Мутолаа маданияти тарғиботчиси

0
215
марта кўрилган.

Тошкент шаҳар “Bilim” ахборот-кутубхона маркази директори ва шу билан бирга “Соғлом она ва бола” марказимизнинг ҳамкори, волонтёри Ҳафизахон Каримова билан танишганимизга  ўн йил бўлди. Туғилган кунимга ҳуқуқшунос  Айшахон Охунова билан кириб келишди. Дўст  билан обод уйинг деганларидек, гўё хонадонимга нур кириб келгандек бўлди. Ўтган йилларда у ўзининг самимийлиги, дўстга жонкуярлиги, касбига садоқати билан юрагимдан ўрин олди.

Ҳафизахон марказимизнинг волонтери сифатида кўплаб ишларимизга кўмакдош, ҳаётда сирдош! Ўзидан ортиб бировнинг ташвишига шерик бўладиган кўнгиллилар бугунги кунда кам топилади. Ўзидан кечиб, ўзлигидан кечиб ёрдамга шошилиш комил инсоннинг иши дегим келади. Марказимиз волонтёри Ҳафизахоннинг меҳнат фаолиятига қирқ йил, биз билан ҳамкорлигига ўн йил бўлибди. Зеро, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бежизга қабул қилинмади. Кўнгиллиларнинг ҳаётдаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга. 

Ҳаётдан ҳикмат излаб яшаётган дўстимиз Ҳафизахон Каримова Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик фаолияти, яъни беш йиллик муддати тугагач, яна севимли касбига қайтди. У Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директорлигига тайинланди. Бизнинг ҳамкорлигимиз ана шу кундан янада кучайди. Кейинги беш йиллик фаолияти ҳақида гапирадиган бўлсам, мутолаа маданиятини юксалтириш йщлидаги саъй-ҳаракатлари улуғворлиги билан ажралиб туради, десак арзийди. Зиёкор аёл ишни эски  тартибда ишлаётган кутубхонани замонавий техника ва технологиялар билан таъминлашдан бошлади

Бир куни бир олам қувонч билан телефон қилиб қолди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси грантини олишга муяссар бўлганлигини айтиб, тадбирга таклиф қилди. Бордим. Кутубхона ўша куни янада гавжум, йўлаклар икки мамлакатнинг байроқлари, гуллар ва болажонлар хуш кўрадиган пуфакчалар билан безатилган эди. Тадбир икки мамлакат вакилларининг иштирокида ўтди. Айниқса, мактаб ўқувчиларнинг чиқишлари тадбирга жон бағишлади. Элчихона томонидан грант асосида 20та компюьтерлар совға қилиниши ёшларни компьютер саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Қахрамонимиз камторона касби шарофати билан Германияда, АҚШ, Корея мамлакатларида хизмат сафарида кўриб келган тажрибалари асосида кутубхонани замонавийлаштира бошлади. Парламентдаги фаолияти даврида эса энг ривожланган давлатларнинг қонунчилик тажрибасини “Ахборот – кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тайёрланаётган пайтда ўрганиб, мувофиқлаштиришга эришган.

Ҳофизахонга ўрганган замонавий технологиялари айниқса, пандемия даврида асқатди. Кутубхона ишини бир дам тўхтатмади. Кутубхона онлайн ишлашга ўтди. Мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор танловлар уюштирди, ижтимоий тармоқларда янги каналлар очиб янги-янги ғояларни илгари сурди. Масалан, кутубхона “Мен муваффақиятли аёлман” лойиҳаси доирасида “Билимли аёл” канали фаолиятини йўлга қўйди. Каналда аёлларимизга хос электрон ва аудио китоблар, жумладан, фарзанд тарбияси, соғлом турмуш тарзига оид адабиётлар, тўғри овқатланиш ҳамда гўзаллик сирлари, шарқ тилларидаги бадиий асарлар, уларнинг таржималари жойлаштириб борилди. Муштарийларнинг сўровномалари орқали уларни қизиқтирган мавзуга оид китобларни тавсия қилиб ўтириш учун “Билим китоблари” каналини очди. Болаларнинг ақлли ва топқир бўлишлари учун “Ақлли карантин” лойиҳаси эълон қилинди. Ундан мақсад ота-оналар ва ўқувчиларнинг уйда қолиб, ўзининг ижодий фаолиятини намоён қилиб қўллаб қувватлашга даъват этиш эди.

