Хотира – муқаддас, Қадрлай олиш олий инсоний туйғу!

0
377
марта кўрилган.

Таҳририятдан: Хотира – муқаддас, Қадрлай олиш олий инсоний туйғу! “Қалблар достони” китоб-ёдноманинг бош қаҳрамони минглаб шогирдларнинг устози, моҳир педогог, марҳума Гавҳархоним Фатхуллаеванинг таваллуд топганига 95 йил тўлиши муносабати билан фарзандлари томонидан тайёрланди.

Ушбу савоб ишга бош-қош бўлган Халқаро Ахборотлаштириш Академияси академиги, Ахборотлаштириш фахрий профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими Комилжон Рахимов таассуфки, китоб нашрга тайёрланаётган вақтда 2019 йилнинг 16 май куни 73 ёшида вафот этди. Ўзбекистонга муносиб хизмат қилган Комилжон Рахимов муборак рамазон кунларидан бирида Урганчдаги ота ҳовлисидан охирги йўлга кузатилди. Илоҳим, ўтганларнинг охирати обод бўлсин!

Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист Раъно ЗАРИПОВА: Фидойи утозимиз Гавҳаржон Фатхуллаева билан бўлган мазкур суҳбатнинг ёзилганига деярли  йигирма икки  йил бўлди. У  “Соғлом авлод учун” журналининг  1999 йил январь сонида чоп этилган эди. Онажони ҳақидаги ушбу суҳбатни асраб-авайлаб  сақлаб қўйган фарзандлардан китобни қўлга олганимда хурсанд бўлдим. Онасининг хотирасини эъзозлаганларни, онажонига дахлдор ҳар бир нарсани авайлаганларни Оллоҳ сийласин.

Ушбу китобдан устозимизнинг сафдошлари, шогирдлари ҳамда фарзандларининг дил сўзлари ўрин олган. Асардан  икки мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз. Устозимизнинг ҳаёти ибрати, ўгитлари тошга ёзилган достондек шогирдлари, яқинлари  қалбида муҳрланиб қолади.

Биринчи мақола. ФАРЗАНД – ДАВЛАТ, ФАЗИЛАТИ – ЗИЙНАТ

Ўқувчилик йиллари боланинг кўз олдида  дунёнинг юз очаётган даври. У ўзи муаллимларининг ҳар бирининг феълини, одатини, устун жиҳатларини, камчиликларини ҳам тездан англаб олади. Одамзод аслида ана шу ўзига хослиги билан қадрли! Бу болаларнинг ўта кузатувчанлигини билдиради. Педагогларга эса масъулият юклайди. Болалар тасаввурида яхши фазилатлари билан кўзга кўринишга уринади.

Устозимиз Гавҳаржон опа – синфга оҳиста кириб келар, сокин сўз бошлар, синфни аста-секин осойишталик, файзу ҳарорат қамраб оларди. Зийрак, топқир синфдошимиз Дилбархоннинг орқаваротдан муаллимани “Қумрихон” дея эркалашларида жон бор эди. Устоз сипо кийинар, тақинчоқларга ҳам ружу қўймаган, мусичадек беозор инсон  эди.

Мана, йиллар ўтди. Мактабни тугатганимизнинг ўттиз йиллиги тантанасида севимли ўқитувчимиз Гавҳаржон опа билан дийдорлашиб турибмиз. Устоз нафақага чиққан бўлса-да, ўзига қадрдон даргоҳ – Урганч шаҳридаги 1-мактабдан узоқлашмади. Мен учрашув баҳона устозимиз, моҳир педагог Гавҳаржон Фатхуллаевага бир неча саволлар билан мурожаат этдим:

Гавҳаржон опа, мустақиллик шарофати билан таълим-тарбияда жуда катта ўзгаришлар, бурилишлар бўлди. Педагогикамизнинг бугуни, истиқболи ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бир сўз билан айтганда, бугунги педагогика чин маънода эркин педагогика. Бугунги муаллим дилидагини тилига чиқара олади. Тарбияда халқ анъаналарига, миллий таълим-тарбияга суяна олади. Биз болаларга дилимизда айланиб турган кўпгина фикрларни етказа олмадик. Масалан, шахсан ўзим дарс берган фандан мисол келтирсам. Одамнинг маймундан пайдо бўлгани ҳақидаги қараш баҳсли эди. Лекин, бизда бошқа таълимотлар ҳам бор, масалан… дея илинтириб ўта олмадик.

