Бир Шотландиялик фермер уйига қайтаётиб, ботқоқлик бўлган бир ернинг ёнидан ўтар экан, бирдан ўша тарафдан ёрдам сўраб бақираётган овоз эшитилди.
Фермер овоз келган тарафга югурди. У ерда ботқоқлик ўзининг ифлос қаърига тортаётган бир болани кўрди. Бола ўзини ботқоқликнинг қўрқинчли зичлигидан чиқаришга чиранар эди. Лекин унинг ҳар бир ҳаракати билъакс, унинг тобора чўкишини тезлатарди. Бола тиришганча, қўрқувдан бақирар эди. Фермер тезда дарахтнинг қалин бир шохини синдириб олди. Ҳалоскор эҳтиётлик билан шохни чўкаётган болага узатди. Бола шохга ёпишиб, унинг ёрдамида хавфсиз ерга чиқиб олди.
Болани кучли титроқ босган эди. У узоқ вақт кўз ёшларини тўхтата олмади, лекин асосийси, у қутқарилган эди!
– Юр мен билан, уйимга олиб бораман, – таклиф қилди фермер. – Сен ўзингга келиб олишинг керак, қуриниб ва исиниб олишинг лозим.
– Йўқ-йўқ, – бола бошини чайқатди, – мени отам кутяпти. У жуда хавотир олаётган бўлса керак.
Бола ўз ҳалоскорининг кўзларига миннатдорона тикилиб турди-да, югурганча кетди…
Эрталаб фермер, уйининг олдига дабдабали извош келиб тўхтаганини кўрди. Унга зотли отлар боғланган эди. Извошдан қимматбаҳо кийимлар кийган бир жаноб тушди ва фермердан сўради:
– Менинг ўғлимнинг ҳаётини кеча сиз сақлаб қолган эдингизми?
– Ҳа, мен, – жавоб берди фермер.
– Мен сизга қанча тўлашим керак?
– Мени хафа қиляпсиз, жаноб. Сиз менга ҳеч нарса қарз эмассиз. Чунки, мен оддий одам қандай ҳаракат қилиши керак бўлса, шундай ҳаракат қилдим холос.
– Йўқ, мен буни шундай қолдиролмайман. Чунки, ўғлим мен учун жуда қадрли. Сиз уни қутқариб қолдингиз. Истаган пулингизни сўранг, – қистади ташрифчи.
– Мен бу ҳақда ҳеч нарса гапиргим келмаяпти. Хайр.
Фермер кетиш учун ўгирилди. Шу вақт унинг елкасига ичкаридан ўғилчаси чиқиб осилди.
– Бу сизнинг ўғлингизми? – сўради кибор меҳмон.
– Ҳа, – ғурур билан жавоб берди фермер, ўғлининг бошини силаганча.
– Келинг бундай қиламиз. Мен сизнинг ўғлингизни ўзим билан Лондонга олиб бораман. Унинг таълим олиши учун барча харажатларни тўлайман. Агар у сиздек олийжаноб инсон бўлиб етишса, у ҳолда сиз ҳам, мен ҳам бу қароримиздан афсусланмаймиз…
Орадан йиллар ўтди. Фермернинг ўғли мактабни тугатди. Кейин тиббиёт университетини. Тез орада унинг номи пенициллин кашфиётчиси сифатида дунёга танилди. Унинг исми Александр Флемминг эди.
Уруш арафасида Лондоннинг бойлар учун клиникасига ўпканинг ўта шамоллаши ташхиси билан ҳудди ўша жанобнинг ўғлини келтиришди.
Бу гал унинг ҳаётини қутқариб қолинишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз? – Ҳа, Александр Флемминг томонидан кашф қилинган пенициллин. Флеммингнинг таълимига кўмаклашган жанобнинг исми Рандольф Черчил эди. Унинг ўғлини эса Уинстон Черчил дейишарди. Ўша, кейинчалик Англиянинг премьер-министри бўлган Черчил.
Уинстон Черчил айтган эди: «Сен томондан қилинган эзгулик, албатта, сенга қайтади».
Русчадан Шоолим Шомансуров таржимаси