Одамзотни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бу – Маънавият!

0
811
марта кўрилган.

Мен, Ўринова Шаҳризода  пойтахтдаги 283- мактабда таълим-тарбия оламан. Карантин даврида ўқиган китобларим орасида Ўткир Ҳошимовнинг  ”Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асари менга жуда ёқди.

Исътедодли ёзувчимизнинг ўгитлари, афоризмлари, ташбеҳлари улар асосидаги хулосалари мени сеҳрлаб қўйди. Ундаги битиклар, фалсафий мушоҳадалар фикрлашга чорлайди. Ушбу китобни ўқишингизни тавсия қиламан.

Таҳририятдан: Азиз китобхонлар, Шаҳризодани лол қолдирган, сирли оламга бошлаган ушбу китобдаги битиклардан бир шингил берамиз. Мутолаа қилинг

ЧЕГАРА

Одамзот нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку.

Одамзот нима учун булбул чах-чахини эшитганида энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку.

Одамзот нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку.

Одамзот нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса йиғлайди? Уни ёзувчи «ичидан тўқиб чиқаргани»ни билади-ку?

Одамзот нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирсаю, иттифоқо болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади? Ахир у шоҳона қасрда яшайди-ку.

Одамзот нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими?

Одамзот нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Марҳум уларни кўрмайди-ку?!

Гап шундаки, Одамзотни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи Маънавият деб аталади!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.