Тонг нафаси –  салқин саҳарлардаги шифобахш нурлар ва орамбахш шабада!

0
628
марта кўрилган.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” каналида 22 июль куни эфирга кетган “Тонг нафаси” кўрсатувида қатнашаётиб, беихтиёр ўзим  Ўзбекистон телевидениясида ишлаган пайтларим хаёлимдан кечди.

Сухондонларнинг мулойим овозларини эфирга таратган биринчи қаватдаги  студиялар ўша ўша! Кўрсатув жараёнларини бошқариб турган иккинчи қаватдаги режиссёр ва муҳаррирларнинг ҳаяжонли ҳолатлари ва чексиз  пультларни моҳирлик билан ишлатаётган ижодий ва техник ходимлар… Бари-бари ўша!

Ушбу жараён,  “Тонг нафаси” кўрсатуви менга  80 йилларда ташкил этилган “Ассалом, Ўзбекистон” тонгги кўрсатувини эслатди. У пайтларда фақат ЎзТВда тўрттагина канал фаолият юритарди. Тонгги кўрсатув эса фақат биринчи яъни “Ўзбекистон” каналида кетарди.  Бироқ, барча таҳририятлар  тонгги кўрсатувни навбати билан тайёрлашарди.

“Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувининг иккинчи сонини  тайёрлаш бизнинг таҳририятимизга – Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти кўрсатувлари бош таҳририятига тоширилган эди. Жумладан, ўша кўрсатувга муҳаррирлик менга юкланганди.

Завқ-шавқ билан тайёрлаганмиз. Ахир тонг билан халқимизга эзгу тилаклар билдириб, гўзал кайфият улашиш бахти –завқи биз учун ҳам қувончли эди. Шуларни, икки даврни эслар эканман, ажиб бир ҳис уйғонди менда. 

Бугунги кунга  қаранг! ЎзТВда  каналлар тўрттагина эмас, тонг ила эзгу кайфият улашувчи кўрсатувлар ҳам биттагина эмас. Катта студияларимиз ҳам талаш эмас.  Бу эса даврнинг улуғворлигини, тараққиётлар буюклигини, ислоҳотлар мантиқийлигини ифодалайди.

Халқимиз асрлар давомида жуда катта ҳаётий тажриба тўплаган, жумладан,  Ўзбекистон телевиденияси ходимларим ҳам. Ҳаётнинг гўзаллиги шундаки, шу тажрибалар мерос сифатида турли воситалар билан келажак авлодларга ўтиб келаяпти. Давомийликнинг  мавжудлиги эса халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси ҳисобланади.

Тонг нафаси… Бу сўз қуёш чиқаётган паллада тараладиган шифобахш нурларни, салқин саҳарлардаги орамбахш шабадани эслатади. Номнинг гўзаллигини қаранг! Эндиликда эса ТВнинг дилхуш оҳангларини ҳам эслатади.

Сафдошларим тайёрлаган ушбу кўрсатув моҳиятан кенг қамровли бўлиб, жумладан, Тошкент шаҳрининг Юнус Ражабий номидаги маҳалласида ташкил этилган  очиқ осмон остидаги миникутубхона ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Умуман кўрсатувда кўтаринки кайфият, келажакка ишонч уфириб турарди. Маҳаллаларда уйғонган ташаббусларни қўллаб қувватлаш ва уларни ҳаётга кенг жорий қилиш ва муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш руҳияти кезарди.

Зеро, бугун янги Ўзбекистонда янги ислоҳотлар даври. Мамлакатимиз президенти таъкидлаганидек, маҳаллабай асосида ишлаш палласи! Маҳаллабай асосида  ишлаш эса халққа шароит яратиш, ташаббускорларга, тадбиркорларга кўмаклашиш, тинимсиз интилиш, изланиш меҳнат  ва завқ- шавқ улашишни  англатади. “Тонг нафаси” кўрсатувида ана шу руҳиятни ҳис қилиш мумкин.

Кўрсатувнинг кадр ортидаги ижодкорлари, фидоийлари –  муҳаррирлар Дилфуза Қўлдошева ва Нилуфар Нуриддинова! Кўрсатув режиссёри эса Зафар Хўжақулов. “Маънавият ва маърифат” каналининг етакчилари эса Воҳид Луқмон ва Дилдора  Мирзаева!

Кўрсатувнинг гўзал сухондонлари билан эса  уни томоша қилиш жараёнида танишиб оласиз.  Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг ижодкорларига, жумладан, “Маданият ва маърифат” канали ва  “Тонг нафаси” кўрсатувининг ижодий ва техник ходимларига ҳамиша парвозлар тилаб қоламиз.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.