Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

0
343
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳар Учтепа тумани ахборот-кутубхона маркази, ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши ва Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” мавзусида маънавий – маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Учтепа тумани ахборот-кутубхона марказидаги давра суҳбатига ташриф буюрган соҳа мутахассислари бугунги Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари, унинг мустақиллик йилларида эришиб келаётган ютуқлари, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирдилар.

Учтепа  туман Миллий гвардия ходимлари иштирок этган ёшлар билан учрашувда ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича ўринбосари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати  Бобиржон Расулев истиқлолнинг буюк неъмат эканлиги, юрт иқтисодиётининг  таянчи бўлган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни, шунингдек, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига  бўлиб ўтадиган сайлов юзасидан тингловчиларга  тушунтиришлар берди.

Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона маркази директори Ҳофиза Каримова ўз сўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакат иқтисодиёти тараққиётига, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

“Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази бошқаруви раиси, GUJUM.UZ  сайти раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова маърузасида шундай деди: «Мустақиллик Олий неъмат эканлигини англатувчи  янги Ўзбекистонда янги ислоҳотларни  ифодаловчи  бу  йилги янгиликлардан учта мисол келтираман. Биринчиси бу-апрелдаги маълумот: Ўзбекистон илк бор дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтингидан ўрин олди. Рейтинг тўртта ҳудуддан 17 мингдан зиёд киши ўртасида ўтказилган сўровномага асосланган. Экспертлар дунёнинг 78 та мамлакатини 76 хил кўрсаткич бўйича баҳолашган. Улар  бизнинг  мамлакатни ҳам одамлар учун  барқарор тинч, хавфсиз, очиқ, адолатли ва тенг ҳуқуқли жамият деб ҳисоблайди. Рейтингда, шунингдек, ижтимоий адолат даражаси, ирқий тенглик ва ўз фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳам ҳисобга олинган.

Иккинчиси эса июнь ойидаги маълумот Парламентлараро иттифоқ (ПИ) расмий веб-саҳифаси 2021 йил учун «Сиёсатда аёллар» инфографикасини эълон қилди. Унда аёлларнинг турли мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматларидаги вакиллигига оид статистика келтирилган. Парламентлараро иттифоқ маълумотига кўра, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда 45-ўринни эгаллаб турибди. Республикамиз шу маънода ПИга аъзо 130 дан ортиқ давлат, жумладан Германия, Австралия, Канада, АҚШ, Марказий Осиё мамлакатларидан ўзиб кетди. Парламентлараро иттифоқ  179 мамлакат парламентларини бирлаштирувчи парламентлараро мулоқот учун энг йирик майдон ҳисобланади. Шунингдек, ташкилот таркибига, 13 та ҳудудий парламент бирлашма ҳам киради.

Учинчиси, куни кеча бўлиб ўтган Токио 2020 олимпиадасида делегациямиз 5 спорт турида 5 та медаль жамғарди. Мамлакатимиз медаллар сифати бўйича (3 та олтин, 2 та бронза) Осиё давлатлари орасида Хитой, Япония, Корея Республикаси ва Эрон каби  спорт бўйича етакчи давлатлардан кейин бешинчи, МДҲ мамлакатлари орасида Россия Олимпия қўмитасидан кейин иккинчи, туркий давлатлар орасида ва Марказий Осиё минтақасида биринчи натижага эришди.

Шуни таъкидлашни хохлардим, юртимиз мустақиллигигача Ўзбекистонда  атиги биргина жаҳон чемпиони бор эди. Эндиликда ҳар спорт  олимпиадасида ютуқларга эришиб келяпмиз. Мустақиллик шарофатидан яна бир далил — Оксана Чусовитина Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган».

Раъно Зарипова сўзининг охирида барчани энг азиз, энг улуғ байрам- Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан барчани қутлади.

Учтепа тумани ахборот-кутубхона маркази директори яъни мезбон сифатида энг охирида сўз олдим. Узоқ йиллар парламентда ишлаганим кўрганларим, кузатганларим ва эшитганларимни бир-бир ҳикоя қилиб бердим. Ўзбекистон бугунги МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб ўз мустақиллигини эьлон килганлиги, Олий Кенгаш 1991 йил 1 сентябрни Мустақиллик куни деб эьлон килгани, ушбу буюк неьматга эришиш йўли мураккаб бўлгани, бу халқимизнинг асрий орзуси эканлиги, Ўзбекистонни озод, обод юрт сифатида кўриш ниятида канчадан- канча зиёли, мард, ватанпарвар боболаримиз шаҳид бўлганини эслаш ҳам карз ҳам фарзлигини ёшларга тушинтиришга интилдим.

Бугунги мусаффо осмонимиз, дунё ҳамжамиятида ўзимизга хос мавқега эга бўлишимиз, ва энг асосийси ўз она тилимизда эмин — эркин сўзлашишимиз, ўз такдиримизни ўзимиз белгилашимиз, куҳна тарихимиз, бой меросимиз, мукаддас динимизни, урф одатларимизнинг кайта тикланиши мустақиллигимизнинг энг катта иномларидан эканлигини таъкидладим.

Давлатимиз раҳбарининг пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини бекор қилиш орқали болаларнинг мажбурий меҳнатдан бутунлай воз кечиш каби қарорлари натижасига бугун гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳар жабҳада ҳар соҳада бўлаётган ишларни гапирсак адоғи йўк. ОАВга берилган эркинликлар, Халк кабулхоналарининг ташкил этилиши, ҳар бир фуқоро дилидагини, барча фикрларини бугун очик гапирмокда ва ҳукумат томонидан эшитилиб чоралар кўрилмокда. 

Мана йўлларни қаранг.  Авваллари фақат катта йўлларга эътибор бериларди. Эндиликда махаллалар ичидаги кичик тор кўчалар ҳам  текисланиб, асфальтланмоқда. Мана ҳозир Президентимиз маҳаллабой асосида ишлаймиз, ва шу йўл билан ҳар бир хонадонга кириб борамиз деяптилар. Яна кутубхоналарга, китобхонликка  жуда катта урғу бермоқдалар. Учиинчи ренессансни бугунги китоб ўқиётган бола амалга оширади, дея  илмга, билим олишга имконият яратаяптилар. Бизни вазифамиз ҳукумат томонидан олиб борилаётган эзгу ишларга қўлимиздан келганча ҳисса қўшиш ва шу кунларимизга шукроналик билан жавоб қайтаришдир. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига барчамизга қутлуғ бўлсин!

Барчиной ХОДЖАЕВА, Учтепа туман ахборот-кутубхона маркази директори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.