Атоқли адиб — Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров ижодидан

0
665
марта кўрилган.

Бугун қутлуғ 80 ёшини нишонлаётган атоқли адибимиз — Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров айни кунларда янада куч-ғайратга тўлиб янги-янги ижодий ишлар билан банд. Биз устоз мураббий, адабиётшунос олим, адиб, таржимон ва публицист Иброҳим акага мустаҳкам соғлиқ, ижодий ютуқлар тилаймиз. Устознинг гўзал насрий ижодини назмга, халқона қўшиққа менгзаш мумкин. Марҳамат Сиз ҳам ундан  баҳраманд бўлинг.

 

УЛУҒ МАЪНАВИЙ НЕЪМАТ

(Кўнгил битиклари)

Одамни тинглай билиш ҳам жуда катта одамгарчилик. У юрак ва онгнинг тарбиясидан дарак беради.

 

* * *

Ёзмаган билан, ўқимаган билан ёзувчининг мияси бир зум бўлсин фикрлашдан тўхтамайди. Ёзувчи қоғозга ёзолмаса, миясига ёзади. Мия ёзувчида — тегирмон. У то сўнгги нафасгача ишлайди.

 

* * *

Асқад Мухторни севар эдик. Унинг интеллекти кўри атрофида бўлишга интилардик. Ҳеч ким ёшларга Асқад Мухторчалик дўст эмас, деб тушунардик. Унинг «99 миниатюра», «Сизга айтар сўзим» шеърий китобларини шеърият мўъжизасидай ўзимиз билан олиб юрардик. Улар бизга риторикадан чиқиш ва қутулиш йўлини кўрсатаётгандек бўларди…

 

* * *

Тоғай Муродни ўқисангиз, одам дам-бадам тўлиб кетади. Йиғи. Завқ-шавқ. Илҳомга.

Тоғай Мурод бу — Тўполон дарё. Уни мен дунёдаги энг чиройли дарёлардан бири деб биламан. Вой, бу дарёнинг шўхлиги! Вой, бу дарёнинг ўзига одамни сиғдирмаслиги! Бир кафт сув ололмайсиз! Бир зум оёғингизни роҳат тўлқинига сололмайсиз. Қўймайди! Шитоб билан оқизиб кетади. Чирпирак қилиб юборади. Лекин бутун Сурхон унинг боис гул-гул яшнайди, очилади, тириклик қўшиғини айтиб жар солади.

Ниагара Америка диёридаги шоирларни яратганми яратмаганми, айтолмайман. Лекин Тўполон дарё Сурхонда Тоғай Муродни яратган. Унга ўз шаддод шоирлигидан улуғ улуш ато этган. Мени бу икки улуғвор ҳассослик доим ҳайратга солади. Бу икки дарё бўйида доим одамнинг бағри кенгайгандай, яйрагандай, дунёнинг таҳлил этиб бўлмас сирларига ошно бўлгандай сезади одам ўзини.

 

* * *

Адаб — одамийликнинг ўзаги. Балки одамийликнинг бари бошдан охир адабдан иборат. Адабнинг илиги эса — ҳаё. Илик қуриган ерда ҳаё бўлмайди. Ҳаёни ор-номус, ҳамият, орият, шаън, уят сингари тушунчалар қаторига қўямиз. Буларнинг бир-бирларидан сира ажратиб бўлмайдиган томонлари, жиҳатлари бўлганидек, жуда нозик маънавий ўзига хосликлари ҳам халқ ичида фарқ қилинади.

Уят — жуда қадимдан келаётган туркий ўзбакий сўз ва тушунча. У ёпиш, паналаш маъноларини англатади. Уй, уя — панажой, одамнинг бошини, бошинигина эмас, бутун вужуд борлиғини оламнинг хавф-хатарли ҳаводис-ларидан муҳофаза қилади. Уят — туркийча, ҳаё — арабийча, шарм — форсийча келиб чиқишга эга. Руслар бу тушунчаларни «стид», «срам» сўзлари билан ифодалашади.

 

* * *

Айтгим келади: номусни дарахтдан ўрганинг! Қаранг, у ҳаёт шарбатлари югураётган танасини қандай парда қобиқ билан ўрайди. Бир жойи кесилса, дарҳол шу кесилган ўринни қобиқ билан беркита бошлайди.

Табиатда ҳаё ҳукмрон. Яшаш зарурати шуни тақозо қилади.

 

* * *

Мендан муҳаббатнинг гўзаллиги нимада? Унинг лаззатларидами? Унинг шаҳватларидами? Унинг ҳирсий интилишларидами?   Лайлидай, Мажнундай сарсон-саргардонликларидами? Умидсиз тонгриқишларидами? — деб сўрасалар, булар бари қалбга доир ва уларни ҳеч қачон инкор қилиб бўлмайди, дердим. Шунинг билан бирга муҳаббат булар билан гўзал эмас, балки баайни ҳаё билангина гўзал ҳамда ҳаммадан ортиқ лаззатли, деб жавоб берган бўлардим.

