68-йил симфонияси садолари

0
374
марта кўрилган.

«68-йил симфонияси садолари» китоби “Истиқлол” нашриётида чоп этилган. Ушбу  асар 2018 йилда чоп этилган ”Сабоқдош журналистларнинг 68-йил симфонияси” деб номланган мажмуанинг мантиқий давоми. Унда 1968-1973 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида бирга ўқиган курсдошларнинг турли жанрларга мансуб ижод намуналари жой олган. 

Публицистика, ҳикоялар, шеърлардан иборат жамламанинг тўпловчиси “Йилнинг энг яхши журналисти” танловлари ғолиби, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Холмурод Алланазаров, тақризчи Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад.

 – Очиғини айтганда, қалам учи билан рўзғор тебратиш, қора қозонни қайнатиш, бола-чақа, орзу-ҳавас деганларидек… 37 нафар сабоқдошларимиз орасида мухбирлик гаштини сурган (ҳамон давом эттираётган), таҳририятга бош муҳаррирлик қилган, турфа раҳбарлик лавозимларини эгаллаганлар кўп… Шу жиҳатдан ҳам курсдошларимизнинг фарзандларимиз, яқин-йироқларимиз, янада муҳими, касб-коримиз олдида юзлари ёруғ!,– дейди китобнинг “Икки оғиз сўз” номли сўзбоши ўрнидаги мақоласида Хуршид Дўстмуҳаммад.

Сабоқдош дўстларимнинг ташаббуслар майдонидаги саъй-ҳаракатларига, ижодиёт  бўстонидаги тафаккуриётларига улуғвор омадлар тилаб қоламан.

Ушбу жамламадан  каминанинг ҳам ижодидан намуналар ўрин олган. Улардан бири – ”Ўтмишдан хотиралар ёҳуд нок тўкилди ҳикоясидир. У Сизга маъқул келса хурсанд бўламан, азиз китобхон. 

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ўтмишдан хотиралар ёҳуд нок тўкилди (ҳикоя) 

Эҳтиром ила бобо ва момоларим хотирасига бағишлайман.

 Осмону фалакни қора булут қоплаган. Шимол томонда узоқлардан момоқалдироқнинг гумбирлаган садоси эшитилиб, гоҳ-гоҳида чақмоқнинг ялтираган нурлари атрофни бир зум ёритиб яна ўчади.  Ёлғиз от қувиб кетаётган йўловчи тезроқ манзилга етиб олиш учун отини тинимсиз ниқтайди. “Ҳеч қачон сенга бугунгидек озор бермаган эдим. Бироқ фожеа юз бермасдан етиб олишимиз керак. Ҳозир ёмғир шариллаб қуйиб қолса, иккаламиз ҳам баттар азобда қоламиз”. Дея шивирлаб, отининг ёлини сийпалаб, суҳбатлашиб ҳам  қўяди.

Йўловчи бошини ёстиққа қўйиб эндигина кўзи илинган эди. Укасини дор тагида кўрди, кўзи ожиз бобонинг “орқага қайт” деган овози янгради. Апил-тапил кийиндида, йўлга тушди. Мана энди ярим кечада от чоптириб кетяпти. Аслида ўзи ҳам оти ҳам куни бўйи йўл юриб, тери йиғиб толиққан эди.  Йўлга чиқиши эса яна ортиқча бўлди. Хаёлидаги ваҳималарни қувиш ниятида яна оти билан гапириша бошлади. Қоранғи тунда кимсасиз йўлда бундан бошқа имкон ҳам йўқ.

 “Йўл азоби гўр азоби”- дейди донишмандлар. Бугун айнан ҳозир шуни жуда чуқур ҳис қилдим. Йўллар ўнқир-чўнқир бўлмаганида  иккаламиз ҳам бунчалик қийналмасдик”.

Шу маҳал от қоқилиб, устида ўтирган чавандоз учиб кетишга сал қолди. От ҳам чавандоз ҳам тезда ўзини ўнглаб олди. Қоронғи тунда ёлғиз кетаётган одам яна ўзи билан гапиришга тушди. “Хоразм билан туркман овулларининг ўнқир-чўнқир йўлларида рўзғор ташвиши деб иккаламизнинг умримиз ўтиб кетаяпти.”

