Таҳририятдан: «Соғлом она ва бола» марказимизнинг волонтери Ҳафиза Каримова билан танишганимизга ўн йил бўлди. Туғилган кунимга Айшахон Охунова билан кириб келишди, гўё хонадонимга нур кириб келгандек бўлди. Ўтган йилларда у ўзининг самимийлиги, дўстга жонкуярлиги, касбига садоқати билан юрагимдан ўрин олди. Марказимизнинг волонтери сифатида кўплаб ишларимизга кўмакдош, ҳаётда сирдош! Ўзидан ортиб бировнинг ташвишига шерик бўладиган кўнгиллилар бугунги кунда кам топилади. Ўзидан кечиб, ўзлигидан кечиб ёрдамга шошилиш комил инсоннинг иши дегим келади. Марказимиз волонтери Ҳафизахоннинг меҳнат фаолиятига қирқ йил, биз билан ҳамкорлигига ўн йил бўлибди. Зеро, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун бежизга қабул қилинмади. Кўнгиллиларнинг ҳаётдаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Ҳаётдан ҳикмат излаб яшаётган дўстимизга рўза айёмида эзгу тилакларимни билдириб қоламан. Энди сўз марказимиз кўмакдоши, ҳамкоримиз Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафизахоним Каримовага!
«Ахборот — кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганига тўққиз йил тўлди. Бу йил кутубхоначилик мутахассислиги бўйича камтарона фаолиятимни бошлаганимга эса 40 йил бўлди. Шу ўринда ўтган даврга бир назар ташладим. Ўз касбимга, китобхонларимга нақадар меҳр қўйганлигимни яна бир карра англадим. Мутолаа маданиятининг юксалишига, комил инсон тарбиялашга, маънавий оламининг гўзаллигига гўзаллик қўшишга муносиб ҳисса қўшганимдан бениҳоя хурсандман.
Мактабни тамомлаб Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтига жамалак соч қизча катта умидлар билан келганини ва муваффақиятли дипломини қўлга киритишга мушарраф бўлган пайтлардаги қувончларимни ҳамон-ҳамон эслайман. Устозларни кўз олдимдан бир-бир ўтказиб юрак-юракдан дуолар қилиб қўяман. Рўза айёмида ўтганларнинг хотирасига тиловат қилиб охиратини Яратгандан сўрайман. Сафимиздаги устозларга дил-дилимдан миннатдор бўлибузоқ умр, осойишта ҳаёт тилайман. Зеро, ушбу диплом асосида узоқ йиллар давомида Бобур номли Андижон вилоят илмий-универсал кутубхонасида оддий кутубхоначиликдан тортиб, етакчи ҳамда бош мутахассис, илмий услубият бўлими мудири лавозимларида фаолият кўрсатганман.
2000 йилдан Андижон вилоят ҳокимлиги ва вилоят маданият ишлари бошқармасининг тавсияси билан вилоят болалар кутубхонасига, 2001 йилдан эса Бобур номли Андижон вилояти илмий-универсал кутубхонасига директор вазифасига тайинланганман. Вилоят аҳолисини, айниқса ёшларимизни юксак интеллектуал салохиятли инсонлар сифатида тарбияланишига жамоамиз билан биргаликда ўзимнинг муносиб хиссамни қўшганим, устозларнинг ўгитлари ила менга қувонч бағишлайди.
2010-2015 йилларда кутубхоначилик соҳасидаги фаолиятим билан бирга Андижон вилоятидаги ташкилий, маънавий-маърифий ишлардаги фаол иштирокимни инобатга олиб ҳамда вилоят аҳлининг ва давлатимизнинг ишончи билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутат, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси сифатида фаолият олиб борганман.
Айниқса, “Ахборот кутубхона-фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилинишида белгиланган талаблар асосида такомиллаштирилишига, кутубхона ходимлари ва китобхонлар манфаатларига мос равишда қабул қилинишига масъул депутат сифатидаги фаолиятимни алоҳида бир мамнуният билан эслайман.
Чунки, ўз ваколатим доирасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги меъёрий ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришда салмоқли хисса қўшиш бахтига муяссар бўлганман. Хусусан, ахборот-кутубхона соҳасининг асосий хужжати “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойихасини янада такомиллаштиришда кўп йиллик тажрибага эга мутахассис, мамлакатимиз кутубхона ходимларининг бир вакиласи ҳамда масъул депутат сифатидаги конструктив таклифларни илгари суриб, мукаммал хужжат қабул қилинишида ўзига хос қийинчиликлар, 150 нафар депутатнинг фикрини бир жойга жамлаш, 28 та моддасида ўз аксини топган ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда кутубхоналар уюшмасини ташкил этиш орқали давлат дастурлари ишлаб чиқишда иштирок этиш – мен учун маҳорат мактаби ҳамда фахр эди.
Албатта, куч бирликда деганларидек, ушбу лойиҳани янада такомиллаштиришда, хорижий тажрибаларни ўрганиб мувофиқлаштиришда ўз маслаҳатларини бериб мен билан елкама-елка туриб ўз меҳнатларини, аниқ ва тиниқ таклифларини аямасдан ёнимда турган қўмита раисларидан Н. Исмоилов, А. Жўрабоев, депутатлардан И. Абдуллаев, Ф. Солиев, Н. Муратов, А. Зиё, О. Ахуновалар, соҳамиз вакилларидан А. Ходжаев, А.Умаров, М. Рахматуллаев, И. Маминова, А. Ишматов, Д. Қудратова каби кучли билимли, тажрибали, фидойиларни алоҳида тилга олишни жоиз деб биламан. Чунки, қонун қабул қилиш техникаси талабларига биноан қисқача айтадиган бўлсам, уч ўқишда қонун лойиҳаси кўриб чиқилади ва маъқул келса қабул қилинади. Иккинчи ва учинчи ўқишлардаги мураккаблик барчамизни ёдимизда муҳрланган десам адашмаган бўламан. Ҳар бир модда, ҳар бир сўз, ҳар бир жумла, керак бўлса ҳар бир нуқта, вергул устида шунақа тортишув кетадики, асосий мақсад биринчи навбатда қонун меъёрларига, қолаверса халқаро стандартларга мос келиши талаб этилар эди.
Шунингдек, ҳар бир қонун лойиҳаси қачонки, жамоатчилик назорати, фикри билан янада мукаммал хужжатга айланиши амалиётда тасдиқланган. Албатта, шуни назардан қочирмаган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кутубхоначилик сохасида фаолият юритаётган кучли билимли ва тажрибали мутахассисларимиздан Д. Шукурова, М. Жўрабоева, Ш. Аҳмедова, Т. Алимходжаева, Г.Исмоилова, А. Бойматовларнинг таклифларини онлайн тарздаги видео конференция ўтказиш орқали олганларимиз кечагидек эсимда.
Хулоса қилиб айтмоқчиманки, мустақилликка эришганимиздан кейинги асосий мақсади ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган ягона ҳуқуқий-меъёрий механизм яъни ҚОНУН эди. Мана шу хужжатни қабул қилинишида фаол иштирок этиш бахти менга насиб этди. Шуларни сарҳисоб қилар эканман, касбдошларим ҳурмати, эл эътиборидан дилим шукроналикка тўлади. Яхшиларга ёндошганимдан хурсанд бўламан. Рўза айёмларида ҳаёт йўлимда ёнма ён ишлаган, таъбир жоиз бўлса, «ёнимда оққан дарёларнинг» умрига умр тилаб қоламан. Зеро, улар билан касбим менинг ҳақиқий маънода фахримга айланди.
Ҳафиза КАРИМОВА, Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директори