Ҳатто, ватанпарварлик туйғуси ҳам сохталаштирилган эди. Одамнинг меҳру муҳаббати аввало туғилган жойига бўлган муносабатдан бошланади. Хоразм ҳақида, туркий қавмлар ҳақида тўлиб-тошиб гапирганимизда, Жалолиддин Мангубердини тилга ололмасдик. Болаларни кўҳна Урганчга саёҳатга олиб борардиг-у, Нажмиддин Кубро мақбарасини зиёрат қилаётиб, у ҳақда берилган саволларга “диний пешво” дейишдан нарига ўтолмасдик. Бу зотнинг буюк ватанпарвар бўлганлигини, кубравия деб ном олган тариқат йўлининг асосчиси эканлигини айтолмаганмиз, илмий, бадиий ижодини ўргана олмаганмипз.

Ўқувчиларимизга “Яхши ўқисанг – дунё сеники”, дер эдиг-у, болалар бунга кўпам ишонаверишмасди. Чет тилини ўргатардик, аммо бу тил кўпчиликка кейинги ҳаётида умуман керак бўлмасди. Бугунги болалар педагогикада амалиётни, сўз билан ишнинг бирлигини кўриб турибдилар. Болаликдан чет элларда ўқиб, дунё кўрмоқдалар. Зеро, халқимиз “Болаликда уққани – тошга ёзилгани” дейиши бежиз эмас. Айни пайтда болаликдан дунё кўришга, ўқишга имконият бор. Бу ҳаммаси асрий орзумиз, мустақиллик шарофати, десак, арзийди. Шу кунларга етиб келганимизга шукроналар айтаман.

–  Гавҳаржон опа, энди сизнинг узоқ йиллик муаллимлик тажрибангиздан сўзлашсак. Нега сиз болалардан ўтилган дарсларни журнал бўйича сўрамас эдингиз?

–  Ҳаётда одамларни турли вазиятларда, зиддиятли танг ҳолатларда янада яқиндан кўрамиз, кузатамиз. Болалар ҳам шундай. Туғилиш, униб-ўсиш, жуфт танлаш, бола-чақа орттириш, рихлат ҳар бир жонга хос. Бироқ оралиқдаги ана шу йўлни ҳар бир инсон ўзига хос тарзда босиб ўтади. Инсоннинг қувончлари ва изтироблари бор. Жажжи қалбларда ҳам бу кечинмаларни кузатиш мумкин. Ҳар қандай шароитда одам улуғ ва мукаррам бўлиб қолиши керак, деб биламан. Шундай экан, ўсиб-улғайиб келаётган болаларни авайламай, ардоқламай бўладими? Катталарнинг ҳар бир қадамининг акс-садосини кичикларда кўриш мумкин. Ахир, ўша куни бола қайси кайфиятда ўтирибди, билиб бўлмайди. Қолаверса, қувноқ болалар фақат ўша куни ўқиб келадилар. Шунинг учун журнал тартибида сўрамас эдим.

–  Дарс ўтгандан кейин яна савол-жавобга вақт ажратиб, янги мавзу бўйича ҳам баҳолар эдингиз...

–  Дарс ўтган пайтда: “Ҳой, жим ўтир”, “Ҳой, тўполон қилма!” деявериш, жаврайвериш болаларнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам обрўйингизга путур етказади. Айтадилар-ку, “Гапирсанг, бети қотар, урсанг – эти”. Шунинг учун дарс ўтиб бўлгандан кейин ҳамиша савол-жавоб қилардим. Фаол қатнашган ўқувчиларни рағбатлантирардим. Қарабсизки, ўз-ўзидан дарсда жим ўтиришади.

Гавҳаржон опа, дарс бошланган пайтда йўқлама қилмас эдингиз, сабаби?

– Ҳар бир ишни хуш кайфият билан бошлаган маъқул. Дарсни қизиқарли ўтсангиз, ўқувчиларнинг ўзлари жим ўтиришади. Болаларга ҳам катталардек муомала, эътибор керак. Уларнинг феъл-атвори ҳар хил. Бироқ, барчасини бирлаштириб турадиган битта нарса бор: болалик ва ғурур. Ўсиб келаётган боланинг ғурурига тегиш, шахсини синдиришга ҳаракат этиш яхши эмас. Гоҳида мактабларда ўқитувчи билан ўқувчи орасида жанжал чиқиб, директоргача киришади. Вазиятни бу даражага олиб келган киши педагогликка нолойиқ, унинг ўрни мактаб эмас. Болага оналик шафқати билан қараш зарур. Ўқитувчи сабр-тоқатли, шафқатли, болага худди ота-онадек муносабатда бўлиши зарур.