Шу пайт табиат унинг гапини тасдиқлагандек, момоқалдироқ ваҳима билан гумбирлаб, чақмоқ дала-даштни ёритиб ўтди. Бу сафар момоқалдироқ ваҳимаси ҳам чақмоқ шуъласи ҳам унинг ёнгинасидан ўтгандек бўлди.

 “Бундай ваҳимали тунда  паранда-ю дарандалар ҳам инидан ташқарига чиқмайди, сенга нима бўлди, тонг отгунча сабр қил” деб маслаҳат берганди  туркман дўсти. “Шуниси яхшида қашқирлар тўдаси  ҳужум қилмайди, бехосдан илонни босиб олмайсан. Бу ёғи Оллоҳга таваккал” дея жавоб қилганди. Ёнида момоқалдироқ гумбирлаб чақмоқ чақиб ўтгандан кейин ёмғир шариллаб қуйиб берди. У хуржинидан ёмғир пўшини олиб кийди.  Хотини тикиб берган боши билан бирга ўраладиган ёмғирпўш жонига ором берди. Жиққа ҳўл бўлишдан асради.  Бироқ ерлар шилта бўлиб, отнинг юриши  қийинлашди, тезлиги секинлашди. У тонггача қишлоққа кириб боришни ният қилган эди.

Яна ўзи билан гапириша бошлади: “Халқимизда юз масжид, юз масжиддан 10 ичик(қудуқ), ўн ичикдан бир гечик(кечув-йўл) авло(афзал) деган маталнинг борлиги ҳам бежиз эмас. Демак йўлларни ободонлаштириш масжид қургандан ва сув чиқаргандан афзал экан.  Оиламда тинчлик бўлиб турсин илоҳим, эртадан-оқ қишлоқ йўлларини обод қилишни бошлайман. Иссиқда пўрсиллаб турган тупроқ ёмғир билан қоришиб, отни юришини янада қийинлаштирди. “Жониворим, бу йўлларни сен билан кўп кечиб ўтганмиз, яна озгина чида” деб гапириб, отининг ёлинини яна сипалаб қўйди.

Қишлоққа яқинлашганида хўроз қичқириб тонг ёришишидан дарак берди. Шариллаган ёз ёмғири ҳам орқада қолди.  У яна оти билан гапириша бошлади: “Биз томонларга ёғингарчилик эртага келса керак. Ҳозир оилам тинч бўлса  сўлим боғ қўйнидаги тош ҳовузга бир калла ташлаб дам оламан. Сени ҳам хафа қилмайман. Отбоқарлар ёпда чўмилтириб, ювиб-тараб қўйишади” дея яна унга меҳрибонлик кўрсатди.

Қишлоқнинг кираверишида гужум соясидаги  супада ўтирган кўзи ожиз  бобо унга кечаси кўрган тушини қайта эслатди. Кўзи ожиз бобо уни ҳамиша ғойибдан ҳавфдан огоҳлантирарди. Кеча тушига кириб уйингга қайт дея ишора қилганди. Кўнгли ненидир сезиб  тезда ишларини чала ташлаб бўлсада ортига қайтди. Ҳали пойафзал фабрикасига топшириши керак бўлган терини қишлоқлардан  тўла йиғиб бўлмаган эди. Барча ишни ёрдамчисига юклади-ю, туркман дўст-у ёронлари билан ҳам хайр-хўшни насия қилиб орқасига қайтди. “Қишлоқдагиларга тери ошлашдан ҳар сафар сабоқ бераман. Терини ошлашига қараб нарх белгилашимни айтаман. Уч хил баҳога оласан. Яхши ошлангани энг юқори нав, ёмонроқ ошлангани пастроқ, умуман ошланмагани унданда паст. Белгилаган нархимдан оширмайсан ҳам туширмайсан ҳам”. Дея қайта-қайта тайинлаб йўлга тушди. Мана энди тушидан ваҳимага тушиб отини ҳам ўзини ҳам қийнаб ярим кечада от суриб кетяпти.

 Укаси чўкиб кетиш олдидан ҳам шу кўзи ожиз бобо огоҳлантирганди. Тушида укасини сувдан тортиб чиқаётгани кўз олдида намоён бўлган  ва кўлга қараб от сурганди. Укаси Ғовук кўли бўйларидаги серўт жойларда ўзларига қарашли яйловларда чорваларни боқиб юришга бош — қош эди. Иш ўргансин дея чўпонларнинг ёнига юборганди. Чунки раҳматлик отаси уни ҳам гўдаклигидаёқ меҳнатда чиниқтирган бўлиб бу ота-бобо мерос анъана эди.

