Волонтёрлик фаолияти – элпарварлик, ватанпарварлик рамзи

0
424
марта кўрилган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва  фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари Ўзбекистонда замонавий фуқаролик жамиятини шакллантиришда, демократияни қарор топтиришда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда жуда муҳим  аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Шунинг учун ҳам жамиятимизда нодавлат секторининг ролини янада ривожлантириш мақсадида 2019 йил декабрь ойида Мамлакатимиз Президенти томонидан “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тасдиқланди. Айни кунда ушбу Қонуни ижроси доирасида “2020-2021 йилларда волонтёрлик фаолиятига мўлжалланган Давлат мақсадли дастури” лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази томонидан  “Волонтёрлик фаолиятини қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари – халқаро ва миллий тажриба” мавзуидаги давра суҳбати уюштирилди. Мазкур марказ директори Рустам Камилов қисқача кириш сўзида “Давлат мақсадли дастури”ни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилганлиги, ушбу дастур бир неча марта муҳокама қилинганлигини гапирди.

– Бирлашган миллатлар ташкилоти волонтёрлар ҳақида қонун ишлаб чиқишни 2002 тавсия қилган эди. Бугунги кунда 80 дан зиёд мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Волонтёрлик фаолияти бу – элпарварлик, ватанпарварлик фаолияти.  Бизда ННТ бари волонтёрлик асосида ишлайди. Шунинг учун “Давлат мақсадли дастури»ни яратишни  ҳукуматимиз фуқаролик жамиятининг ўзига топширди. Бу биз учун катта ишонч ва имконият. Ушбу дастур аниқ ва тўлиқ бўлишини кўзлаб қайта қайта семинар ва тадбирлар ўтказяпмиз, –деди марказ раҳбари Рустам Камилов.

Ушбу давра суҳбатида қатнашганимдан хурсанд бўлдим.  Кўпгина фикрлар кўнглимдан ўтди. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда кўнгиллилик ҳаракати кенг ривожланган. Лекин ҳозирга қадар бу масала умуман ҳуқуқий тартибга солинмаган эди. Волонтёрлар кимлар ўзи? Мамлакатимизда  қонун бўлмасада, бу фаолият бормиди? Албатта, бор эди. Савоб иш қилишни истайдиган, беғараз ёрдамга шошадиган ҳар бир киши волонтёрдир. Биз буни одамийлик, саҳоват, ҳиммат, мурувват, ҳашар деб юритиб келганмиз.

Тарихимизга бир назар…

 Аллома Навоий ўз асарларида мурувватга, саҳоватга жуда кўп эътибор каратади. ”Маҳбубул-қулуб” асарида саховатсиз кишини ёғингарчиликсиз баҳорга, мевасиз ёғочга, ёғинсиз булутга қиёслайди. Ҳазрат ўз асарида ҳиммат бобида шундай дейди “Битта утмакни(яъни нонни) икки бўлиб ярмини бир очга берганни сахий де, ўзи емай барини муҳтожга берганни аҳий де” дея ўгит беради. Демак беш юз йил аввал халқимизда  аҳийликни амалга оширган инсонлар ҳам бўлган. Аллома  Навоий яна айтадики, ҳар бир одам бировнинг оғирини енгил қилиши керак, биров йиғласа, унинг бошини силаб, жисмига жон, жонига дармон бўлиши керак. Ушбу асарнинг Саховат бобида яна шундай ёзади: “Саховат одамга бадандур ва ҳиммат анга руҳ… ҳимматсиз киши эр сонида эмас ва руҳсиз баданни киши тирик демас”. Ҳиммат, мурувват, саҳийлик, аҳийлик бу бугунги тил билан айтганда волонтёрлик. Лекин, фаолиятда уларнинг бир-биридан фарқи бор.

Ҳашар ва ҳашарчилар

 Ўтган асрда ҳашар ва ҳашарчилар сўзи кенг қўлланилди.. Жамоатчилик асосида амалга оширилган ишларни эса ҳашар деб атаганмиз. Жамоатчилик уюштирган ҳашарнинг иштирокчилари бизнинг тил билан айтганда ҳашарчилар эканлигини тадбирда гапириб ўтдим. Ҳашарчилар эса бугунги волонтёрлар. Бизда волонтёрлар бўлганми? Кўриб турибсиз албатта, бўлган. Жадидлар  маблағ йиғиб иқтидорли болаларни хорижда ўқитишган. Қариндошлар ҳашар йўли билан янги оилага уй қуриб беришган.  Ҳашар йўли билан кўприклар, йўллар,  қудуқлар, мактаблар, мадрасалар бунёд этилган. Кейинги йилларда ҳашарчилар долзарб даврда ҳосилни нобуд қилмай ўз вақтида териб олиш учун пахта йиғим- теримида қатнашдилар.  Ҳукуматимиз ташаббуси билан фермерлар уларни рағбатлантириб, маблағ ажратдилар.

