“Оила-мактаб-жамият” лойиҳаси

0
2499
марта кўрилган.

“Аҳил оила мактаби” лойиҳасининг узвий давоми

Ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда, соғлом, дуркун вояга етишларида ота-онанинг, буви-буванинг, педогог ва тарбиячиларнинг роли катта ҳамда уларнинг ҳамкорлиги улуғвор аҳамиятга эга.

Миллий қадриятларни, мутолаага, илмга, билимга иштиёқмандликни болалигидан оила онг-шуурига сингдирса илм олишда, билимдон килиб тарбиялашда мактабнинг муносиб ҳиссаси бўлади. Бола олган кўникмаларини маҳаллада, жамиятда одамлар орасида синаб кўради. Ана шу уч манбаа соғлом муҳитни ярата олса, фарзанд келажакда комил инсон бўлиб вояга етади.

Мамлакатимиз келажаги бўлган болаларнинг маънавий-жисмоний соғлом вояга етишини таъминлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун аввало, уларнинг кўз очиб кўрадиган масканидаги яъни оиладаги тарбиячилари бўлган катталарнинг ҳам онг-шуурини, маънавиятини юксалтириш лозим. Бунинг учун намунали ҳаёт кечираётган, оиласига, жамиятга, ҳукуматимизга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларнинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиш ва тарғиб қилиш катта аҳамиятга эга.

Халқимиз “бирни кўриб шукр қил, мингни кўриб фикр қил” маталини бекорга айтмаган. Инсон жамиятда яшар экан бир-бирини кузатади, бир-биридан ўрганади. Эзгуликка интилиб яшайди. Намунали ҳаёт кечираётган инсонларга қараб қаддини ростлашга интилади.

Оилада соғлом муҳитни юксалтириш, аждодларимизнинг оила масаласидаги маънавий-ахлоқий меросларини тарғиб қилиш, эрта, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кенг ёритиш, қайнона ва келин муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида сайтимизда “Аҳил оила мактаби” лойиҳасининг узвий давоми “Оила-мактаб-жамият” лойиҳаси ташкил этилди. Унда республикамизга намуна қилиб кўрсатса арзийдиган оилалар тажрибаси кенг ёритилади. Уларнинг турмуш тарзи, миллий қадриятларни улуғлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, оила институтини мустаҳкамлашга, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга, ўз оилаларининг бўш вақтини мазмунли-мантиқли ўтказишга интилиб яшаётган оилалар ҳаётидан сувратли репортажлар уюштирилади.

Ҳар бир оила бир салтанат, ҳар бир инсон ўзи бир дунё! Ҳикоя ва мақолаларимизда оилаларнинг ўзига хослигини, ўрганса арзийдиган турмуш тарзини акс эттириб борамиз.

Шунингдек, бола тарбиясида оила, мактаб, жамиятнинг ролини ёритиб берадиган педогоглар, психологлар, олимлар маслаҳати, илмий мақолалари билан ҳам танишасиз.

Мактаб ўқувчилари ҳамда ёшларнинг иштирокини ҳам таъминлаш учун болаларни ҳам суҳбатларга тортамиз. Уларга соғлом турмуш тарзига оид саволлар берамиз. Саволларга ўзига хос жавоб берганларни шу ернинг ўзида китоблар билан рағбатлантирамиз. Исми шарифлари сайт саҳифасида ёритилиб борилади. Бу ўзига хос беллашув бўлади. Ушбу савол-жавоблар катталар билан бирга болаларни ҳам ўйлашга, намунали оилалар турмуш тарзини кузатишга, изланишга, ўз устида ишлашга даъват қилади.

Зеро, соғлом оила жамият пойдевори, унда камол топган салоҳиятли ёшлар мамлакат келажагидир.

Азиз муштарийлар, касбдошлар, ижодкорлар, олимлар сизларнинг ушбу йўналишдаги мақолаларингизни кутиб қоламиз.

Биринчи мақоламизни Тошкент Давлат аграр университети доценти Ориф Авлаевнинг “Тарбияси қийин болаларга психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш тартиби” илмий-психолог мақоласи билан бошлаймиз.

Келажакда сизни “Хонадон устуни – отанинг бола тарбиясидаги ўрни қандай?”, “Бола тарбиясида синф раҳбарининг ҳиссаси” каби мақолалар билан таништирамиз.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.