Болажонингизни китоб мутолаасига қизиқтиришнинг етти қоидаси

0
2467
марта кўрилган.

Баъзи болалар ҳақиқий китобсевар  бўлса, бошқалари эса ўқишни ёқтирмайдилар. Шунга қарамай, барча болаларни ҳам китоб мутолаасига қизиқтириш мумкин. Фарзандларни мажбурламасдан  ўқишга қандай чорлаш мумкин? Қуйидаги маслаҳатлар фарзандингизни китобга меҳр қўйишига ёрдам беради.

Замонавий технологиядан фойдаланинг. Сиз фарзандингиз китоб ўқишини истайсиз, у эса компьютер ўйинини хоҳлайди. Нима қилиш керак? Китоб мутолаасини ана шу жараёнга яқинлаштиринг, яъни замонавий технологиялардан фойдаланинг. Компьютер ёки планшетдан фойдаланган ҳолда электрон китоблардан ўқиб беринг. Интернетда кўплаб бепул электрон китоблар топишингиз мумкин. Уларни он-лайн ўқиш ёки юклаб олиш ҳам мумкин. Баъзи электрон китобларнинг қоғоз нусхасига нисбатан имкониятлари кенг. Масалан, аудио ва видео тасвирлар билан бойитилган. Бу эса полапонингизни қизиқтириши аниқ.

Мутолаа бурчаги қилиб беринг. Кичкинтойингизни чалғитмайдиган, ташқи шовқин-сурондан ҳоли бўлган мўъжазгина “уйча” ёки бурчак қилиб беринг. Ана шундай мўъжазгина чодирчалар ҳам болажонингиз учун “уйча” сифатида хизмат қилиши мумкин. Бу “мутолаа ҳудуди”га юмшоқ кўрпача ва ястиқчалар қўйиб, китоб ўқиши учун қулайлик яратинг. Деворларига турли эртаклардаги қаҳрамонларнинг суратлари билан безатсангиз, болажонингиз ўзини ҳақиқий эртаклар оламига тушиб қолгандай ҳис қилиб, китоб ўқишга илҳоми келади. Бугун болалар ўйинчоқлари сотиладиган дўконларда болалар учун жажжи чодирчалар сотилади. 

Болажонингизни тез-тез кутубхонага олиб боринг. Полапонингизни охирги марта қачон кутубхонага олиб бордингиз? Агар фарзандингизда доимий равишда китоб ўқиш кўникмасини шакллантиришни истасангиз, ҳафтасига ҳеч бўлмагамда бир марта кутубхонага олиб боринг. Шошмасдан китобларни биргаликда кўриб чиқинг, биргаликда танланг, биргаликда ўқинг. Уйда ўқиш учун ҳам китоблар олинг. Бундан ташқари, китобларни солиш учун “китоблар сумкаси”ни ҳам қилиб беринг. Аҳамиятсиздек туюладиган майда-чуйда амаллар  муҳим  усуллар бўлиб, улар фарзандингизнинг китобхон бўлишига, бора-бора китоблар доимий ҳамроҳига айланишига ёрдам беради.

Китоблар тез-тез суҳбатингиз мавзусига айлансин. Агар сиз болажонингизни китоб ўқишга ғайратини оширмоқчи бўлангиз, тез-тез эртаклар, ҳикоялар айтиб беринг, умуман китоблар ва уларнинг мазмун — моҳияти ҳақида суҳбатлашиб туринг. Ҳаётда содир бўлган ҳақиқий воқеаларни болаларингиз ўқиган эртак ва ҳикоялар билан боғлашга ҳаракат қилинг. Бундан ташқари, маълум бир китобнинг кино версиясини биргаликда томоша қилиб, сўнг солиштиришингиз, китоб ва кино версияси ҳақида фикрларини олишингиз мумкин. Бу эса фарзандингизни нафақат ўқишга чорлайди, балки, мушоҳада қилишга ўргатади, таҳлил қилиш қобилиятини шакллантиради.

Фарзандингиз қизиққан мавзудаги китобларни танланг. Баъзи болалар ҳайвонот оламига қизиқса, баъзи болалар эртакларда боладиган аждарҳо, ялмоғиз кампир, гном каби тўқима мавжудотлар ҳақидаги эртакларни эшитишни ҳуш кўришади. Баъзи болажонлар динозаврлар ҳақида ўқиб беришингизни сўраса, бошқалари коинотдаги бошқа сайёралар ҳақида билгиси келади. Фарзандингиз қизиқишига қараб китоб танланг.

Фарзандингизга намуна бўлинг. Болалар ота-онасида намуна оладилар. Агар сиз мунтазам китоб мутолаа қилсангиз, бошқа оила аъзоларингиз билан турли китоблар тўғрисида тез-тез суҳбатлашсангиз, китобдан завқ олгангизни кўрсатсангиз, фарзандингизга ўрнак кўрсатган бўласиз. Китоб ўқиш аста-секин фарзандингизнинг ҳам севимли машғулотига айланиб боради. 

Ҳар куни китоб ўқиб беринг! Вақтингизни аямасдан, полапонингизга ҳар куни китоб ўқиб берсангиз, у аста-секин ўзи ҳам мунтазам мустақил  тарзда китоб мутолаа қиладиган бўлади. Унинг ҳаётида китобхонлик анъанага айланади.

О.Саъдуллаева тайёрлади

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.