Дарсларни давр билан боғлаб олиб бориш керак, деб ҳисоблайсизми? Бу ишни табиий фанлар, масалан, ботаника, зоология, биология дарсларида қандай амалга ошириш мумкин?

– Албатта, давр билан ҳамнафас дарс олиб бориш керак. Масалан: балиқ ва унинг турлари мавзусини ўтаётганда, албатта Орол муаммосини, балиқ турлари йўқолиб кетаётганини қўшиб гапирсангиз, болалар ана шунга кўпроқ қизиқадилар. Қўшимча маълумотларни бериш учун ўқитувчи доимо изланиши, ўрганиши лозим. Ўз соҳасига оид китобларни мунтазам мутолаа қилиш талаб этилади. Ўқитувчи илмий, фалсафий, жуғрофий, тарихий, маданий, диний миқёсни қамраган дунёқараш эгаси бўлсагина кутилмаган саволлардан довдираб қолмайди.

Ўқитувчи болаларнинг тақдир ва қисматига, бахтига, ташвишларига тенг шерик, мусибатига қайғудош бўлсагина, болалар уни устоз деб ардоқлайдилар.

Гавҳаржон опа, энди, она ва уй бекаси сифатида битта саволга жавоб берсангиз. Мана, уч ўғил тарбияладингиз. Уларнинг ҳар бири ҳозир ўз соҳасининг пешқадамларидан.

– Тарбиянинг асоси – оиланинг аҳиллигида, бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшашда, деб тушунаман. Мен оила қурганимда ўқитувчи эмасдим, кейин институтга кирдим. Раҳматли эрим – шоир Эгам Раҳим ўқишимни тамом этишимда қўллаб-қувватлади. У киши, она ўқимишли, билимдон бўлса, бола ҳам билимдон, ақлли бўлади, деб ҳисоблар эди. Қолаверса, болани ёшлигидан меҳнатга ўргатиб, чиниқтириб бориш керак. “Бола бошидан”, – деган ўгит ҳам бежиз эмас.

Ота-боболаримиз “Фарзандинг – давлатинг, фазилати – зийнатинг”, – деб қулоғимизга қуйишган. Фарзанд ҳаётда ўз ўрнини топиб кетса, бу – ота-онанинг бахти.

Гавҳаржон опа, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

“Соғлом авлод учун” журнали,  1999 йил 1- сон

Иккинчи мақола. “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон РАҲИМБЕРГАНОВА: ОЛИЙЖАНОБ ФАЗИЛАТЛАР МУЖАССАМ БЎЛГАН АЗИЗ, МЕҲРИБОН, ФИДОЙИ УСТОЗИМ

Ҳаётда шундай инсонлар яшаб ўтадики, уларнинг эзгу ишлари элдошлари, шогирдлари, яқинлари қалбида абадий, мангу яшайди. Ана шундай азиз мураббийларимиздан бири узоқ йиллар Урганч шаҳридаги 1-сон мактабда ёшларга сабоқ берган меҳрибон устозимиз Гавхаржон опа Фатхуллаевадир.

Мен ҳам мана шундай қалби меҳр-муҳаббатга, мурувватга  тўла бўлган устоздан таълим олганлигимдан беҳад мамнунман. Чунки, устозимизнинг ҳаёт йўллари ҳар биримиз учун ибрат мактаби бўлган.  Гавҳаржон опа бизга биология фанидан дарс берар эди. Маълумки, фанлар бўйича машғулотлар кўп, бироқ биз бутун синфимиз билан биология фанини орзиқиб кутар эдик. Чунки устозимиз қўлида кўпгина кўргазмали воситалар, ранг-баранг гулларни кўтариб, синфимизга кириб келар эди. Машғулотни эса қизиқарли ва мавзуни чуқур тарзда етказишга ҳаракат қилар эди…

Ўша йиллар нафақат синфлар, балки мактабимизнинг йўлаклари,  киравериш вестибюли, ҳовлиси, мактаб олди турфа гулларга бурканган бўлиб, улар қишин-ёзин очилиб турар эди. Мактабимизга халқ таълими бўлимидан ва бошқа юқори ташкилотлардан келган вакиллар ҳам ҳамиша бундай гўзал манзарага ҳавас-ҳайрат билан қарашарди. Буларнинг ҳаммаси фидойи, жонкуяр, тиниб-тинчимас устозимиз Гавҳаржон опанинг доимий тавсиялари асосида бунёдга келар эди.