 

* * *

Ислом яратган улуғ илоҳий Китоб ота-онанг­нинг бетига қараб уф тортма, уҳ дема, улар сени кичикликдан тарбият қилдилар, дунёга келтирдилар. Сенинг уф тортишинг уларни адойи тамом қилади. Биз боламизга қаноатли ҳаёт беролмабмиз-да, деб ўкинтиради, дейди. Мана шу ота-она юзига тик караб уф тортиш — ҳаёсизлик, уҳ тортмаслик, ичингдан қиринди ўтаётган ҳолда ҳам буни билдирмаслик, бу — ҳаё. Тўғрироғи, ҳаёнинг ибтидоси. Узум гуллаганини кўрганмисиз? Илк ҳаё ана шу узумнинг гули. У ҳали ширин узум эмас, лекин усиз ширин узум ҳеч қачон етилмайди. Мард одамнинг мардлиги ҳам, қаҳрамон одамнинг қаҳрамонлигида ҳам шундай ҳаё гули мавжуд. Ҳаё бўлмаса ботирлик бўлмайди.

 

* * *

Суқротнинг умри доим турли фалсафий баҳсларда кечарди. У ёшларни ориф ва оқил, замонадан анча илгарилаб яшашга ўргатарди. Кўп ҳолларда ўз ҳақлигини билгани учун қаттиқ қизишиб кетарди. Баъзи ўзини билмаганлар аламнинг зўридан уни тепиб, уриб-сўкиб юборишарди. Суқрот эса кулиб тураверади. «Нега сизни тепган кишига муносиб жавобини бермайсиз?» — деб сўрашса, Суқрот: «Эшак мени тепса, нима, эшакни қозига етаклашим керакми?!» — дерди. Ҳеч качон ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қилмасди. Бу Суқротнинг қўрқоқлиги эмас, унинг буюк инсоний ҳаё эгаси бўлганлигидан эди. Ҳаё уни кимсанинг шаънини ерга уриш, топташга сира йўл қўймасди.

 

* * *

Қадим-қадимлардан хоҳиш дер эдик. Ке­йин-кейинлар ислом диний маданияти таъсирида тилимизга «тақдир», «қадар», «қазо», «таваккал», «таваккул», «ихтиёр» ва «ирода» деган сўзлар, тагида жуда мураккаб мафҳумлар яшириниб ётган тушунчалар кириб келди. Ислом динида, исломий маданиятда ирода — қазо ва қадар тушунчалари билан чамбарчас боғланган. Бир замонлар шу тушунча атрофида қадарийлар мазҳаби вужудга келган эди.

Ирода атрофида фикрлаш донишмандлар ва файласуфларнинг энг кўҳна замонлардан бери суюмли машғулотлари сирасига киради. Буюк немис файласуфи Артур Шопенгауэр «Олам ирода ва томоша каби» деган қалин асар ҳам ёзган ва иродани азалдан мавжуд қадар деб тушунтиришга уринган. Одамларни — европаликларни ирода ва томоша зимнида қандай инсонга муносиб яшашга ўргатишга, барча ҳаёт маромларининг марказига ҳамдардликни қўйишга ҳаракат қилди.

Одамзод хамиша туғилиш ва ўлим ўртасида яшайди. Унинг умри вақти чегараланган. Шунинг учун «ирода эркинлиги» деганда, кўплар ва ҳатто улуғ файласуфлар ҳам шундай эркинлик бўлиши мумкинми? Ахир, одам чегара ичида истиқомат қилади. Унинг хоҳишлари шу чегарадан ташқарига чиқиб кетолмайди. Ирода азалдан, олдиндан белгилаб қўйилган ҳодиса деб айтадилар. Ирода эркинлиги тушунчаси «инсон эрки» тушунчаси билан туташ, қариндош. Қолаверса,   ҳозирги замонда инсоннинг яшаш ҳақ-ҳуқуқларидан — уларнинг жамидан ирода рўёбга чиқади.

 

* * *

Умуминсоният иродаси инсониятни у қаерда яшамасин, қаерда туғилмасин, қайси ирққа мансуб бўлмасин, бирлаштириб туради. Инсоният бошига хавф тушган кезларда бирлашади. Акс ҳолда инсоният фашизм вабоси ёхуд термоядро жалалари остида аллақачон йўқолиб кетган бўларди. Бу умуминсоният иродаси уруш офатларига қарши курашда, диний, миллий, ирқий терроризмнинг хавфини биргаликда бартараф этишда, табиат экосистемаларини омон сақлаш учун ҳаракатларни актуаллашувида, технологияларни ер юзи табиатида кечадиган чексиз жараёнларга оқилона мувофиқлаштиришга уринишларда тобора кучайиб кўзга ташланмоқда. Табиат бугун инсониятдан ўзини сақлаш, муҳофаза этиш йўлида фаоллашувларни тобора катъият билан талаб қилмоқда. Ё ҳаёт, ё мамот… Одамзод бундан келиб чиқадиган барча зиддиятли карама-қарши ҳодисаларнинг бирини танлашга мажбур.