Айни кунда мамлакатимизда кенг тарқалган ва тегишли давлат органларидан расмий равишда ўтиб фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларида  ишлаётган кишилар -кўнгиллилардир. 

 Демак, бизнинг юртимизда волонтёрлик азал-азалдан гўзал урф-одатларимиздан бири, қадимий миллий қадрият сифатида шаклланган! Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази раҳбари Рустам Камилов тилга олганидек элга, юртга муҳаббат, садоқат, фидойилик рамзидир!…

Яна тадбирга қайтиб…

 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси “Интернет тадбиркорлар” уюшмаси раҳбари Умид Бурханов  “Волонтёрлик фаолиятини қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича халқаро тажриба” мавзуида сўзга чиқиб, медиа ролик ҳам намойиш этди.  Умиджон АҚШ, Германия, Британия, Канада каби кўплаб давлатларнинг  волонтёрлик тажрибаси ҳақида гапирди. Бу давра суҳбатидагилар учун, шахсан мен учун ҳам жуда қизиқарли бўлди. Ўзга мамлакатларда волонтёрларни рағбатлантириш, мукофотлаш усулларини билиб олдик.  Бироқ, у кўрсатган ролик менга унчалик маъқул келмади. Волонтёрлик деган йўналиш билан берилаётган роликда кекса кишиларни йўлдан ўтказиб қўйиш, кичкинтойларнинг учиб кетаётган шарини ушлаб қолиб қўлига бериш каби йўл-йўлакай қилинадиган эътибору ғамхўрликни акс эттирди.  Мен фикр билдирганимда бу ҳолат бизда одамийлик дейилишини, йўл-йўлакай амалга ошириладиган савоб  ишлар халқимизнинг онг-шуурига сингиб кетганлигини, дастур тайёрланаётганда миллий қадриятларимизга ҳам эътибор бериш кераклиги ҳақида фикр билдирдим.

Даврада айтган фикримни  ёзишимдан мақсад:  “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Бироқ, ушбу қонуннинг асосий тушунчалар қисмида ҳеч бўлмаса қавс  ичида “Ҳиммат, мурувват, саҳийлик, аҳийлик, кўнгиллилар, ҳашарчилар” сўзлари киритилмаган. Тепада тилга олганимиздек, ушбу сўзларнинг ҳар бирининг ўзбек тилида ўз ўрни бор. Бироқ, вақти келиб ушбу сўзларнинг ўрнини биттагина волонтёр сўзи эгалламасмикан? Ахир аҳийлик сўзини айни кунда кўпчилик ёшларимиз тушинмайди-ку!   Энди Қонунга қайта ўзгартириш қиритилганда янги фикрларни олиб кириш мумкин. 

Бироқ, миллий қадриятимизни, ўзлигимизни, тарихимизни, тилимизнинг гўзаллигини ва серқирралигини ифодалаб турган юқорида тилга олинган сўзлар икки йилга мўлжалланган “Давлат мақсадли дастури” дан ўрин олишини истардим. Ўз тилини, миллатини, Ватанини севувчи, қадрловчи ҳар бир инсон фикримга қўшилса керак. Чунки, бу ҳали лойиҳа! Давра суҳбатининг мақсади– “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси доирасида ишлаб чиқилаётган “2020-2021 йилларда волонтёрлик фаолиятига мўлжалланган Давлат мақсадли дастури” лойиҳасини муҳокама қилиш эди. Эзгу ният ила фикримни этдим. Аллома Алишер Навоийнинг “Одамни демагил одамий, ани йўқ халқ ғамидин ғами” деган сўзларига амал қилдим.

Чунки, қонунлар, қонун ости ҳужжатлари, Давлат дастурлари мамлакатимизнинг ҳар бир хонадонига кириб бориши ва ҳар бир оила  аъзоларининг онг-шуурига сингиши лозим бўлган ҳуқуқий ҳужжатдир.

Раъно Зарипова,  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.