар билан маҳаллада учрашув ўтказиб, уларни “Китобхон маҳалла”билан таништириш ва шу йўл билан китоблар сонини ҳам ошириб бориш, ён –атрофимиздаги бошқа туманларнинг мактаб ўқувчиларини ”Китобхон маҳалла”га саёҳатини уюштириш, газета ва журналлар таҳририятлари билан шартномалар тузиб, янги ОАВлари билан мунтазам таъминлашни ҳам ўйлаяпмиз.

Лойиҳамизнинг яна бир мақсади шуки, оилаларни бола тарбиясига, мутолаага диққатини жалб қилиш, соғлом турмуш тарзи маънавият ва жисмоний тарбия билан уйғунлигини ўргатиш, учинчи ренессанс пойдеворига муносиб ҳисса қўшадиган болаларни тарбиялаш, ҳамда шу усул билан оилавий муҳитни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш истагидамиз.

Ушбу болалар майдончаси тўртта туман кесишган жойда, анҳор бўйида жойлашган. Нафақат 4 та тумандан, балки бутун шаҳардан дам олгани фарзанди билан келишади. Хушманзара жойда жойлашган “Китобхон маҳалла” ансамбли бутун шаҳарга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Назарда тутилган электрон QR кодли китоблар афишасини тайёрлашда марказимиз ўзбек халқининг бой тарихи, улуғ олим-мутафаккирлари ҳаёти ва ижоди, халқимиз маданияти, миллий ғоя ва мафкурамизни ифодалаган китобларни ўзбекча ва русча вариантларини саралаб, афишани тайёрлашда Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорлик қилади.

Ушбу мини кутубхонамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5952 Фармони ҳамда Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 14_декабрдаги 781 сон “2020- 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган.

Э с л а т м а: Илтимос, фақат китобни уйга олиб кетиш мумкин эмас. Уйда ўқишга заруратингиз бўлса ўрнига янги бир китоб ташлаб кетиш шарти билан олиш мумкин. Ўзингиз яхши кўрган китобни маҳалладошларингизга тавсия қилмоқчи бўлсангиз ёки муаллифлик китобингиз билан таништирмоқчи бўлсангиз, марҳамат, миникутубхонани тўлдириб боришингиз мумкин. Бу билан халқимизга нур улашасиз ва савоб ишга муносиб ҳисса қўшган бўласиз.

Миникутубхонада QR- кодли китоблар афишаси ҳам жойлаштирилган, уни мобил телефонингизга ёки ноотбукингизга юклаб олиб, уйда ўқишингиз мумкин.

Шунингдек, бугунги кунда долзарб бўлиб турган пандемия профилактикасига доир қўлланмалар ва йўриқномаларни шу ерда ўқишингиз ёки уйга олиб кетиб оилангиз билан бемалол танишиб чиқишингиз мумкин.

Азиз ватандошлар, маҳалладошлар элимиз одамларига маънавият-маърифат тарқатишга, замондошларимизнинг дилларини китоблар зиёси ила нурлантиришга муносиб ҳисса қўшасиз, деган умиддамиз.

Раъно ЗАРИПОВА, Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” маркази ва GUJUM. UZ сайти раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.