– Болаларим, яшиллик олами муҳит мусаффолигини таъминлайди. Соғлигингизга ижобий таъсир кўрсатади. Нафақат синфингизда, балки уйингизда ҳам дарахт кўчатлари, гуллар экиб, уларни парвариш қилинг. Доимо сув қуйиб турсангиз ҳовлингизга, кўчангизга ҳусн бағишлайди, – дея устозимиз доно маслаҳатлари билан бизларни гул ўстиришга, экологик муҳитни яхшилашга ҳисса қўшишга йўналтирардилар.

Урганчдаги 1-сон мактаб шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган. Бугун ҳам ушбу мактаб биноси олдидан ўтсангиз, атрофдаги яшиллик, гулзорлар, жазирама кунларда ҳам соя ташлаб турган кўп йиллик дарахтларни кўриш мумкин. Уларнинг кўпчилиги бундан 40-50 йиллар олдин Гавҳаржон опа бошчилигида ўтқазилган бўлиб, буни бугун собиқ ўқувчилар ҳурмат билан эслашади.

Ўша йиллар биз истиқомат қилаётган уй Гавхаржон опалар ҳовлисига яқин ҳудудда жойлашган эди. Мактабдаги машғулотлар якунлангач, кўпинча Гавҳаржон опа билан пиёда уйга бирга кетар эдик. Асосан у пайтда Урганч ёғ-мой заводи олдидаги асфальт йўлкалардан ўтиб, Қирғиз ёп томон борардик. Гавҳаржон опа оҳиста қадам ташлаб, майин, камтарона овози билан биз билан суҳбатлашиб борарди. Гоҳида уйига таклиф қилиб, айвончада ва боғдаги энг яхши гуллардан новдалар – “отроска”лар берарди.

– Уйингизга олиб бориб, тувакка ўтказинг, боғингизга эса мана бу тур гуллардан экинг, – дея алоҳида кичкина халтачаларга солиб берарди.

Мактабда ўқиб юрган пайтимдаёқ мактаб, ёшлар ҳаёти, кутубхонамиз ҳақида мақолалар тайёрлаб, уларни “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятига олиб борардим. У пайтда жамоатчи мухбирлар машғулотлари ҳар пайшанба куни бўлар эди (Ҳозир ҳам устозлар анъанасини  давом эттириб, ҳар пайшанба куни таҳририятимизда ёш жамоатчи мухбирлар мактаби машғулотлари давом этади). Газета муҳаррири Эгам Раҳимов меҳрибон устозимизнинг умр йўлдоши эканлигидан доимо фахрланиб  юрардик.

Газета муҳаррири Эгам ака Раҳимов ҳам машғулотларда бизга хабар, лавҳа ёзиш бўйича дарслар ўтарди. Ён дафтаримга ёзиб олган сатрларимни бугун ҳам сақлаб келмоқдаман.

Мактабимиздаги ёш ижодкорлар тўгарагига Гавҳаржон опанинг энг яқин дугонаси, она тили ва адабиёти фани  ўқитувчиси Уллибиби Отажонова раҳбарлик қилар эди. 1969 йил  8 март куни “Хоразм ҳақиқати” газетасида “Ўқитувчим” деб номланган шеърим чоп қилинди.

Уллибиби опа менинг шеърим чоп қилинган газетани синфга кўтариб келганида, айнан Гавҳаржон опа биология фанидан навбатдаги дарсни ўтаётганди. Ана ўшанда Гавҳаржон опа мен билан биргаликда қувониб:

–  Қизим, табриклайман. Ижодий ишларингга муваффақиятлар ҳамроҳ бўлсин. Газетада чоп қилинган биринчи шеърингни қани, бир ўқиб бер-чи, – деди.

Мен газетадаги “Ўқитувчим” деб номланган шеъримни ўқиб бера бошладим:

Меҳри дарё, оқкўнгил

Сўзи аъло, содда дил,

Ҳаммамизнинг онамиз

Ақли расо онамиз,

Меҳрибон ўқитувчим.

Жонажон ўқитувчим,

Фанни пухта ўргатар,

Бизни кўрса, шод бўлар,

Қайғу-ғамин унутар,

Меҳрибон ўқитувчим,

Жонажон ўқитувчим.

