Зуҳра БЕГИМ: ОНА ТИЛИМ

0
81
марта кўрилган.

Она тилим, тоғ бағридан отилган вулқонимсан,
Ота-онам кўнглидай оқ, покиза виждонимсан.

Кўҳна тарих пештоқига битилгансан, умрбод
Онгу шуур, тафаккурни, обод этгансан, обод!

Қадим олис ўтмишимиз хотирлардан олган жой,
Абадият эшикларин очган Ўрхун-Энасой.

Юсуф Хос Ҳожиб баёти уммон ичра гавҳар дур,
Зулумотни ёритгувчи юлдуз каби ёрқин нур.

Маҳмуд Қошғарийнинг боғи  гулу чаман, бўстондир,
Ундан баҳра олган киши  маърифатли инсондир.

Аҳмад Яссавий ҳикмати дилда уйғотган ҳайрат,
Хоразмий, Қутб, Рабғузий  эл аро буюк сийрат.

Назмий сабоқ сирларини Лутфий хўб хитоб этмиш,
Навоийнинг ишқи ила номинг оламга кетмиш.

Тақдирнинг аччиқ бўрони синар ҳамон сабрингни,
Анбиёю алломалар кўтаришди қадрингни.

Жонин олиб кетгунча дор, жўшдинг Машраб тилида,
Эгилдинг, букилдинг, аммо синмадинг Ҳақ йўлида.

Ўзга юртда яшаб Бобур ўзлигин унутмади,
Улкан асарлар яратиб, рўёга юз тутмади.

Илму ирфон даҳолари жонини айлаб фидо,
Қодирий ва Усмон Носир  кўз юмди, эркдан жудо.

Жавонмардлар жасорати  кўз ўнгингда мардона,
Ойбекнинг гунг забонида яшайвердинг пинҳона.

Аждодларнинг битиклари асрларни ёд этди,
Улуғлардан қолган мерос хазинангни бойитди.

Она тилим  – ўзбек тили, жоним ичра жонимсан,
Ота-онам кўнглидай оқ , покиза виждонимсан.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.