Оиласи оғир шароитда бўлса, қулоғида ҳамиша кўзи ожиз бобонинг кескин овози жаранглар ёки бирор ишора берарди. Бу қандай сир-синоат ўзи ҳам тушунмас, бу ҳақида ҳеч кимга, ҳатто бобонинг ўзига ҳам айтган эмас. Улар бу ҳақида бир оғиз гапиришмасада, бир-бирига жуда меҳрибон эдилар. Улуғвор меҳр-оқибат уларни боғлаб турарди. Шу-шу у отахонни жуда иззатлар, уни тез-тез йўқлаб турар,  сафарлардан совғалар олиб қайтарди.   Бу қандай сир-синоат бўлди деб ажабланарди Ҳожибой оға.

Ассалому алайкум, бобо.

Ҳожибоймисан. Тез чоп уканг.

 У ноғора саси келаётган томонга қараб  отини ниқтади.  Узоқдан қишлоқ аҳлини ва осишга тайёрланган  дорни кўзи илғади. 

Ҳожибой оғанинг белида ҳамиша икки белбоғ бўларди. Бири пахтадан оқ сурп, бири қизил рангли ипакдан эди. Шу икки рангни хуш кўргани учунми  ҳамиша шу иккаласини белига боғлаб юрарди. Ҳозир оқини ечди. Уни юқори кўтариб майдонга караб от сурди. От дупирини эшитиб дорни ўраб турган оломон  иккига бўлиниб, унга йўл берди. У қўлидаги оқ белбоғни укасининг оёғи остига ташлади.

Қонга қон, жонга жон, — дея ҳайқирди.

Хон навкари бир ишора билан ноғорачини чалишдан тўхтатди.

Бир пасда тўдадагилар ҳам Ҳожибойнинг сўзларини такрорлаб, “Қонга қон, жонга жон” дея қўллаб қувватлашди. Қишлоқни кучли ҳайқириқ қамраб олди. Хон навкари укасининг оёғи остидан белбоғни олиб:

Бўйи баравар тиллага розимиз, – дея жавоб қилди.

Аравада ҳиқиллаб ўтирган қиз томонга ҳам қараб қўйди. Агар жанжал сабабчисини ҳам қайтариб олиш нияти бўлса, яна икки баравар қўшиши лозим эди.

Бу дегани  дор остидаги кишининг ёши айтилиб, уни ўн баравар кўпайтирилиб хуни тўланиши кераклигини билдирарди. Укаси хон араваси йўлини тўсиб қизни олиб қолишга ҳаракат қилибдими, демак у укаси учун азиз, агар ҳозир уни ҳам қайтариб олмаса, укаси бир балони бошлаши аниқ. Онаси укасини уйлантириш лозимлигини айтганида сафардан қайтгач гаплашамиз, эна деганди.

Хаёлидан лип этиб “қаъладан кўчиб келган Матёқубнинг қизи бўлса керак” деган сўзлар кечди. “Нега бизнинг қишлоққа кўчиб келяпсан” деганида, “Ёлғизгина қизим бор. Шаҳарни хон арава айланганида унинг номи тилга тушибди. Ёлғизимни ўтга отмайман-ку. Сизнинг қишлоқингизга хон арава кирмас экан”, дея жавоб берган эди. “Укам бу қизни қачон топиб улгурди экан. Қишлоққа келганига кўп бўлмади”.

Ҳожибой оға  хон арава қишлоқни айланмаслиги учун унинг каттасига ўлпон тўлаб турарди. “Демак бу ишга янги киши тайинланган” кўнглидан ўтказди у.

  У ўзининг хазинадори бўлган Эшмат укасига қаради. Ука ҳам  акасининг қарашидан тушунди. Оломон орасидан  чиқиб, аканинг  отини олиб  уйи томон елдек учди. Эшмат ҳам оғир вазиятдан қутқарган акасидан миннатдор бўлиб кетди. Дор остидаги укасига қараб нима қиларини билмай турган эди. Айни пайтда эллик кишилик қозон қайнайдиган хонадоннинг етакчиси йўқлигида бир қарорга келиши қийин кечаётганди. Бир томонда эллик кишилик хонадоннинг рисқи  бир томонда укаси тарозида турарди. Акам бундай пайтда нима қиларди, дея ўзидан сўраб турганида даврага кириб келди.