Доим ўнгу-сўлимиз,

Кўксимизда қўлимиз,

Ҳурмат этиб юрамиз,

Кўрсатди, деб йўлимиз,

Меҳрибон ўқитувчим,

Жонажон ўқитувчим.

Шундан сўнг бутун синф бўйлаб қарсаклар янгради. Гавҳаржон опа пешонамдам  ўпиб, елкамдан оҳиста қоқиб қўйди. Ушбу шеърим “Хоразм ҳақиқати” газетасида чоп қилинганида 8-синфда ўқир эдим. Бу менга келгусида журналистика соҳасига  йўлланма беришда муҳим аҳамият касб этди.  

 Мана, орадан деярли 50 йил ўтаётган бўлса-да, ҳамон кўз олдимда меҳрибон, азиз устозим Гавҳаржон Фатхуллаеванинг фариштали нигоҳи тез-тез гавдаланиб туради.

…Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаб, тўғри “Хоразм ҳақиқати” газетасига келдим. Қўлимдаги диплом билан газета муҳаррири Эгам Раҳимов хонасига кирдим.

– Табриклайман қизим. Беш йил давомида амалиётингни ҳам бизнинг газетамиз таҳририятида ўтказдинг. Турли жанрлардаги мақолаларинг чоп қилинди. Қўлинг анча тушиб қолди. Эртадан ишга кел. Маънавий-маърифий бўлимда фаолиятингни бошлайвер, – дея устоз менга мустақил фаолиятимга оқ йўл тилади.

Шундай қилиб, мен “Хоразм ҳақиқати” газетасида юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда энг тажрибали журналистлар билан ёнма-ён  иш фаолиятимни бошладим. Етмишинчи йилларда газетанинг ҳар бир сонини тайёрлаш, материаллар жойлаштириш, чоп қилиш жараёни ниҳоятда мураккаб кечар эди. Чунки Москвадан телетайп орқали келаётган маърузаларни ушбу сонга жойлаб, чоп қилишимиз ва газетани тонг билан обуначига етказишимиз керак эди. Шу сабабли кечаси билан таҳририятда газетани тайёрлашнинг узлуксиз жараёнлари давом этарди. Муҳарриримиз Эгам Раҳимов газета тайёр бўлгунча таҳририятда бўлар, ҳар бир саҳифага жойлаштирилган мақолаларни синчиклаб кўздан кечирар эди. Гоҳида таҳририятда чой ичиб, нон еб, қолиб кетар, хонасида тонгни кутиб олганларини яхши биламиз.

Гавҳаржон опа меҳмондўст, самимий аёл эди. Уйларида ўтказилган тўйларда, тадбирларда жамоамиз аъзоларини хурсандчилик билан кутиб олар эди. Гавҳаржон опадан ширин таомлар, аччиқ-чучук (салатлар) тайёрлашни ҳам ўрганганмиз. Қудалари билан самимий, ширин муносабатлари, келинларига бўлган меҳр-эътиборини кўриб, қўшнилар, қариндошлари ҳамиша қойил қолишарди. Бу оиладаги бир-бирига ҳурмат-иззат, фарзандларнинг ота-онасига чексиз эҳтироми, оиладаги аҳиллик, тотувлик, юксак маънавият, осайишталик, соғлом муҳит, самимийлик ҳамиша кўз олдимизда намоён бўлиб келган.

Гавҳаржон опанинг кийган миллий либослари (асосан атласдан одмигина қилиб тикилган), эгнидаги костюмлари, жемперлари ва унга мос танланган ҳарир рўмоллари  ўзига жуда ярашиб турар, биз эса ҳамиша опага ҳавас билан қарар эдик. Гавҳаржон опада ўзбек аёлларига хос бўлган барча олийжаноб, гўзал фазилатлар мужассам эди. Айниқса, одоби, камтарлиги, ўзининг босиқлиги билан ҳамиша касбдошлари, маҳалладошлари ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган.

 Ҳар сафар Қирғиз ёп бўйидаги Эгам акам ва Гавҳаржон опам истиқомат қилган уй олдидан ўтиб борар эканман, бирпас тўхтаб, бу азиз инсонларни ҳурмат билан ёдга оламан. Бундан 40-50 йил олдинги устозим Гавҳаржон опа билан юрган кўчага боқаман. Ҳозир бу ерда анча ўзгаришлар, қурилишлар давом этмоқда. Лекин бу мўътабар инсонлар яшаган  уй  ҳамон биз учун  файзли, қадрдон, азиз ва муқаддасдир. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.