 

* * *

Ирода эркинлиги улуғ маънавий неъмат. Лекин ирода сустлиги бу туганмас кулфат, ҳасрат ва надоматлардир. Бориб турган хорлик, қашшоқлик ҳам ирода сустлигидан, асло бошқа нарсадан ёки бошқанинг қилиғидан эмас. Қарамлик, тобелик, қуллик каби сал-пал ўзини билган инсон асло тоқат қилолмайдиган ўта аянчли ҳодисаларнинг битта қолмай ҳаммаси иродасизлик, сустликнинг эшигидан кўчага чиқиб тарқалади.

Айрим тоифа одамлар иродасиз яшаш — пассив ҳаёт кечиришни ўзларига қулай деб биладилар. Қорин ғамидан бошқани ҳатто хаёлга ҳам келтирмайдилар. Ўз иродаларини қулчилик ва тобеликка бўшатиб берадилар. Бўйсунишда, иродасизликда беҳад ҳаловат, тинчлик, шукргузаронлик топадилар. Албатта, тақдир, қазову қадар, пешанада борини кўриб, охир-оқибат ҳисоб-китобдан ҳеч ким холи эмас.

 

* * *

Одам муҳаббатсиз яшай олмайди. Муҳаббат бўлмаса, ҳар қандай мол-дунё, обрў-эътибор татимайди. Ёш ўтиб муҳаббат ўлади, ўрнига иззат-икром келади, дейишади. Шундай бўлиши мумкинми? Муҳаббат ўрнини иззат-икром боса оладими? Йўқ. Муҳаббат ўлиши мумкин, агар уни ўлдирсангиз. Муҳаббат яшнаши мумкин, агар уни яшнатсангиз. Бу ноёб ҳодиса инсоннинг ихтиёр-иродасига, ўзини нималарга ва қандай тайёрлаганига боғлиқ. Одам ўзида ўлмайдиган муҳаббатни тарбиялаган бўлса, бундай муҳаббат, билингки, тўқсонда ҳам ўлмайди. Тўқсонда ҳам одам ёш йигитлардек ишқий ғазаллар ёзади, мўйқалами ўта ҳассос сувратлар чизади, одамзодни лол қиладиган ажиб мусиқалар яратади. Инсоният бунинг кўп ажо­йиб мисолларини билади.

 

* * *

Ватанпарварлик ва миллатпарварлик сингари эътиқодий ҳодисаларни ҳам фақат маънавият билан чамбарчас боғлаган ва ундан заррача айрилмаган ҳолдагина тушуниш, шунга яраша саъй-ҳаракатда бўлиш ҳар бир халқ учун чин мўъжизалар яратади. Маънавиятдан маҳрум ватанпарварлик ва миллатпарварлик ўз-ўзинигина кўр-кўрона севишга, димоғдорликка, такаббурликка олиб боради, аслини олганда, такаббурликнинг жаҳолатдан сира фарқи йўқ. Такаббурлик ҳам, жаҳолат ҳам, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслик, беписандлик ҳам — маънавиятсизликдан ҳосил бўлади.

 

* * *

Баъзан ҳаяжонларимни яширолмай қолган кезларим: агар ҳамма кунларимни бир ерга йиғсам, сенинг Ўзбекистон, лоақал бир сониянгча бўлмас! — деб ҳайқиргим келади. Кўксимдан отилиб келаётган сўзлар, туйғуларни тўхтатолмайман: ЎЗБЕКИСТОН!

ТАН БЕРАМАН: СЕН ОТАСАН! ТАН БЕРАМАН: СЕН ОНАСАН! ТАН БЕРАМАН: СЕН МУРАББИЙСАН!

Шавқларга тўлиб ёш боладай санасам, ўнсан. Барча яхшиликларда ёнимда ўнгсан.

Менинг ҳаёт ва тириклик қовурғаларим сенинг ўн ҳарфингдан бино бўлган, яъни:

Ў — ўзлигим, ўктам забоним

3 — зеби жаҳоним

Б — бағри кенг баланд осмоним

Е — етмиш минг асрнинг жонли садоси

К — кўзим қароси

И — иймон сафоси

С — сузугим

Т — тузугим

О — ороми жоним

Н   —   Нону тузим — ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Сен ёлқиним, сен тўлқиним ва мени маъзур тутгайсан бу кўтаринки сўзларим учун.

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.