Эшматнинг кўз олдидан болалигидаги воқеа кечди. Етти ёшида Ғовук кўлда чўкиб кетгани, нафаси қайтиб тор туйнукка тушиб қолгани,  кетидан акаси келиб туйнукдан тортиб чиқариб  нурли бир кенгликка олиб чиққани хаёлидан лип этиб ўтди.  Ўшанда ҳам акаси қутқариб колганди. Яна акаси вақтида етиб келди. У қандай билар экан-а. Бу тасодифми ёки сир-синоатми. Акаси бу сирни ҳеч айтмайди. Хазинадор ука елдек учган бўлса шу зайлда  қайтди.

 Оқ белбоғ дор остига ёзилди. Ўн саккиз ёшли укасининг хуни 180  тиллага баҳоланган эди.

Ҳожибой оға тилла тангаларни товуш чиқариб бир-бир санаб оқ белбоғга ташлайверди. У бир деганида халқ унинг кетидан бир дер, икки деганида икки дер. Қишлоқ аҳли олдида бир юз саксон тиллани бир бир санаб белбоғга ташлаб бўлгач, навкар уни тугди.

Барча жўр бўлиб тангаларни санар экан, дор остидаги уканинг кўзи хон аравадаги қизда эди. Дурра қайта ёзилиб, қишлоқ аҳли жўрлигида қизнинг хуни тўланди.

–Қишлоққа бундан кейин кирмасдан айланиб ўтишинг учун яна шунча ўлпон тўлайман, – дея ҳайқарди Ҳожибой оға.

“Авваллари бундай  сўровлар яширинча бўларди. Хоннинг обрўси кетдими ёки мен ўзгариб, димоғдор бўлиб қолдимми? Тавба қилдим. Оллоҳим димоғдор бўлсам ўзинг кечиргин” дея кўнглидан ўтказди.

Ҳожибой оғанинг овози ўткир эди. Қишлоқнинг бир чеккасида туриб бақирса, иккинчи чеккасидагилар эшитишарди.  Овозига яраша савлати бўлиб, қишлоқ аҳли орасида турса, уни бемалол  таниб олиш қийин эмасди. Шунинг учун Ҳожи дарға деган лақаби ҳам бор эди.  Кўп гапирмас, лекин гапирса қатъий кескин ва кесиб гапирарди. Шунинг учунми кўпчилик уни ҳайбатидан ҳайиқарди. Уни алдаб ҳам бўлмасди. Унга ялтоқланиш ҳам ўтмасди.  Чунки, бу хусусиятларни ёмон кўришини барча қишлоқдошлари яхши билишарди. Чунки ялтоқланиш, ёлғон сўзлаш деган нарсалар ўзида ҳам йўқ эди.

Дўрмон қишлоғидаги барча ерлар унга қарарди. Қўрғони ҳам қишлоғи ҳам ён атрофдаги қишлоқлардан ажралиб турарди.  Мевали боғлар билан ўралган тошҳовузли  гўзал маскан эди. Қўрғонда ака — укалардан иборат ўн оила яшарди.  

Амударё бўйидаги тўқайзорларга туташиб кетган бу қишлоқнинг эркаклари Ҳожибой оға  етакчилигида шоли, буғдой экиб, чорвачилик билан кун кечиришарди.  Тегирмонни айлантирадиган икки ўркачли туялар ҳам, бозорга ҳар куни юк қатнайдиган арава тортадиган оту эшаклар ҳам тиним билмасди.

Аёллари чиғир йигириб гилам, бўз тўқирди. Тиккан чопонлари қалъада ҳам машҳур эди. Айниқса кейинги пайтда йўлга қўйган теридан бўлган ёмғирпўшлари жуда хоридоргир эди.

Кейинги пайтда марҳум отасининг дўстлари билан топишиб, уларнинг пойафзал фабрикасига тери ҳам етказиб бера бошлади. Аслида Ҳожибой оғанинг отаси улар билан азал-азалдан олди- берди қилган териларни ошлаб етказиб бериб турган. Улар махси, хўржин каби нарсалар тикишган. Энди оёқ-кийим  тикадиган фабрикани йўлга қўйишди. Ҳожибойни излаб топишди.

Улуғвор хонадоннинг етакчилиги отасидан кейин унга қолди. Отаси ёлғончи оламни эрта тарк этишини билгандек савдо-сотиқ ва деҳқончилик сир-синоатларини бош ўғли Ҳожибойга ўргатган эди.

