«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган аёллар

0
4336
марта кўрилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 2019 йилда нашрга тайёрланган уч тилдаги «Ўзбекистон аёллари» («Женщины Узбекистана», «Women of Uzbekistan») номли китоб-альбоми етти йўналишдан иборат бўлиб, унинг биринчисида номлари тарих зарварақларига муҳрланган, муносиб излар қолдирган момоларимиз хотираси эъзозланади. Кейинги саҳифаларда эса халқ орасида обрў-эътибор қозонган юзлаб аёлларнинг меҳнатлари эътироф этилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлари қўмитаси ташаббуси билан чоп этилган ушбу китоб-альбомнинг учинчи йўналиши «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳибалари ҳақида бўлиб, ушбу йўналишнинг координатори сифатида китоб-альбомнинг тайёрланишига кўмаклашдим.

 «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони кимларга берилади, ким томонидан тавсия этилади, унвон соҳибининг мақоми, имтиёзлари, аёллардан кимлар олганлиги  ҳақида кўп сўрашади. Қуйида ушбу саволларга жавобни ёритмоқдамиз. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳибаларининг рўйхати давлатнинг  юксак мукофотини олган йиллари тартибида берилмоқда.

 «Ўзбекистон Қаҳрамони»— Ўзбекистоннинг олий даражадаги унвони бўлиб, 1994 йил 5 майда таъсис этилган. Ўзбекистон Республикасининг  фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Унвонни бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси,  Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг ҳамда жамоат бирлашмалари республика органларининг такдимномасига биноан амалга оширилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахсга олий нишон — «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат топширилади. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахслар ойлик иш ҳақига ёки пенсияга қўшимча равишда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ой сайин тўланадиган устама мукофот оладилар, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган имтиёзлардан фойдаланадилар.

«Олтин Юлдуз» медали 585 даражали (пробали) олтин қотишмасидан тайёрланади ва олд томонида ҳар бир қиррасининг икки ёнбағридан олтин нурлар таралган саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлади, оғирлиги 12,5 гр. «Олтин Юлдуз» медали кўкракнинг чап томонига орден ва медаллардан юқорироққа тақилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» фақат бир марта берилади. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони вафотидан кейин берилган тақдирда «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат мукофотланганнинг оиласига топширилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ва «Олтин Юлдуз» медали биринчи бора 1995 йили берилган. Ушбу юксак давлат мукофотини юртимиздан юздан ортиқ киши олишга муяссар бўлди.Уларнинг ўн олти нафари аёлдир.

 Олий даражадаги унвон билан тақдирланган аёллар рўйхати:

1995 йил. Темирова Муяссар — Бухоро шаҳридаги «Зардўз» акционерлик жамияти юксак бадиий буюмлар тайёрлаш участкасининг катта устаси
1996 йил. Кочкарова Айшахон — Наманган вилояти туғруқхонаси бўлим мудири
1997 йил. Мадалиева Манзура Абдуллаевна — Қўқон шаҳридаги 10-ўрта мактаб математика ўқитувчиси
Саитова Онесия Саитовна — Қорақалпоғистон Республикаси 1-туғруқхонасининг гинекология бўлими мудири
1999 йил. Исматова Мавлюда — Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Юнусобод тумани 273-ўрта мактаб директори
Раҳматова Мартия Аҳмедовна — «Бухоротекс» ҳиссадорлик жамияти 1-йигирув-тўқув фабрикасининг йигирувчиси
2001 йил. Пак Вера Борисовна — Хива шаҳридаги 20-«Меҳрибонлик уйи» директори
2002 йил. Акрамова Дилбар — Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармасининг Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси  
2004 йил. Маҳмудова Анор Мадаминовна — Гурлан туманидаги Ибн Сино номли 5-мактаб директори
2006 йил. Абдуллахўжаева Малика Саматовна — Республика патологик анатомия маркази директори, академик
2007 йил. Мирзаева Халчахон — Тўрақўрғон туманидаги «Хатича ая» фермер хўжалиги бошлиғи
2008 йил. Абдуллаева Сиёсатхон — Олтинкўл туманидаги «Олтинкўл водий гулшани» фермер хўжалиги бошлиғи    
2010 йил. Эргашева Патила — Бувайда туманидаги «Патилахон» фермер хўжалиги бошлиғи
2015 йил. Ганиева Суйима Ганиевна – Тошкент давлат шарқшунослик институтининг «Мумтоз филология» кафедраси профессори
2016 йил. Шарапова Мухаббат Араповна — Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси

2019 йил. Лола Муротова –  Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи.

Эслатма: «Ўзбекистон аёллари» («Женщины Узбекистана», «Women of Uzbekistan») номли китоб-альбомига Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи  Лола Муротова фаолияти киритилмаган. Чунки  китоб чоп этилганида давлатнинг юксак мукофоти билан тақдирланмаган эди.

Раъно Зарипова тайёрлади.

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.