Мана, 156 нафар юртдошимизни Яқин Шарқда уруш бўлаётган жойдан олиб келдик. Уларни Ватанга олиб келиш жуда қийин бўлди. Қанча давлатлар билан гаплашдик. Самолётни у ёққа қўндириш, террористларнинг қўлидан олиб чиқиш осон эмас. Лекин қайтардик – нима бўлгандаям улар бизнинг ватандошимиз. Энди нима қилиш керак? Нуронийлар, жамоатчилик қаёққа қараяпти? Ким буни тушунтиради? Бундай нарсалар ҳаммамизни ўйлантириши, қийнаши керак.
Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Президент
Беш юзу етмиш беш жон, тавбалар айтиб келди,
Ватанга қайтиб келди, Ватанга қайтиб келди...
Чангалзор ўрмонларда адашган тарзанлари —
Ўзбек фарзанди улар — ўзбекнинг фарзандлари.
Қариндошу қондошу кўзимизнинг гавҳари,
Шу тупроқда ҳар бирин тақдири — сардафтари.
Кимнингдир қўли касов, кимники балки, қонли,
Ай, дўстлар-ей! Дунёда адашмаган жон борми?!
Гуноҳлар тўлқин ювган излардай ўчирилди,
Кечирилди ҳаммаси, ҳаммаси кечирилди.
Боласига меҳри чўғ, танти ўзбек эли бу,
Кўкси кўкдай бепоён, Элбошимиз феъли бу!
«Авф» деган қутлуғ сўз бор, ўзбекнинг лисонида,
Меҳру муҳаббат бисёр ушбу калом қонида.
Авф туфайли дилларда ёнган ҳайрат чироғи,
Темурбек Боязидни бағрига босган чоғи.
Байдахонни оналик тахтига кўргач лозим,
Мирзо Бобур қошида Ҳиндистон қилди таъзим.
Булар-ку, олис тарих, мозийдан садо гўё,
Аммо, садолар ичра не-не ҳикмат жобажо.
Ҳаёт эса бешавқат, йўллар беҳад чигалдир,
Инсон умри азалдан нотўкис, нотугалдир.
Очун дейилмиш даҳо, гоҳ нур, гоҳ қуюн бўлган,
Ҳаттоки, Одам Ато шу қўлда ўйин бўлган.
Вақтнинг ҳар лаҳзаси чийлаб тирик жонларни,
Темирчи босқонидай тоблагай инсонларни.
Айбига бўлиб иқрор, хатосин англаганга,
Она ерга бош уриб, ҳақ йўлни танлаганга;
Оппоқ тонгдек очиқдир, ҳар ўзбекнинг эшиги,
Ўзбек юрт, Ўзбек она — меҳру вафо бешиги.
Эй! Неча йил қафасда сарнигун бўлган қушлар,
Энди ҳурсиз! Энди йўқ, ваҳмкор қурқув, тушлар.
Энди азиз заминга, сарфлаб бор кучингизда,
Фақт меҳнатдан олинг, бор алам, ўчингизни.
Буни икки ўт аро юрганлар ҳам билсинлар,
Қалбга юрт туйғусини, байроқ қилиб илсинлар.
Илсинлар-у, келсинлар, келсинлар ўз боғига,
Ўз боғининг муҳтарам боғбони ардоғига.
Бугун рўза — рамазон, эзгу-ҳислар нафлдир,
Сочингиз толасига, боғбонингиз кафлдир.
Ахир, барчамиз бир эл, бир вужудмиз — битта тан,
Гуллатайлик бир бўлиб — гулласин она Ватан!