 Ҳожибойга суяниб қолган қўрғон аҳли айни дақиқаларда у йўқлигидан жар ёқасида тургандек, тиканлар устида юргандек эди. Мана муаммо ҳал бўлди. Ҳожибой оға билан катта ҳовлига осойишталик энди.

Кенг биёбонда кеча гулдираган момоқалдироқ ҳам орқада қолган, осмон мовий бўлмасада осойишта эди. Бироқ, яқинлашиб келаётган чақмоқ-у момоқалдироқдан дарак -белги бериб турарди.

– Эна, бугун Матёқубнинг уйига чиқинглар қизини бойга беради-ма? Кўнглини сўранглар. Бугун-оқ тўйни бошлаб юборамиз,–топшириқ берди Ҳожибой.

– Келиннинг қалинини хон хазинасига тўламадингиз-ма? – сўради ёсдиқдоши Бибижон эна.

– Ота рози Оллоҳ рози–қисқа жавоб қилди Ҳожибой.

–Бойингни айтганидан чиқма, сени давлатбошинг шу, – ўргатди янгаси Ойлар момо унга ва орани юмшатиш учун изоҳ берди – Биз аёллар рўзғорнинг бирини икки қилиб тугиб қўйишни хуш кўрамиз, бу  одат момо Ҳаводан мерос бизга. Оллоҳим Одам Ато билан момо Ҳавога ризқ-икки нон берганида Одам ота ўз улиши тўлиқ еган, момо Ҳаво эса ярмини исътемол қилиб ярмини тежаб олиб қўйган. Оллоҳдан садо келган: Мени эртага ҳам рисқ беришимга ишонмадингми. Бугунги баъзи етишмовчиликлар ана шу хатомизнинг сабабидир. Тўй қиламиз, янги оилага уй қурамиз деймиз.

  – Ундай бўлса бугун қалъага бормоқ керак. Сартлардан қизил читлар келтирмоқ керак, – деди яна иккинчи янга гапга аралашди.

–  Бир тўйга етарли баржиги бор, –  жавоб қилди хазинадор ука.

Уларнинг тилида қалъа – шаҳар, сарт – шаҳарлик, бой – эр, баржиги-барчаси, ҳаммаси деган маънони англатади.

Момолар янги либос кийиб, тоза  лачак ўраб йўлга тушдилар. (Лачак – бошию бўйинларини ўраб турадиган оппоқ рўмол). Лачакнинг учида сандиқнинг калитлари жаранглаб юради. Кўйлакларининг енглари узун. Қўллари кўринмайди. Ёз кунларида ҳатто кўйлакнинг енги елпиғич ўрнига ўтади. Ҳатто бу енглар билан кулгиси келганида юзи ва оғзини бекитишар эди.

– Сартларнинг келинлари эналари билан гапиришмай, тарс ёрилиб кетмай-ма. Матёқуб ҳам сартлардан дея гап отди уларнинг бири.

Аёлларнинг ўзаро суҳбатлари қизиб кетди.

Хоразм халқининг аксариятига хос бўлган қайнона-келиннинг гаплашмаслик анъаналари бу қўрғонликларда йўқ эди.

– Вий-бий, энажон, бўйгинангдан айланайин, деса бўлмай-ма, яйраб гаплашса бўлмай-ма, – ажабланади улар. Улар бўлажак келинга урф-одатларни ўргатиш борасида бир- бирига маслаҳат бера бошладилар.

Яна дўрмонликлар орасида ғассол йўқ. Улар суягини бировга тутқазишни уят ҳисоблашади. Марҳумни охирги йўлга кузатишдан олдин покизалашга ўз яқинлари киришади.

Шунингдек, улар қизларини «сарт»ларга узатишса-да, ўлганидан кейин суягини уларнинг қавмида (хилхонада) қолдиришмайди. «Шунча йил хизматида тик тургани етар, ўғил-қиз туғди, фарзу қарзини бажарди. Боқий оламда ҳур бўлсин», дейишади. Марҳумани ўз қавмига (хилхонасига) қайтаришади. Ҳурликни энг олий неъмат ҳисоблашади.

