Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовли палла мамлакатимиздан аста-секин чекиняпти. Икки кун бўлдики, дарддан фориғ бўлганлар сони ушбу дардга чалинганларга нисбатан кўпаймоқда. Албатта, бу ўзгаришлар давлатимизнинг тезкорлик билан амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари ва тиббиёт ходимларининг фидойилиги самарасидир.
Мамлакатимиздаги ҳар бир инсон пандемияга қарши курашда қўлидан келган ишни амалга оширяпти. Жумладан, тадбиркорларнинг ҳам муносиб ҳиссаси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги 14 апрель куни ўтказилган қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони жаҳонда 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллионга етгани айтиб ўтилди. Оллоҳга шукрки, бизнинг мамлакатимизда бу муаммо йўқ. Зеро, пандамия даврида ҳам иқтисодиётни барқарорлаштиршга алоҳида эътибор бериляпти.
Президент топшириғи билан мамлакатимиз бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошидаги «Ҳомийлик ҳайрияларини мувофиқлаштириш маркази» маҳаллалар билан узвий боғланиб, кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиб турибди. Кечаги сайтга қўйган мақоламизда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги тўртта маҳаллага тадбиркорлар томонидан берилган озиқ-овқатлар жамламаси ҳақида гапирган эдик. Шунингдек, Пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалласининг 73 нафар оиласига зарурий озиқ-овқатлар етказиб берилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 апрель кунги видеоселектор йиғилишида аҳолининг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлишини, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилишини таъкидлади. Маҳалламиз аҳли, фидойилари, тадбиркорлар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб қувватламоқдалар. Албатта, бу жуда одилона иш бўлди, – дейди Юнус Ражабий маҳалласи раиси Улуғбек Ҳакимов.
Яна мамлакатимизнинг фидойи тиббиёт ходимлари томонидан тождор вирусга қарши кўчалар, маҳалла ҳудудлари, болалар майдончалари, кўп қаватли уйларнинг ҳар бир йўлаклари мунтазам дизинфекция қилинмокда. Албатта, бу ишларга туман ҳокимиятлари бош-қош бўлмоқда. Бу эса сийновли кунларда ҳар бир оила, ҳар бир инсон эътиборда эканлигини ифодалайди.
Дарҳақиқат, ҳамкорликда гап кўп. Халқимиз “бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган мақолни бежиз айтмаган. Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан сийновли кунлардан ўтиб оламиз. Фақат карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасдан, тушкунликка берилмасдан, сабрли бўлсак марра бизники бўлади.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Сувратлар Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимининг Матбуот котиби томонидан олинган.