Синовли кунларда вазмин бўлиб, бирлашиб, бир-бирини қўллаб қувватлаб миллий қадриятларимизга хос бўлган бирдамлик, бағрикенглик, сабр-қаноат намуналарини намоён қилишга чорлади. Яна улар “Янги замон аёли-асарларда ва дунё нигоҳида” мавзусида онлайн суҳбат ташкил этишди. Тадбирнинг мазмун-моҳиятини мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек, аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият эканлигини ифодалаш эди. Аёллар  қандай касб, қандай лавозимда ишламасин, қалби, юраги жамики эзгу истаклари жамият учун, юртнинг келажаги учун эканлигини ҳикоя қилиш эди. Учрашув қатнашчилари ўз хизмат вазифасидан келиб чиқиб, мавзу юзасидан, аёлнинг матонати, оиладаги ўрни, жамият ва давлат қурилишидаги иштироки, ҳуқуқий ҳимояланганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Бу тадбирларини биз мунтазам gujum.uz сайтида ёритиб бордик. Бизнинг ҳамкорлигимиз фақат шугина эмас. Тошкент шаҳар «Соғлом она ва бола» маркази ва gujum.uz сайти таҳририяти эълон қилган “Эзгу ўйли болалар” танловида ҳам ҳамкорликда фаолият юритдик. Кутубхона аҳли ўзининг китобхонларини танловимизга жалб этишда фаоллик кўрсатишди. Пандемия даврида уйда қолиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга чорловчи танловда болаларнинг ўқиган китоблари ҳақидаги фикрларини қисқа сатрларда бериб бордик. Боланинг ўзи ўқиган китобини бошқа юртдошларига ҳам тавсия қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлган танлов китоб алмашлаб ўқишнинг электрон усули, болаларнинг бўш вақтидаги эзгу мулоқот десак ҳам бўлади. Танловда иштирок этган болаларни китоб ушлаган ҳолдаги расмларини ҳам бериб боришимиз таъсирчанлигини оширишга, уларни янада қизиқтиришга ундади. Чунки инсон атрофидагиларга қараб қаддини рослайди. Айниқса бола тенгдошининг бўйига қараб бўй чўзади. Бу саъй-ҳаракатлар болаларни  ижодий фикрлашга сермазмун мулоқотга ҳам ундайди. Ундан ташқари жамиятга фаол аралашиш қувончи боланинг руҳиятини кўтаради. Ўзига ишончини оширади. Натижада маънавий жиҳатдан иммунитети мустахкамланади, саломатлиги юксалади.

Кутубхона аҳли ўзининг китобхонларини танловимизга жалб этишда фаоллик кўрсатишди. Чунки мақсад битта мутолаа маданиятини юксалтириш! Бирлашган ўзар деган ниятда биз кучларимизни бирлаштирдик. Ҳофизахон ана шундай гўзал ишларда бизнинг ишончли ҳамкоримиз, ғайратли, ўз касбига садоқатли замондошларимиздан биридир. У қирқ йилдир-ки, мутолаа маданиятининг юксалишига, комил инсон тарбиялашга, маънавий оламининг гўзаллигига гўзаллик қўшишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ҳофизахон мактабни тамомлаб, Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институтида ўқиди. Узоқ йиллар давомида Бобур номли Андижон вилоят илмий-универсал кутубхонасида оддий кутубхоначиликдан тортиб, бўлим мудири лавозимларида фаолият кўрсатди. 2000 йилдан Андижон вилоят ҳокимлиги ва вилоят маданият ишлари бошқармасининг тавсияси билан вилоят болалар кутубхонасига, 2001 йилдан эса Бобур номли Андижон вилояти илмий-универсал кутубхонасига директор вазифасига тайинланди. Вилоят аҳолисини, айниқса ёшларни юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар сифатида тарбияланишига жамоаси билан биргаликда ўзининг муносиб хиссасини қўшди.

2010-2015 йилларда кутубхоначилик соҳасидаги фаолияти билан элга танилгани туфайли, элнинг ишончи билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутат, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси сифатида фаолият юритди.

Хусусан, ахборот-кутубхона соҳасининг асосий хужжати “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойихасини янада такомиллаштиришда кўп йиллик тажрибага эга мутахассис, мамлакатимиз кутубхона ходимларининг бир вакиласи ҳамда масъул депутат сифатидаги конструктив таклифларни илгари суриб, мукаммал ҳужжат қабул қилинишида ўзига хос жонбозлик кўрсатди. У биз билан суҳбатда қонун устида ишланган пайтларни шундай эслайди: “Бир юз эллик  нафар депутатнинг фикрини бир жойга жамлаш, 28 та моддасида ўз аксини топган ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда кутубхоналар уюшмасини ташкил этиш орқали давлат дастурлари ишлаб чиқишда иштирок этиш – мен учун маҳорат мактаби ҳамда  фахр эди.

Албатта, куч бирликда деганларидек, ушбу лойиҳани янада такомиллаштиришда, хорижий тажрибаларни ўрганиб мувофиқлаштиришда ўз маслаҳатларини бериб мен билан елкама-елка туриб ўз меҳнатларини, аниқ ва тиниқ таклифларини аямасдан кўмаклашган қонун ижодкорларини, кутубхоначилик сохасида фаолият юритаётган мамлакатимизнинг кучли билимли ва тажрибали мутахассисларининг жонбозликларини яхши эслайман. Чунки, қонун лойиҳаси жамоатчилик назорати, фикри билан янада мукаммал хужжатга айланиши амалиётда тасдиқланган. Ҳаётимда яхшиларга ёндошганимдан хурсанд бўламан.Ёнимда оққан дарёлар билан касбим менинг ҳақиқий маънода фахримга айланди”.

Биз унинг қувончларини, эзгу-тилакларини, самарали фаолиятини кўриб, ҳис қилиб Оллоҳ йўлингизни янада нурлантираверсин, деймиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.