Улар ана шу урф-одатларни, қўрғоннинг ўзига хос муомала-маданиятини ким қандай ўргатишни тезда келишиб олишди. “Учратган ҳар бир одамни Хизир бил” деган ҳикматли сўзларга амал қилиб яшайдиган қўрғонликлар ҳамишагидек бирпасда вазифаларни бўлишиб олишди. Қўрғонлик аёлларнинг беғубор суҳбатларини эшитиб, Ҳожибой оғанинг ҳовузга чўмилиш истаги ҳам эсдан чиқди. Уларни кузатиб «ҳар бири ўзи бир олам» дея кулимсираб қўйди!

Хотини ҳовуз бўйидаги қамиш тўшалган супага кигизни ёзиб, атлас кўрпачалар  ташлаб, дастурхон ёзди. Аввало, дастурхонга эри суядиган нокларни келтирди. Ушбу ноклар Ҳожибой оғага ота-бобосини  эслатарди.

Болалигида улар ёз паллаларида нок тагида пашшахоналар қуриб ухлашарди. Пашшахоналарнинг чор-атрофи оқ докадан тикиларди. Тепаси оқ сурп билан қопланарди. Эрталабгача пашшахонанинг усти нокларга тўлиб кетарди. Бирортаси заха емасди.  Саҳарлаб турган бола-бақралар нокларни талашиб-тортишиб пашшахона устидан йиғиб олишарди. Бобоси  эккан бу ноклар эндигина ҳосилга кирган паллаларда қўрғоннинг рамзий қўшиғи тўқилиб, биринчи ҳосил териб олишда уни куйлаш  урф-одатга айланган эди. Тилладек товланиб, тиши ботган заҳоти сувлари сачраб завқ ила иштаҳани қитиқларди. Ким кўп нок теради дея беллашувлар ўйнашарди. Беллашув олти ёшдан ўн икки ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказиларди. Ҳовуз бўйида териб қўйилган челаклар олиниб, улли ҳовлининг кичкинтойлари иш бошлаётган пайтда 12-15 ёшли болалар “нок тўкилди” қўшиғини куйлашарди. Бу болаларга бобомерос қўшиқ. Шеърни ҳам мусиқани ҳам бобоси яратган бўлиб,  мева териш байрами ана шундай бошланарди. Чунки,  боғларидаги энг эртапишар мева ҳовуз бўйидаги ноклар эди. У анъана   ҳамон давом этиб келаяпти. Фақат бугун йиғилмай қолганди….

Нок дўкилди, нок дўкилди,

Нок етилди, маза етилди.

Нок отдим, олма отғана,

Нок сотдим узум олғана.

“Мен шоирликни даъво қилмайман. Бироқ, ўзимизнинг шиоримиз бўлиши керак” деган экан раҳматлик бобоси.

“Дарахт ҳам инсонга ўхшайди. Новда бўлади, гуркирайди, гуллайди, серҳосил мева беради.  Янги ҳосилга кирганида мевалари дуркун, йирик,  мазали, тиш тегганда қарсиллаб туради. Аста-секин қарийди, ҳосили камаяди, мевалари майдалашади. Табиат билан одам уйғун.  Ота-бобомни эслатадиган бу ноклар йўқолиб кетмаслиги учун неча марта улардан кўчат олиб янгиладим, сопладим(пайвандладим). Келажак авлодларим мени ҳам ана шундай эзгуликлар билан эслашсин. Фожеа юз бермасдан етказиб келганингга, кўнглим тинчланиб, дам олаётганимга, топганимиз эзгуликларга буюраётганига Оллоҳим ўзингга шукр”. Дея шукроналик билдириб, эзгу-ниятлар қилди.

Ҳожибой оғага чой ичиб бироз дам олгунча совчилар қайтиб келишди.

Ёнида ўтирган укаси янгиликларни эшитгиси келяпти-ю акасидан истиҳола қилиб жимгина ўтирарди. Ҳожибой оға унинг ҳолатини кузатиб кулиб қўйди.

“Бибижон, нима янгилик.” Дея хотинини чақирди. ”Совчилар қайтди. Баржигининг  оғзи қулоғида. Янги қудангиз қутлуғ бўлсин. Уларни роса сийлашибди. Сизга иним паридек ёстиқдош муборак бўлсин”. Янги куёв мен отни совутмоқчи эдим дея ўрнидан турди.  Қочишга интилгани билан хушхабарни ўғлига етказиш учун келаётган энасига тутилди.

Тандирдан янги узилган нондек ифори таралиб турган яъни буёқ ҳиди кетмаган  «68-йил симфонияси садолари» китобидан.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.